Замонавий жаҳоннома ёхуд бир кафтда ушланган дунё
Қадим замонларда одам бегона юртни кўриш учун йиллаб йўл босган. Карвон изидан чанг кўтарилган, қуёш

**Замонавий жаҳоннома ёхуд бир кафтда ушланган дунё**
Қадимда одам бегона юртни кўриш учун йиллар давомида йўл босган. Карвон ортидан чанг кўтарилган, қуёш қовжиратган, довонларни қор босган. Йўловчи манзилга етганда ё қариган, ё ўзгарган, ё қайтиб келолмаган.
Бугун эса дунёнинг нариги чеккасидаги мамлакат номини эшитиш учун бир сония кифоя. Аммо ном билан билим орасида катта масофа бор. Эшитиш — билиш эмас, кўриш — англаш эмас. Бугунги одамга ахборот етишмаётгани йўқ. Унга ахборот денгизида йўл топадиган, тўғрисини ёлғондан, муҳимини ўткинчидан ажратадиган, тартибли тизимга солинган билим зарур.
Айнан шу эҳтиёж қомусий китобларни ҳар қачонгидан ҳам қадрли қилади. Қомус — шошилмай, ишончли ва тизимли тарзда билим бериб борадиган “сокин устоз”дир. Унинг олдида ҳеч ким уялмайди, ҳеч ким ортда қолмайди. Ундан ёш бола ҳам, фан доктори ҳам ўз улушини олади.
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (ПҳД), Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китоби ана шундай бетакрор устозлар сафидан ўрин олади. Салоҳиятли академик Акмал Саидов бу асарни дунё мамлакатларини “ғойибона кашф этиш” имконини берувчи салмоқли қомусий манба сифатида таърифлайди. Таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад эса уни “ўзига хос жаҳоннома” деб атаган.
Бу таърифнинг ўзи катта маънога эга. Жаҳоннома — жаҳон ҳақидаги китоб, шу билан бирга жаҳонга юз тутган китобхоннинг йўлномаси ҳамдир.
Муаллиф сифатида биз бу китобга педагог ва тадқиқотчи нигоҳи билан қараймиз. Кўп йиллик изланишларимиз сифатли таълим мезони бўлган педагогик маҳорат, нутқ маданияти, нотиқлик санъати, педагогнинг герменевтик қобилияти, шунингдек, эски ўзбек ёзуви ва ўзбек халқ китобларига бағишланган. Шу нуқтаи назардан, “Дунё мамлакатлари” оддий маълумотнома эмас, балки таълим, тарбия ва маърифат жараёнининг самарали воситаси сифатида катта қизиқиш уйғотади.
**Қомус нима: ҳажм эмас, мезон**
Дунё конституциялари қомусини тузган забардаст олим Акмал Саидов сўзбошида ўринли саволни қўяди: катта ҳажмли ва жуда кўп саҳифали ҳар қандай китобни қомусий манба деб аташ мумкинми? Жавоб — йўқ. “Қомусий” сўзи арабчадан олинган бўлиб, “кенг қамровли”, “ҳамма нарсани ўз ичига олган” деган маъноларни билдиради. Қомусий манба — инсоният тўплаган билимларнинг барча соҳаларини ёки муайян бир тармоғини тизимли, илмий ва атрофлича ёритадиган фундаментал асардир.
Унинг биринчи мезони — кенг қамровлилик: фактлар, тарихий воқеалар, шахслар ва тушунчалар юзаки эмас, чуқур таҳлил билан берилади. Иккинчи мезони — ишончлилик: бундай манба аниқ далилларга таянади.
Қомусий китобнинг учта асосий хусусияти ҳам алоҳида таъкидланади:
Ўзбек тафаккури учун дунёни тизимли билишга интилиш янгилик эмас. Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит турк”ида туркий халқлар жойлашувини дунё харитасида кўрсатишга уринган. Беруний “Ҳиндистон” асарида бегона маданиятни холис ўрганишнинг ўлмас намунасини қолдирган. Бобур “Бобурнома”да кўрган юртларини аниқ кузатув ва нозик бадиий дид билан тасвирлаган. Демак, дунёни билиш бизнинг маънавий меросимизда азалдан мавжуд бўлган ташналикдир. “Дунё мамлакатлари”ни шу билимга чанқоқликнинг ХХИ асрдаги замонавий жавобларидан бири, деб баҳолаш мумкин.
**Китоб тузилиши ва таркиби**
Салкам 1200 саҳифалик бу нашрда 236 та мамлакат ва ўлка ҳамда ҳудудий бирликлар ҳақида батафсил, сара ва аниқ маълумот берилган. Маълумотлар алифбо тартибида жойлаштирилгани сабабли китобхон исталган мамлакатни топиш учун ортиқча вақт сарфламайди. Матнни ихчамлаштириш мақсадида халқаро ташкилотлар — БМТ, НАТО, ЮНЕСКО, МДҲ, ЕИ, ЕХҲТ, ШҲТ, КХШТ кабилар — қисқартмалар билан берилган.
Ҳар бир мамлакатга бағишланган фасл муайян изчилликка эга. У қисқа умумий таърифдан бошланиб, қуйидаги қатламларни очиб беради:
Асарнинг энг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, мамлакатимиз билан икки ва кўп томонлама муносабатлар хронологик тартибда берилган. Бугун Ўзбекистон жаҳоннинг қарийб 170 та давлати билан дипломатик алоқа ўрнатган, хориждаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналаримиз сони 65 тага, стратегик шерик давлатлар сони 22 тага етган. Китоб бу давлатлар ҳақида кенгроқ тўхталади. Шу тариқа у “дунё қандай?” деган саволдан ташқари, “жаҳонда бизнинг ўрнимиз қандай?” деган ҳар бир ватандош учун муҳим саволга ҳам жавоб беради.
Китобда кам учрайдиган маълумотлар ҳам ўрин олган. Энсиклопедияда турли ўринларда қарийб 4000 шахс номи қайд этилган, ҳар бир мамлакат фасли охирида эса ўша давлатнинг қизиқарли маълумотлари берилган. Бу китобнинг илмий-оммабоплик хусусиятини кучайтиради.
Нашр кўргазмали ҳам: унда сайёрамизнинг географик ва сиёсий манзарасини кўз олдига келтирувчи тахминан 1000 та рангли сурат, байроқлар ва хариталар жой олган. Таълим назарияси тилида айтганда, матн билан тасвирнинг уйғунлиги ахборотни ёдда сақлаш ва англашни сезиларли даражада енгиллаштиради.
**Афзалликлари: нима учун айнан бу китоб?**
Китобнинг афзалликларини бир неча йўналишда кўриш мумкин:
**Қамров ва тизимлилик.**
236 та мамлакат ва ўлканинг ҳар бири ягона режа асосида ёритилган. Бу қиёслаш ва таққослаш имконини беради. Ўқувчи икки давлатнинг бошқарув шакли, иқтисодий салоҳияти ёки ташқи алоқаларини бир-бирига солиштириб, мустақил хулоса чиқара олади. Қиёс эса тафаккурни ўстирувчи энг самарали воситалардан биридир.
**Янгилик ва долзарблик.**
Китобнинг аввалги ихчамроқ нашри 2019 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган эди. Ўтган етти йилда сайёрамизда жуда кўп янгиликлар юз берди. 2026 йил октябрда чоп этилаётган ушбу нашрда ҳатто шу ойга тегишли янгиликлар ҳам баён этилгани асарни “ўқиладиган” эмас, “яшаётган” манбага айлантиради. Қомус эскирса, у билимдан кўра эскилик ёдгорлигига айланади; муаллиф эса китобнинг кейинги нашрларида ҳам воқеалар тадрижи ва рақамларни янгилаб бориш имконини кўрсатади.
**Муаллиф шахси ва тажрибаси.**
Лазиз Раҳматов Ўзбекистон Миллий энсиклопедияси давлат илмий нашриётида муҳаррир сифатида ишлаган, ташқи сиёсат бобида бой амалий тажрибага эга дипломат ва сиёсацҳунос олимдир. Бир инсонда муҳаррирнинг матн интизоми, дипломатнинг амалий кўзи ва олимнинг таҳлилий қобилияти уйғунлашгани китоб сифатига бевосита таъсир қилади.
**Миллий манфаат ва қадриятлар руҳидаги ёндашув.**
Муаллиф ҳар бир давлат ҳақида ёзганда жараёнларга миллий манфаатларимиз, ўз қадрият ва азалий анъаналаримиз руҳидан келиб чиқиб ёндашгани сезилиб туради. Қомус холис бўлиши керак, аммо бу китоб ўзбек китобхонининг кўзи, қалб қўри билан ёзилган, шунинг учун у ўзбек китобхонига яқин.
**Ижодий меҳнат кўлами.**
Одатда бундай ишга илмий институтлар ёки таҳририят жамоалари сафарбар этилади. Муаллиф эса бу ишни 2016 йилдан бошлаб олиб борган, тадқиқот чоғида таҳрир ҳайъати тузилиб, 50 дан ортиқ олим жалб этилган. Бир ижодкорнинг шунча йил қатъият билан мазкур мураккаб жараённи охирига етказиши ҳақиқатан маърифий ютуқдир.
**Кўргазмалилик.**
Бир мингга яқин сурат, байроқ ва харита китобни “қуруқ маълумотнома”дан “жонли жаҳон кўзгуси”га айлантиради. Релеф хариталар мамлакатнинг қаерида боғ, қаерида тоғ, қаерида чўл, қаерида сув борлигини яққол кўрсатади. Таълим назариясида “кўриб ўрганиш” доимо энг кучли йўллардан бири саналган.
**Педагогик аҳамияти**
Педагогик маҳорат нуқтаи назаридан қараганда, сифатли таълим мезони — ўқитувчининг маҳорати. Маҳоратли ўқитувчи эса билимни тайёр ҳолда узатувчи эмас, балки ўқувчини билим сари бошловчидир. Бундай йўлбощига ишончли ва кўламдор манба керак.
“Дунё мамлакатлари” география, тарих, ижтимоий фанлар, чет тиллари, халқаро муносабатлар, ҳатто адабиёт ва санъат дарсларини мазмунан бойитиш учун тайёр материал бўла олади. Масалан, ўқитувчи ўқувчига “мамлакат паспорти” тайёрлаш топшириғини бериши мумкин: жойлашуви, бошқарув шакли, иқтисодий салоҳияти, Ўзбекистон билан алоқалари бўйича қисқа маълумотнома.
Бу топшириқ китобнинг ўз тузилишига айнан мос келади ва ўқувчини манба билан ишлашга, фактни танлашга, қисқа ва аниқ ифодалашга ўргатади.
**Нутқ маданияти ва нотиқлик санъати нуқтаи назаридан**
Нотиқлик санъатининг қадимий қоидаси бор: нутқнинг гўзаллиги унинг мазмунига таянади. Мазмунсиз нутқ — қуруқ шовқин. Нотиқ учун ишончли ва аниқ далил нутқнинг таянч устуни ҳисобланади. Қомусий китоб айнан шундай далил манбаидир. Дипломат, журналист, ўқитувчи ёки талаба халқаро мавзуда сўзлаганда мамлакат номи, раҳбарияти, халқаро ташкилотлардаги иштироки ва саналарни аниқ айтиши шарт. Хато рақам ёки нотўғри ном ишончни йўққа чиқаради.
Қолаверса, китоб тили лўнда ва аниқ. Бу лўндалик нутқ маданиятини ўстиришнинг амалий машқига айланади: ўқувчи бир саҳифалик фаслни ўқиб, уни бир дақиқалик оғзаки тақдимотга айлантириши мумкин. Қисқа, тартибли, далилга бой нутқни шакллантиришнинг бундан яхши усули кам.
**Герменевтик ёндашув нуқтаи назаридан**
Герменевтика — матнни тушуниш ва шарҳлаш санъати. Педагогнинг герменевтик қобилияти матн ортидаги маънони, воқеа ортидаги сабабни, рақам ортидаги жараённи кўра олишида намоён бўлади. Қомусий матн ўзининг лўндалиги туфайли шарҳга муҳтож. “Стратегик шерик”, “халқаро мулоқот маркази”, “ислоҳот дастури” каби ибораларнинг ортида катта тарихий ва сиёсий контекст туради. Ўқитувчи бу контекстни очиб бериб, қисқа жумлани кенг тушунчага айлантиради. Шу тариқа ўқиш матн билан мулоқотга, мулоқот эса мустақил фикрлашга айланади.
Яна бир жиҳат: қомус шахсий ҳиссиётлардан холи бўлиши керак. Бу ўқитувчига қўшимча имконият беради — холис матнни ўқувчи билан бирга таҳлил қилиш, фактни талқиндан ажратишга ўргатиш. Бугунги ахборот тошқини даврида энг зарур кўникмалардан бири шу: фактни ўқиб, унинг ортидаги маънони мустақил англаш, кўр-кўрона эргашиш эмас, балки ўз манфаатини теран англай олиш салоҳиятидир.
**Тарбиявий аҳамияти**
Бошқа халқни билган киши ўз элини ҳам чуқурроқ англайди. Ўзбекистоннинг жаҳон сиёсатида фаол ва ташаббускор субьектга айлангани, дунёнинг бошқа мамлакатлари билан алоқалари хронологик тарзда берилгани ёшларда ватан билан фахр ҳиссини уйғотади.
Давлатларнинг Янги Ўзбекистон билан муносабатларини ўқир экансиз, бугун юртимиз халқаро мулоқот, тинчлик ва дипломатия марказига айланиб бораётганига гувоҳ бўласиз. Китобхон мамлакатимизнинг тобора ўсиб бораётган ўрнини дунёда ўз кўзи билан кўради.
**Китобхонлар тоифалари**
**Хулоса**
“Дунё мамлакатлари” — ҳажми катта бўлгани учун эмас, мезонларга жавоб бергани учун чинакам қомусий китобдир. Унда тизимлилик, холислик, лўндалик ва қамров тамойиллари амалда намоён бўлади; у янгилик, кўргазмалилик ва миллий манфаатларга мос ёндашув билан бойитилган. Педагогик нуқтаи назардан эса у ўқитувчига ишончли таянч, ўқувчига дунёга очилган дарча, нотиққа далил хазинаси, герменевтик ўқиш учун бой матн бўла олади.
Тезкор дунёда инсон бутун дунёни кезиб чиқа олмаслиги мумкин. Аммо ушбу муҳташам асар орқали тафаккур ила оламни кезиш ҳаммага очиқ. Бу китоб ана шу йўлнинг ишончли йўлномасидир. Уни ёшлар қўлига тутқазиш — уларнинг тафаккурига кенг уфқ, қалбига ўз юртига муҳаббат ва дунё олдидаги масъулият ҳиссини бағишлашдир.

