Зерикиш — вақтни беҳуда ўтказиш эмас: унинг кутилмаган 4 фойдаси

**Зерикиш — вақтни беҳуда ўтказиш эмас: унинг кутилмаган 4 фойдаси**
Зерикиш — бу бекорчилик ёки атрофдаги нарсаларга қизиқиш йўқлиги сабабли юзага келадиган руҳий сиқилиш ҳолати. Бироқ, замонавий инсон учун зерикишга вақт топиш қийин, чунки қўлимизда доим смартфон, унда эса филмлар, китоблар, кулгили видеолар ва мемлар мавжуд. Миянинг нима билан банд эканлиги унчалик муҳим эмас — муҳими, доим қандайдир фаолият бор ва биз ундан завқ оламиз.
Шунга қарамай, баъзан телефонни четга қўйиб, мусиқа ва бошқа чалғитувчи нарсаларсиз, шунчаки жим ўтириб зерикишга имкон бериш керак. Бунинг камида тўртта сабаби бор.
**1. Зерикиш ижодий фикрлашни рағбатлантиради**
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, зерикиш инсонни ноодатийроқ фикрлашга ва ижодий иш билан шуғулланишга ундаши мумкин. Бу борада катта тадқиқотлар етарли бўлмаса-да, кичик тажрибаларда зерикиш ва креативлик ўртасида боғлиқлик аниқланган.
Масалан, бир тажрибада 100 киши икки гуруҳга бўлинган. Биринчи гуруҳ иштирокчилари бир қўлда икки хил ловияни рангига қараб ажратиш каби зерикарли ва бир хил ишни бажарган. Иккинчи гуруҳ эса ловиялардан ижодий аппликация тайёрлаган. Шундан сўнг барча иштирокчилар баҳсда қатнашган, уларнинг ғоялари эса мустақил экспертлар томонидан баҳоланган. Натижада, зерикарли ишни бажарган биринчи гуруҳдагилар иккинчи гуруҳга қараганда кўпроқ оригинал ғоялар таклиф қилган.
Яна бир тадқиқотда 170 киши қатнашган. Уларнинг бир қисми ижодий топшириқдан олдин зерикарли вазифани бажарган. Бу сафар ҳам аввалги зерикиш иштирокчиларга муаммони ижодийроқ ҳал қилишга ёрдам берган.
**2. Зерикиш ҳаракат қилишга ундайди**
Бироқ, бу ерда бир жиҳат бор: ҳар қандай ҳаракат ҳам фойдали бўлавермайди. Психологлар баъзан ишларни ортга суришга мойил ёки бирор вазифани бошлашда қийналадиган одамларга бироз зерикиб кўришни тавсия қилади. Чунки ҳеч нарса қилмаслик шу қадар чидаб бўлмас ҳолга келиши мумкинки, инсон зерикишдан қутулиш учун исталган ишни бошлашга тайёр бўлади.
Тадқиқотлар ҳам буни тасдиқлайди. Масалан, бир тажрибада иштирокчилар ҳеч қандай машғулот бўлмаган бўш хонада ёлғиз қолдирилган. Улар фақат ўз хаёллари билан қолишган. Хонада битта тугма бўлган ва уни босганда одамга электр токи урган. Бу ҳақда иштирокчилар тугмани биринчи марта босганидан кейингина билишган. Шунга қарамай, иштирокчиларнинг аксарияти зерикишдан қутулиш учун тугмани яна босган.
Демак, зерикиш ҳақиқатан ҳам инсонни ҳаракатга ундаши мумкин. Аммо бу ҳаракат қайси йўналишда бўлишини назорат қилиш муҳим. Зерикишдан қутулиш учун фойдали ишга қўл уриш ҳам, зарарли одатларга берилиш ҳам мумкин.
**3. Зерикиш мураккаброқ вазифаларга тайёрлайди**
Зерикишдан қутулиш учун ўзимизга зарар етказиш шарт эмас. Бошқа бир тажрибада иштирокчилар аввал зериктирилган, кейин эса уларга ақлий ҳисоб-китобга оид топшириқлар берилган. Улар беш хил мураккаблик даражасидан бирини мустақил танлашлари мумкин эди. Натижаларга кўра, олимлар зерикиш инсонни мураккаброқ вазифаларни танлашга ундаши мумкин, деган хулосага келган. Бундай вазифалар инсоннинг ички қизиқишини уйғотиб, зерикишдан халос бўлишига ёрдам беради.
**4. Зерикиш нормал ҳолат эканини тушуниш руҳият учун фойдали**
Зерикиш кўпинча салбий ҳолат сифатида қабул қилинади. Кўпчилик зерикишни ёқимсиз ва кераксиз нарса деб ҳисоблайди. Бунга болаликдан сингдирилган қарашлар ҳам сабаб бўлиши мумкин: “Зерикяпсанми? Бор, хонангни йиғиштир”. Шунинг учун зерикиб қолсак, дарҳол ўзимизни нимадир билан банд қилишга уриниб кетамиз. Аммо бундай муносабатнинг ўзи ҳам фойдали эмас.
СОВИД-19 пандемияси даврида ўтказилган тадқиқотлар инсоннинг зерикишга бўлган муносабати унинг руҳий ҳолатига қандай таъсир қилишини кўрсатган. Зерикишга салбий муносабатда бўлган иштирокчилар кўпроқ ва кучлироқ зериккан. Бу ҳолатни табиий деб қабул қилганлар эса ўзларини яхшироқ ҳис қилган. Шунинг учун баъзан виждонан, ҳеч қандай айбдорлик ҳиссисиз зерикиб ўтириш ҳам керак. Ахир айрим пайтларда ҳеч нарса қилмаётган бўлиш ҳам муаммо эмас.

