Юнонистон, Кипр ва Исроил: Анқарани хавотирга солаётган ҳамкорлик
Туркиянинг Ўрта Ер денгизидаги қўшнилари – Юнонистон, Кипр ва Исроил ўртасидаги иттифоқ Анқарани хавотирга солиши табиий. 2025-йил декабрида уч давлат ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олган. Греция Исроилнинг ПУЛС ракета тизимларини Туркия қирғоқлари яқинига жойлаштириши айтиляпти. Бунга жавобан Туркия Саудия Арабистони ва Покистон билан мудофаа алянсини тузди.

Юнонистон, Кипр ва Исроил ўртасидаги ҳамкорлик Анқара учун хавотирли ҳолатга айланган. 2025-йил декабрида бу уч давлат ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олган. Греция Исроилнинг ПУЛС ракета тизимларини Туркия қирғоқлари яқинига жойлаштириши ҳақида хабарлар тарқалган. Бунга жавобан Туркия Саудия Арабистони ва Покистон билан мудофаа алянсини тузган.
Профессор Фарҳод Каримов Kun.uzънинг “Геосиёсат” дастурида ушбу мавзуни хариталар ёрдамида тушунтириб берди.
**Греция–Кипр–Исроил учлиги ва Кипрнинг стратегик аҳамияти**
Профессор Каримовнинг таъкидлашича, Греция, Кипр ва Исроил ўртасидаги иттифоқ харитада ўзига хос учбурчак ҳосил қилади. Бу учбурчакнинг марказида жойлашган Кипрнинг стратегик аҳамияти жуда катта. Исроил, Кипр ва Грециянинг Туркия билан ҳал қилинмаган масалалари ва зиддиятлари мавжуд. Булар хавфсизлик, ҳудудий даъволар ва денгиз йўллари билан боғлиқ. Кипр учун эса бу, аввало, мустақиллик ва оролнинг яхлитлиги масаласидир.
Бу уч давлатнинг ҳар бири ўзига хос стратегик аҳамиятга эга бўлиб, уларнинг ҳамкорлигини кучайтираётган асосий омиллардан бири Туркия билан тобора кучайиб бораётган рақобатдир. Айниқса, Исроил ва Туркия ўртасидаги қарама-қаршилик сўнгги даврда сезиларли даражада кучайган.
**Исроилнинг минтақавий ҳамкорларга эҳтиёжи**
Харитага эътибор қаратилса, Исроилнинг стратегик чуқурлиги Туркияга нисбатан жуда кичик. Исроил денгизга чиқиш имкониятига эга бўлса-да, Ўрта Ер денгизида Туркияни мустақил равишда чеклаш ёки унга босим ўтказиш имкониятлари чекланган. Шу сабабли Исроилга минтақадаги ҳамкорлар керак. Бу борада Туркия билан узоқ йиллардан бери рақобат қилиб келаётган Греция ва Кипр алоҳида аҳамият касб этади.
Айнан шу уч давлатни умумий стратегик манфаатлар бирлаштирмоқда. 2025-йил декабр ойида улар Никосияда 2026-йил учун ҳарбий ҳамкорлик ва қўшма ҳаракатлар бўйича бир йиллик йўл харитасини тасдиқлаганлар.
**Туркиянинг географик жойлашуви ва Эгей денгизи муаммолари**
Туркиянинг географик жиҳатдан қулай жойлашуви унинг стратегик мавқейини белгилайди. Лекин Қора денгиздан Ўрта Ер денгизига чиқадиган асосий денгиз йўли Босфор ва Дарданел бўғозлари орқали ўтиб, Эгей денгизига чиқади. Эгей денгизидаги аксарият ороллар эса Юнонистонга тегишли.
Эгей денгизида 2 200 дан ортиқ катта-кичик ороллар мавжуд бўлиб, уларнинг 200 дан ортиғида аҳоли истиқомат қилади. Оролларнинг катта қисми Грецияга тегишли экани денгиз ҳудудлари масаласини мураккаблаштиради. Бу ерда халқаро денгиз ҳуқуқи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Амалдаги тартибга кўра, қирғоқбўйи давлатларининг ҳудудий сувлари 12 денгиз милигача (тахминан 22 километр) чўзилиши мумкин.
Грециянинг Эгей денгизидаги кўплаб ороллари бундай ҳудудий сувлар билан ўралгани сабабли, денгиздаги чегаралар ва навигация масаласи Туркия билан узоқ йиллик баҳсларнинг асосий мавзуларидан бирига айланган. Энди бу стратегик рақобатга Кипр ва Исроил ҳам фаолроқ қўшилмоқда. Уларни умумий манфаат – Туркиянинг минтақадаги таъсирини жиловлаш ва Ўрта Ер денгизида хавфсизлик тизимини ўз манфаатларига мос тарзда шакллантириш истаги бирлаштирмоқда.

