Улар оддий қўрқинчли филмлар эмас: Япониянинг энг яхши 7 та ҳоррори

Япониянинг энг яхши 7 та даҳшатли филми: Оддий қўрқинчли филмлардан фарқли ўлароқ, улар томошабинда узоқ муддатли безовталик ва қўрқув ҳиссини уйғотади. Бу филмларда арвоҳлар, лаънатлар ва ғайритабиий ҳодисалар билан бир қаторда ёлғизлик, ўлим, руҳий тушкунлик ва инсоннинг номаълум кучлар олдидаги ожизлиги каби мавзулар ҳам муҳим ўрин тутади. Қуйида келтирилган филмлар Осиё даҳшат жанрининг энг ёрқин намуналаридан бўлиб, уларнинг айримлари Голливудда қайта ишланган, баъзилари эса бутун бир даҳшат йўналишига таъсир кўрсатган.
**“Иблисшунос”**
Айри исмли қаҳрамон кўзгуда вафот этган синглисини кўриш қобилиятига эга бўлиб, одамларга уйлардан руҳларни қувишда ёрдам беради. У янги эгалари арвоҳга дуч келган бир меҳмонхонага келади. Арвоҳ меҳмонларни қўрқитиб, уларнинг бизнесига халақит бераётган эди. Айри меҳмонхонада ёлғиз қолиб, нариги дунёдан келган меҳмонни ўрганишга уринади. Аммо у бу арвоҳнинг бошқалардан фарқ қилишини англаб етади ва шу билан бирга, ғайриоддий ҳодисаларга гувоҳ бўла бошлайди.
Филм режиссёри америкалик Дейв Бойл бўлишига қарамай, актёрлар таркиби, тили ва маданияти жиҳатидан бу тўлиқ япон киносидир. Муаллиф анча вақтдан бери Японияда ишлаб келади ва у ерда ўз продюсерлик компаниясига асос солган.
Сюжетнинг бошланиши лаънатланган уйлар ва экзорсистлар ҳақидаги одатий ҳикояларни эслатади. Бироқ кейинчалик филм детективга айланиб, ҳатто илмий фантастикага яқин бўлган вақт ҳалқаси мавзусини ҳам қамраб олади.
**“Қўнғироқ”**
Ёш журналист Рейко Асакава собиқ эри билан бирга ғалати видеокассета билан боғлиқ ишни тергов қилмоқчи бўлади. Бу ёзувни томоша қилганларга нотаниш аёл қўнғироқ қилиб, бир ҳафтадан сўнг ўлишларини айтади. Одамлар чиндан ҳам юрак хуружидан ҳалок бўлади. Кассета қурбонлари орасида Асакаванинг жияни ҳам бўлгани учун қаҳрамон ўзини ҳақиқатни охиригача аниқлашга мажбур деб билади. Журналистнинг кичкина ўғли ҳам ўша машъум кассетани кўриб қўйгани вазиятни янада оғирлаштиради.
Хидео Накатанинг ушбу филми даҳшат жанрида чинакам инқилоб ясаб, халқаро томошабинларнинг Осиё даҳшат филмларига бўлган қизиқишини кучайтирди. Режиссёр бахтли якундан атайин воз кечган: финалда қаҳрамонларнинг ёвузлик билан тил топишишга уринишлари ҳеч қандай натижа бермайди.
Юзини тўзғиган қора сочлари тўсиб турган арвоҳ қиз – Садако образи анъанавий япон мифологиясидан олинган бўлиб, “Қўнғироқ” филмидан сўнг бутун дунёда машҳурликка эришди ва кўплаб тақлидчиларни юзага келтирди. Бироқ филм фақат шу образи билангина қўрқитмайди: у моҳирлик билан яратилган саспенс ва бегоналашув муҳити билан ҳам ажралиб туради.
**“Киносинов”**
Тул қолган Сигеҳару Аояма ўзига янги маъшуқа топишга қарор қилади. Продюсер дўстининг маслаҳати билан у келин танлаш мақсадида киносинов ташкил этади. У ерда камтарин гўзал Асами Ямазакининг чеҳраси бирданига унинг эътиборини тортади. Бироқ бу беозорлик ниқоби ортида ҳақиқий махлуқ яширин эди.
Режиссёр Такаси Миике атиги бир неча ҳафта ичида бир нечта жанрлар кесишган нуқтада турувчи ғоятда ноодатий филм яратишга муваффақ бўлади. Картина аввалига сентиментал мелодрама сифатида бошланиб, сўнг детектив йўналишида ривожланади ва якунда оёқларни арра билан кесиш-у, бошни сим билан танадан жудо қилиш каби саҳналарга бой ҳақиқий “гўштқиймалагич”га айланади.
**“Қарғиш”**
Журналист Масафуми Кобаяси паранормал ҳодисаларни профессионал даражада текшириш билан шуғулланади. Кунларнинг бирида у оддий бир ишни ўрганишга киришади, бироқ суратга олиш жараёнида унинг ўзи ва жамоаси билан даҳшатли воқеалар содир бўла бошлайди. Филмни одатда мокюментари, яъни псевдоҳужжатли жанрда ижод қиладиган бошқа бир иқтидорли режиссёр — Кодзи Сираиси суратга олган.
**“Қора сувлар”**
Ёш она Ёсими Мацубара яқинда турмуш ўртоғи билан ажрашди ва энди қизчаси Икукони ўзига қолдириш ҳуқуқини судда ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда. Улар биргаликда ҳамма ёқ зах ва шифтдан сув томиб турадиган даҳшатли кўп қаватли уйга кўчиб ўтишади. Бундан ташқари, Ёсими вақти-вақти билан кичкина қизчани кўради ва турли жойларда бир хил қизил сумкачани топади.
“Қора сувлар” асосида тўрт йил ўтгач, деярли бир хил номланган Америка ремейки суратга олинди — “Қора сув”. Унда воқеалар бироз бошқачароқ ривожланади, аммо ота-онаси ташлаб кетган ва фожиали вазиятларда ҳалок бўлган қиз ҳақидаги ҳикоя деярли шундайлигича қолган.
**“Пулс”**
Қизнинг Мити Кудо исмли ҳамкасбларидан бири унга сирли дискета қолдириб, ўз жонига қасд қилади. Шу билан бирга, иқтисодчи талаба Рёсукенинг компютерида даҳшатли одамларнинг тасвирлари пайдо бўлади.
Бу филм режиссёр Киёши Куросавани машҳур қилди ва, албатта, америкалик ҳамкасбларини ремейк яратишга илҳомлантирди. Аммо америкалик ижодкорлар ғояни умуман тушунишмаган. Америкача талқинда айнан технологиялар бизни бир-биримиздан узоқлаштиради, Киёши эса одамларни ҳатто ўлимдан кейин ҳам ёлғиз қолдиради. Филм чуқур ўйлашга мўлжалланган бўлиб, сюжети ёки қизиқарли интригаси билан ҳайратда қолдириши даргумон.
**“Жавобсиз қўнғироқ”**
Бир неча ёш йигит ўз рақамларидан ғалати қўнғироқлар олишади. Улар телефонга яқинлашганда, ўзларининг ўлим олдидаги фарёдларини эшитадилар, бироз вақт ўтгач эса ғалати тарзда ҳалок бўлишади. Юми исмли қиз ва собиқ полициячи Хироши терговни бошлайди. Улар ўлимдан кейин қурбонларнинг уяли телефонларидан ҳар доим бир хил рақам терилганини аниқлашади.
Машҳур “Киносинов” муаллифи Такаси Миикенинг яна бир ғайриоддий филми. Режиссёр Осиё қўрқинчли филмларидаги барча машҳур клишеларни аралаштириб, уларни кулгили тарзда уйғунлаштиради.

