Сиёсат

Туркия Интерполдан Нетанаҳуни халқаро қидирувга беришни расман сўради

Туркия Адлия вазирлиги мамлакат Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликларига мурожаат қилиб, Интерполдан Исроил бош вазири Бинамин Нетанаҳуга нисбатан «қизил хабарнома» эълон қилишни талаб этди. Бу ҳақда 21-август куни Туркия Адлия вазирлиги раҳбари Оқин Гюрлек маълум қилди.

Туркия ҳукумати Интерполга Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳуни халқаро қидирувга бериш бўйича расмий сўров юборди. Бу ҳақда Сабаҳ нашри хабар берди.

**Воқеалар ривожи:**

Туркия ҳукумати Нетаняҳуни "қизил хабарнома" тизими орқали халқаро қидирувга беришни мақсад қилган. Бу сўров Истанбул суди томонидан 2026-йил 14-июлда чиқарилган ҳибсга олиш ордерларига асосланган.

Ушбу ҳуқуқий асос 2026-йил май ойида Ғазо секторига йўл олган "Сумуд" (Глобал Сумуд Флотилла) гуманитар флотилиясининг Исроил томонидан қўлга олиниши бўйича Истанбулнинг оғир жиноятлар бўйича 11-суди томонидан олиб борилган тергов доирасида қабул қилинган қарор ҳисобланади. Флотилия бортида швед фаоли Грета Тунберг ҳам бўлган.

Туркия суди Нетаняҳуни ва яна ўттизга яқин юқори мартабали исроиллик амалдорни, жумладан, мудофаа вазири Исраел Кац, унинг ўтмишдоши Ёав Галант ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирни инсониятга қарши жиноятлар, геноцид, ноқонуний озодликдан маҳрум этиш, шафқациз муомала ва талончиликда айбламоқда.

Бу Анқаранинг биринчи ҳаракати эмас. 2025-йил ноябр ойида Истанбул прокуратураси Нетаняҳуни ва бошқа исроиллик мансабдор шахсларни Ғазодаги геноцид ҳамда гуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилишда айблаб, миллий ҳибсга олиш ордерлари берган эди.

**"Қизил хабарнома" нима ва нега у ҳибсга олиш ҳисобланмайди?**

Интерполнинг "қизил хабарнома"си классик маънодаги халқаро ҳибсга олиш ордери эмас. Бу ташкилотга аъзо 196 мамлакатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига йўлланган сўров бўлиб, унда шахснинг турган жойини аниқлаш ва зарур бўлса, экстрадиция масаласи ҳал этилгунига қадар уни вақтинча ушлаб туриш сўралади. Бундай сўровни бажариш ёки бажармасликни ҳар бир давлатнинг ўзи ҳал қилади.

Бундан ташқари, Интерпол низоми ташкилотнинг сиёсий, ҳарбий ёки диний тусдаги ишларга аралашишини тақиқлайди. Исроил томони айнан шу бандга ишора қилмоқда. Мутахассислар фикрича, шу сабабли ҳам Интерполнинг Туркия сўровини рад этиш эҳтимоли юқори.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Нетаняҳунинг 2024-йил ноябр ойида Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд томонидан ҳарбий жиноятларда айбланиб берилган амалдаги ҳибсга олиш ордери ҳам бор. Бу ордер қарийб икки йилдан бери бирорта мамлакат томонидан ижро этилмаган.

**Исроилнинг муносабати:**

Нетаняҳунинг идораси Туркиянинг бу ташаббусини самарасиз деб атади ва уни Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Исроил раҳбарияти ҳамда армиясини қўрқитишга уриниши дея баҳолади. Тел-Авив Анқаранинг минтақадаги вазиятни беқарорлаштириш ва Исроил хавфсизлигига зарар етказиш ҳаракатларига қарши туришга тайёрлигини билдирди.

Аввалроқ Исроил ТИВ раҳбари Гидеон Саар Туркия берган ордерларни Эрдўғаннинг пиар-аксияси деб атаб, Туркия президентининг сиёсий рақиби - Истанбул собиқ мери Акром Имомўғлининг ҳибсга олинишини Туркия адлия тизимининг сиёсийлашганига ишора сифатида келтирган эди.

ОАВ маълумотларига кўра, муносабатлар кескинлашуви фонида Исроил Вашингтонга мурожаат қилиб, Туркияга Ҳарбий ҳаво кучлари учун қурол-яроғ етказиб бермасликни ҳам сўраган.

**Умумий вазият:**

Туркия ва Исроил ўртасида экстрадиция тўғрисида икки томонлама шартнома мавжуд эмас, бу эса Туркия талабининг амалда бажарилишини деярли имконсиз қилади. Шунга қарамай, Анқаранинг бу қадами Ғазода давом этаётган можаро фонида Исроил раҳбариятига нисбатан кучайиб бораётган дипломатик ва ҳуқуқий босимлар занжирининг бир қисмидир.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.