Б+ даражадаги миллий сертификатга эга ўқитувчиларга устама берилади
2026-2027 ўқув йилидан бошлаб Б+ ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатга эга бўлган бошланғич синф ўқитувчиларига ҳар ой лавозим маошининг 15 фоизи миқдорида қўшимча устама тўланади. Бу тартиб Ҳукумат қарори билан тасдиқланди.

Б+ даражадаги миллий сертификатга эга ўқитувчиларга устама берилади.
Ҳукуматнинг 2026-йил 29-июлдаги 411-сонли қарори билан "Бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш бўйича малака имтиҳонларини ўтказиш тартиби тўғрисида"ги низом тасдиқланди.
Ушбу қарорга кўра, 2026-2027-ўқув йилидан бошлаб, бошланғич таълим мутахассислигига эга бўлган, бошланғич синфларда дарс берувчи ҳамда Б+ ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатни қўлга киритган ўқитувчиларга сертификатнинг амал қилиш муддати давомида Давлат бюджети ҳисобидан тегишли таълим тили бўйича барча фанлар учун лавозим маошига ҳар ой 15 фоиз миқдорида устама тўлаб борилади.
Низомга мувофиқ, миллий сертификат бериш бўйича ваколатли орган этиб Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги белгиланди. Сертификат олиш истагида бўлган талабгорлар my.gov.уз портали орқали электрон ариза топширишлари мумкин. Малака имтиҳонида иштирок этиш учун ариза берилган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Имтиҳон натижалари халқаро Раш модели асосида баҳоланади. Унга кўра, 70 баллдан юқори натижа қайд этганларга А+, 65–69,9 балл олганларга А, 60–64,9 балл олганларга Б+, 55–59,9 балл олганларга Б, 50–54,9 балл олганларга С+, 46–49,9 балл тўплаганларга эса С даражадаги миллий сертификат берилади.
Малака имтиҳонида талабгорларнинг бошланғич синф фанлари бўйича билими, ўқитиш методикаси ва педагогик маҳорати тест синовлари орқали баҳоланади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтганларга ҚР-кодли электрон сертификат бир иш куни ичида my.gov.уз портали орқали юборилади. Шунингдек, натижалар эълон қилинган кундан бошлаб уч кун ичида апелляция шикояти бериш имконияти ҳам яратилган.

