Зулматда бир кун: кўриш неъматини англаш учун ўтказилган кичик эксперимент
Қаҳрамонимиз Исломбек Исмоиловнинг кўзлари кўрмайди. Шунда ҳам у борига шукур қилиб яшамоқда. Оддий одамлардек эмаслигига қарамай қўлидан кўп иш келади. Kun.uz мухбири кўзи ожиз инсонларнинг ҳаётини, уларнинг ички кечинмаларини ўзида ҳис қилиб кўриш учун Исломбек ака билан бир кун давомида худди у кишидай яшаб кўрди.

**Бир кунлик зулмат: Кўриш неъматини англаш сари кичик тажриба**
Тонг отишини кўриш, яқин инсонингиз юзидаги табассумни илғаш, фарзандингизнинг илк қадамларини кузатиш, йўлда тўсиқни пайқаш, китоб ўқиш, телефон экранига қараш, ҳатто бир пиёла чойни тўкмасдан қуйиш – буларнинг аксарияти биз учун шунчалик одатийки, уларнинг қадрига кўпинча етмаймиз. Биз кўришни неъмат сифатида эмас, балки ҳаётимизнинг ажралмас қисми сифатида қабул қиламиз. Шу сабабли ҳам у борлигида сезилмайди.
Аммо бир лаҳзага тасаввур қилинг: эрталаб уйғондингиз. Одатдагидек қўлингизни телефонингизга узатдингиз. Вақтни билмоқчисиз. Экранга қарадингиз. Лекин рақамлар йўқ. Кўзларингизни ишқалайсиз. Яна қарайсиз. Аммо атроф ёришмайди. Деразадан тонг нури тушмоқда, одамлар ўз кундалик ҳаётини бошлаган, ҳамма ишга, ўқишга отланишган, аммо сиз буларни кўра олмайсиз. Сиз учун бу тонг зулмат билан бошланди.
Бундай ҳолатда ўзингизни қандай ҳис қилардингиз?
Дунёда 43 миллион инсон ҳаётини айнан шундай шароитда давом эттирмоқда. Улар учун телефон экранидаги ёзувлар, кўчадаги белгилар, автобус рақамлари ёки яқин инсонининг юзидаги ифода биздагидек кўринмайди. Аммо бу уларнинг ҳаёти тўхтаганини англатмайди. Улар ўзларига хос йўллар билан ўрганади, мослашади, ишлайди, оила қуради, фарзанд тарбиялайди, касб эгаллайди ва жамиятда ўз ўрнини топади.
Kun.uz мухбири эса ана шу ҳаётга ҳеч бўлмаганда бир қадам яқинлашиш учун ўзига ноодатий тажриба ўтказишга қарор қилди – бир кун давомида кўзларини боғлаб, кўзи ожиз инсон билан бирга яшаб кўрди. Бу тажриба кўзи ожиз инсоннинг бутун ҳаётини бир кунда тушуниб олиш учун эмас, балки уларнинг ҳаётини ҳис қилиб кўриш, уларнинг кундалик ҳаёти, дуч келадиган қийинчиликлари, кучли томонлари ва биз кўп ҳолларда сезмайдиган неъмат – кўриш қобилиятига шукур қилиш ҳиссини томошабинларга етказиш мақсадида ўтказилди.
Бугунги экспериментимизда Исломбек Исмоилов бизга ёрдам бердилар. Қаҳрамонимиз – Ислом ака Исмоилов 1983-йилда Тошкент вилояти Тошкент тумани Келес ҳудудидаги Ғиёс Умаров жамоа хўжалигида туғилган. Исломбек ака 6 ёшигача атрофни оз бўлса-да кўра олган. Аммо кейинчалик у кўриш қобилиятини бутунлай йўқотади.
Бу ҳолат ҳар қандай инсон учун оғир синов бўлиши табиий. Лекин Исломбек ака бу синов олдида таслим бўлмади. Ўзини йўқотиб қўймади. Аксинча, ўқишни, изланишни ва ҳаётда ўз йўлини топишни давом эттирди. У 6 ёшидан бошлаб кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатда, 77-сонли “Нурли маскан” мактабида 10 йил таълим олди.

