Зомбилар ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирадиган ноодатий ҳоррор — “Колония” филми ҳақида

Зомбилар ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирадиган ноодатий ҳоррор — “Колония” филми ҳақида
Зомбилар энди фақат қувиб келмайди — улар ўрганади. Жанубий кореялик режиссёр Ён Сан Хонинг “Колония” филми зомби жанрига айнан шу ғайриоддий ғоя орқали янгича ёндашув таклиф этади. Дастлаб оддий вирус тарқалишига ўхшаган воқеа тез орада қаҳрамонлар учун ҳақиқий даҳшатга айланади: улар яширинган сайин душман хатолардан сабоқ олиб, тобора хавфлироқ бўлиб боради.
Бундан ташқари, бутун ҳикоя осмонўпар бинода кечади. Қаватлар бўйлаб юқорилаган сари хавф ҳам кучаяди. Хўш, Ён Сан Хо бу гал “Пусанга кетаётган поезд” даражасидаги зомби филмини яратишга қанчалик муваффақ бўлди?
Петри идишидаги осмонўпар бино
Филмнинг барча воқеалари ёпиқ бинода юз беради: конференсия бошланганидан бир неча соат ўтиб, вертикал қопқонга айланган кўп функсияли мажмуада. Тадқиқот компаниясининг собиқ ходими тажриба патогенини тарқатиб юборади, ҳукумат эса обьектни ташқаридан тўсиб қўяди. Саноқли омон қолганларга эса чиқиш йўлини топиш учун қаватма-қават юқорига кўтарилишдан бошқа чора қолмайди.
Оддий декорациялардан — шаҳар кўчалари, поездлар, аеропортлардан — воз кечиш қарорининг ўзи филм фойдасига ишлайди. Ёпиқ макон аллақачон таранг сюжетни янада сиқади, бинонинг вертикал тузилиши эса доимий равишда ортиб бораётган хавф ҳиссини кучайтиради. Ҳар бир янги қават шунчаки манзил алмашинуви эмас, балки хавфнинг янги босқичидир. Кенг атриумлар тор техник хоналарга, офис йўлаклари эса сервер хоналарига алмашади. Шунга қарамай, бир хиллик деярли сезилмайди.
Хатолардан сабоқ оладиган зомбилар
Ён Сан Хо янги турдаги зомбиларни ўйлаб топган ва бу сўнгги йиллардаги жанр ичидаги энг қизиқарли топилмалардан биридир.
Бу ерда юқтирганлар бир хил рефлексларга эга тарқоқ оломон эмас, гўё ягона организмга ўхшайди. Бир юқтирган олган маълумот шу заҳоти бошқаларнинг ҳам мулкига айланади. Бу худди прошивкани янгилашга ўхшайди: бир марта иш берган ҳийла иккинчи сафар фойдасиз бўлиб қолади. Жанрнинг одатий мантиғи — чалғитиш, яшириниш, алдаш — шу ерда кўз ўнгимизда барбод бўлади, чунки душман ўз заиф томонларини реал вақт режимида “ямаб” боради.
Буни қандай тасвирлагани алоҳида эътиборга лойиқ. Вақти-вақти билан юқтирганлар гўё бир лаҳзага тана билан алоқани йўқотгандек синхрон тарзда қотиб қолишади. Бу — “тармоқ” ичида маълумот алмашинуви кетаётган палладир. Бу шунчаки қўрқинчли эмас, балки чинакам хавотирли кўринади, чунки қаҳрамонлар қаршисида табиий офат эмас, балки жамоавий фикрлашга қодир бир куч турганига урғу беради.
Вақт ўтиши билан махлуқларнинг физикаси ҳам ўзгаради. Аввал улар одам ва ёввойи ҳайвон оралиғидаги, тўрт оёқлаб юрадиган, ярим букчайган мавжудотлар эди. Кейин ҳаракатлари анча мувофиқлашиб, деярли тартибли тус олади, гўё хаос аста-секин тизимга ўрнини бўшатиб бераётгандек. Филмда одатий компютер графикаси ўрнига ҳақиқий ижрочилар — каскадёрлар ва ажойиб хореография намойиш этган артистларнинг пластикасига урғу берилган. Бўғимлар шундай ғайритабиий эгиладики, бунга қарашнинг ўзи жисмонан нохуш туюлади ва айнан шу “табиийлик” ҳисси кучлироқ таъсир қилади.
Экшн учун 5+, ссенарийга эса 4+
“Колония”нинг дастлабки қирқ дақиқаси — жанрли кино учун деярли идеал намуна: вирус шиддат билан тарқалади, кескинлик дақиқа сайин ошиб боради, томошабин эса нафасини ростлаб олишга ҳам улгурмайди. Аммо филм ўрталарига келиб суръат пасая бошлайди.
Қаҳрамонлар вақт сониялар билан ўлчанаётган паллаларда режани муҳокама қилиш учун тўхтаб қолишади. Улар мантиққа тўғри келмайдиган қарорлар қабул қилишади. Шу сабабли қаҳрамонларнинг бино қаватлари бўйлаб ҳаракати атайин чўзилаётгандек туюлади. Иккинчи даражали персонажларнинг аксарияти таниш архетиплар — қўриқчи, полициячи, офис ходимлари — бўлиб қолади ва ўз вазифаси доирасидан чиқиб кета олмайди. Вазиятни эса марказий дует қутқариб қолади. Чон Жи Хён қаҳрамони вазият қурбони эмас, балки гуруҳни ўз ортидан эргаштира оладиган ҳақиқий етакчи сифатида гавдаланади ва ҳикоянинг ҳиссий маркази, ҳатто суст эпизодларда ҳам, айнан унинг зиммасида туради.
Ҳақиқатан ҳам ноқулайлик туғдирувчи муҳит
Визуал жиҳатдан филм жуда пухта ишланган. Совуқ офис ёриткичлари, шиша тўсиқлар, бўм-бўш йўлаклар ва милтилловчи чироқлар — буларнинг барчаси корпоратив муҳитни даҳшатли манзарага айлантиради. Бинонинг вертикал тузилишидан қанчалик самарали фойдаланилгани алоҳида таъкидлашга арзийди. Навбатдаги қаватга кўтарилиш худди ўйин қоидалари бироз ўзгариб, хавф кучаядиган янги мураккаблик босқичига ўтишдек туюлади.
Бу ерда овоз ҳам тасвирдан кам таъсирчан ишланмаган: ғирчиллашлар, оғир нафас олиш, вентиляция гумбурлаши ва бўм-бўш зинапоялардаги қадамлар акс-садоси зич, босимли муҳит яратади. Бу ҳатто экранда деярли ҳеч нарса содир бўлмайдиган саҳналарда ҳам сезилиб туради.
Хулоса
“Колония” филми “Пусанга кетаётган поезд” даражасидаги янги маданий ҳодисага айланмайди ва очиғини айтганда, бунга даъво ҳам қилмаса керак. Лекин филмни шунчаки ҳоррор деб бўлмайди. Бу — жанр учун ноёб консепсия, таъсирчан саҳналаштириш ва томошабинни бутун филм давомида диққат марказида ушлаб туришга етадиган кескинликка эга бўлган пишиқ, баъзи жойларда эса чинакам креатив жанрли ҳоррордир.
Ссенарий айрим ўринларда пишиқликдан йироқ, баъзи персонажлар эса таниш қолипдаги образлар йиғиндиси бўлиб қолган, бироқ зомби-кино ишқибозлари учун филм янгилик бўлиши аниқ. Ён Сан Хо ҳанузгача одатий жанрга янгича назар ташлашга мажбур қиладиган консепсияларни ўйлаб топишни уддалаяпти. Бу сафар ҳам у яхши ғояни ажойиб кинога айлантира олди.

