Лайфстайл

Кечқурун томоша қилиш учун ҳоррор жанридаги 5 та корейс филми

Кечки вақтда томоша қилиш учун 5 та корейс даҳшат филми

Даҳшат жанри ҳар доим жаҳон киносининг машҳур йўналишларидан бири бўлиб келган, аммо Жанубий Корея кино саноати ривожлангач, бу жанр бутунлай янги босқичга кўтарилди.

Жанубий Кореянинг даҳшатли филмлари бошқалардан фарқи шундаки, унда режиссёрлар қўрқувни турли махлуқлар ёки қонли саҳналар билан эмас, балки инсон руҳияти, жамиятдаги муаммолар ва корейс маданиятига хос унсурлардан фойдаланиб кўрсатади. Шунинг учун корейс даҳшат филмлари нафақат қўрқитади, балки чуқур ўйлашга, воқеаларнинг маъносини англашга ҳам туртки беради.

**“Пусанга борадиган поезд” (2016)**

Фото: ИМДб

2016-йилда Жанубий Кореяда энг кассабоп филмлардан бирига айланган ушбу лойиҳа кейинчалик стриминг платформаларда ҳам яхши натижаларга эришди. Филм воқеалари Сеулдан Пусанга кетаётган тезюрар поездда бошланади. Шу пайтда мамлакат бўйлаб номаълум вирус тарқалиб, одамларни ёввойи зомбиларга айлантира бошлайди. Поезд ичида эса оддий йўловчилар ҳаёт учун курашишга мажбур бўлиб қолади. Улар орасида ота ва унинг кичкина қизи, ҳомиладор аёл ва эри, мактаб ўқувчилари ҳам бўлади. Ҳар бир бекатда хавф тобора кучайиб, тирик қолиш учун йўловчилар инсонийлик ва фидойилик синовидан ўтади.

**“Икки опа-сингил тарихи” (2003)**

Фото: ИМДб

“Икки опа-сингил тарихи” — корейс режиссёри Ким Живун томонидан суратга олинган бўлиб, корейс даҳшат филмлари орасида алоҳида ўрин эгаллаган. Сюжет марказида руҳий касалликлар шифохонасидан уйига қайтган икки опа-сингил туради. Улар уйга келгач, ўгай онага дуч келади ва оилада зиддиятли муносабатлар бошланади. Бир вақтнинг ўзида, уй ичида тушунарсиз овозлар, сирли ҳодисалар ва ваҳимали манзаралар пайдо бўла бошлайди.

Филм кўплаб кино танқидчилари томонидан корейс даҳшат жанрининг энг юксак намунаси сифатида баҳоланган. Филм кейинчалик Голливудда “Тҳе Унинвитед” (2009) номи билан ремейк қилинган бўлса-да, асл версияси ҳамон энг муваффақиятлиси сифатида тан олинади.

**“Хизматкор қиз” (1960)**

Фото: ИМДб

Сўнгги йилларда бутун дунёни ҳайратда қолдирган “Паразитлар” филмини яратишга илҳом берган бу асар Жанубий Корея киносининг энг ёрқин намуналаридан бири ҳисобланади. Сюжетга кўра, янги уйга кўчиб ўтган оила бошлиғи уй юмушлари учун хизматкор қизни ишга олади. Унинг рафиқаси икки фарзандини тарбиялаётган бўлади ва оқсоч қизга уй юмушларида ёрдам бериш вазифаси юклатилади. Аммо вақт ўтиши билан хизматкор бир вақтлар севгисига хиёнат қилган эркакдан қасос олиш учун қотилга айланади.

**“Деворлар шивири” (1998)**

Фото: ИМДб

Бир вақтнинг ўзида ҳам психологик триллер, ҳам даҳшат филми бўлган “Деворлар шивири” Жанубий Кореяда ҳарбий диктатура тугаганидан кейин намойиш этилди. Шу боис филм ўша давр ижтимоий муаммоларига ҳам ишора қилади.

Филм воқеалари қизлар мактабида кечади. Бир ўқитувчи эски синф журналларида сирли ёзувларни кўриб қолади ва мактаб деворлари ичида кимнингдир руҳи яшаётгани ҳақида гумон қилади. Орадан кўп ўтмай, у сирли тарзда ҳалок бўлади. Мактабдаги қизлар эса аста-секин ўз тенгдошлари ва ўқитувчиларини таъқиб қилаётган ёвуз кучни сезиб қолади.

**“Конжиамдаги руҳий касалликлар шифохонаси” (2018)**

Фото: ИМДб

Мазкур филм реал воқеаларга асосланган бўлиб, унда бир гуруҳ блогерлар машҳурликка эришиш учун ташландиқ Конжиам шифохонасида жонли эфир ўтказишга қарор қилади. Улар бино ичига киргач, кутилмаган ғайритабиий ҳодисалар бошланади: эшиклар ўз-ўзидан ёпилади, қоронғи хоналарда кимдир пайдо бўлиб йўқолади. Дастлаб шоу сифатида бошланган лойиҳа аста-секин ҳақиқий даҳшатга айланади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.