Сиёсат

Яқин Шарқда яна бир кескинлик ўчоғи: Исроил ва Туркия манфаатлари Сурияда тўқнашмоқда

Бир неча кун олдин Исроил кучлари Идлибда «Абу Зуҳур» авиабазасига зарбалар бериб, буни минтақадаги «статус-кво»ни сақлаб қолиш зарурати, дея баҳолади. Аслида, Туркия Сурия ҳудудига радар ва ҳаво мудофаа тизимлари жойлаштирилса, Исроил ўз қирувчилари Дамашқ осмонидаги эркин ҳаракатлана олмай қолишидан хавотирланмоқда.

Яқин Шарқда янги кескинлик ўчоғи пайдо бўлди, чунки Исроил ва Туркиянинг Суриядаги манфаатлари тўқнашмоқда.

Сурия давлат телевидениесининг ҳарбий манбаларга таяниб хабар беришича, 18-августга ўтар кечаси Исроил қирувчилари "Абу Зуҳур" ҳарбий аеродромининг учиш-қўниш йўлаги ва омборларига саккизта зарба берган. Ҳужум натижасида моддий зарар етган, аммо қурбонлар кузатилмаган. Исроил нашрлари Сурияга берилган зарбалар тўрт тўлқинда амалга оширилганини ёзди.

Ҳужумдаги эътиборли жиҳат – вақт танлови. Ассосиатед Пресс нашрининг суриялик расмийларга таяниб ёзишича, зарба базага турк ҳарбий офицерлари ташриф буюрганидан кўп ўтмай берилган. Очиқ манбалар (ОСИНТ) кузатувчилари ҳам ҳужумдан бир неча кун аввал Суриянинг эски, аммо таъмирланган иккита Су-22 қирувчиси минтақа осмонида учганини тасвирга олган. Исроилпараст нашрлар эълон қилган сунъий йўлдош тасвирлари эса сўнгги ойларда ҳарбий базада жонланиш кузатилганини кўрсатмоқда.

**Исроилнинг баҳонаси: "Статус-кво бузилиши"**

Халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилмайдиган ва бошқа давлат ҳудудини бомбардимон қилган Исроил деярли бир сутка сукут сақлади. Кейин бош вазир Бинамин Нетаняху офиси Сурияга берилган зарбаларни тилга олмасдан баёнот берди. Унга кўра, "Исроил ва Сурия хавфсизлик масалаларида статус-кво сақланишига келишган. Расмий Дамашқ эса ушбу авиабазага турк қўшинлари жойлашишига рухсат бериш билан бу келишувни бузиш арафасига келиб қолганди". Исроил бундай жойлашув ўз хавфсизлигига таҳдид экани тўғрисида Сурияни қайта-қайта огоҳлантиргани, аммо Дамашқ қулоқ солмагани таъкидланди.

Нетаняху кейинроқ эълон қилган чиқишида оҳангни янада кескинлаштирди: "Хабаримиз жуда аниқ эди: 'Қилманг!'. Улар [Сурия расмийлари] бу хабарни тушунмаган кўринади", деди у.

Реутерсънинг ёзишича, зарбадан тўрт кун аввал – 14-августда Моссад раҳбари Роман Гофман Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбоний билан телефонда гаплашган. Моссад унга турк ҳарбий фаоллиги борасидаги хавотирларни билдирган. Бу Башар Асад ағдарилганидан бери икки томон ўртасидаги энг юқори даражадаги алоқалардан бири экани айтилмоқда.

Бундан ташқари, Исроил ҳукуматига яқин нашрлар Тел-Авив расмийлари ҳужумдан олдин АҚШни огоҳлантирган ва уларга "ўта нозик разведка маълумотлари"ни юборганини ёзмоқда.

Исроил матбуоти асл хавотир манбасини ҳам яширмаяпти: Тел-Авив Туркиянинг Сурия ҳаво кучлари ва ҳаво мудофаасини тиклашдаги ролидан хавотирланмоқда. Агар Сурия ҳудудига радарлар ва ҳаво мудофаа тизимлари жойлаштирилса, Исроил қирувчилари Сурия осмонида эркин ҳаракатлана олмай қолади – асл "қизил чизиқ" мана шу.

**Туркия ва Суриянинг раддияси**

Сурия зарбани суверенитетнинг қўпол бузилиши деб баҳолаб, халқаро ҳамжамият ва БМТ Хавфсизлик Кенгашини Исроилнинг ҳаракатларини қоралашга чақирди.

Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбоний Ахиос нашрига берган изоҳида Исроилнинг талқинини бутунлай рад этди. Унинг сўзларига кўра, базада "Туркия базасини ташкил этиш, доимий турк ҳарбийлари иштироки ёхуд кучлари жойлаштириш нияти" умуман бўлмаган. Вазир базанинг деярли бўш тургани, ҳали тўлиқ таъмирланмагани ва ишлар айнан Сурия ҳарбий-ҳаво кучлари эҳтиёжи учун олиб борилаётганини таъкидлади.

Аслида охирги йилларда АҚШ воситачилигида Исроил–Сурия хавфсизлик келишуви устида музокара олиб борилмоқда. Аш-Шайбонийнинг айтишича, келишув формуласи ҳатто қоғозда тайёр бўлган, бироқ Исроил ўз мажбуриятларидан ортга чекинган.

Туркия эса қаттиқроқ оҳангда жавоб қайтарди. Ташқи ишлар вазирлиги берилган зарбаларни "кучли қоралашини", ҳужум Суриянинг ҳудудий яхлитлигини бузгани ва мамлакатни барқарорлаштириш саъй-ҳаракатларига зарба эканини билдирди.

Туркия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, "зарба олдидан ҳам, ҳужум пайтида ҳам базада ҳеч қандай турк ҳарбий делегацияси бўлмаган". Шунингдек, турклар Исроил "беандиша ҳужумлар"ини тўхтатиши шартлигини айтиб, Сурия ҳарбий салоҳиятини тиклашга кўмак беришда давом этишини таъкидлади.

Қайд этиш мумкин бўлган ҳолат, Сурия томони турк зобитларининг ташрифини тан олган бўлса, Анқара бу масаласини бутунлай рад қилди.

**АҚШнинг аралашуви: "Кераксиз эскалация"**

Кутилмаган реаксия, сўнгги вақтларда Исроил ҳаракатларини қоралаши оддий ҳолга айланган – АҚШ вакилидан янгради. АҚШнинг Анқарадаги элчиси ва Сурия бўйича махсус вакил Том Баррак ўз постида Исроил зарбаларини очиқ танқид қилиб, уларни "кераксиз эскалация" деб атади. "Бундай ҳаракатлар минтақавий барқарорликка хизмат қилмайди", деди у.

Президент Доналд Трамп Ахиос нашрига зарба ҳақида хабардор қилинганини тасдиқлади, бироқ изоҳ беришдан бош тортди. Чунки Эрдўған ҳам, Биби ҳам Трамп учун "ҳурматга сазовор" етакчилар. Шунингдек, Қатар, Миср, Саудия Арабистони ва Иордания ҳам Исроилнинг зарбаларини қоралади.

**Туркия учун нега Сурия бунчалик муҳим?**

2024-йил декабрида диктатор Башар Асад режими ағдарилгач, Туркия янги Сурия ҳукуматининг бош таянчига айланди. Бунинг кўплаб сабаблари бор. Биринчидан, Туркияда яшаётган миллионлаб суриялик муҳожирларнинг қайтиши учун барқарор ва жозибали Сурия керак.

Бундан ташқари, урушдан вайрон бўлган ҳудудларни тиклаш, ҳарбий ёрдам – турк компаниялари учун улкан иқтисодий имконият. 2025-йил августида икки давлат ҳарбий тайёргарлик ва маслаҳат бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаган. Шундан сўнг, турк мутахассислари суриялик ҳарбийларни ўқитишга киришганди. Таҳлилчиларнинг ёзишича, зарба берилган "Абу Зуҳур" авиабазаси азалдан Туркия таъсир доираси ҳисобланган ҳудуднинг қоқ марказида – Идлибда жойлашган.

**Исроил расмийларининг таҳдидлари**

Зарбадан кейинги кунларда Исроил раҳбарияти оҳангни пасайтириш ўрнига уни кучайтирди. Нетаняху 19-август кунги чиқишида Исроил ўз чегаралари томон силжиётган турк ҳарбий иштирокига тоқат қилмаслигини билдирди.

**Анқаранинг жавоби**

Туркия ҳам Исроил таҳдидларига чекиниш билан жавоб бермади. Туркия президентлик девони Кац ва Нетаняхунинг баёнотларидан сўнг Исроил айбловларини "асоссиз" ҳамда ноқонуний ҳаракатни оқлашга уриниш, деб атади. Шунингдек, турклар келгусида Сурияда ҳарбий куч жойлаштириш эҳтимолини истисно қилмади: Анқара Дамашқ билан ҳамкорликни қатъий давом эттиради.

Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан эса Исроил Сурияни издан чиқараётгани ва Туркия ўз манфаатларини ҳимоя қилишдан тортинмаслиги ҳақида баёнот берди.

Айрим турк нашрлари Исроилнинг зарбасини "уруш провокацияси" дея баҳоламоқда. Ҳукумат доираларида эса бу ҳужум Туркиянинг "минтақавий хавфсизлик ҳамкори" сифатидаги обрўсига ташланган синов, деб қабул қилинмоқда.

**"Исроилга кучли қўшни керакмас"**

"Абу Зуҳур" авиабазасига берилган зарба – йирик ҳужумлар занжирининг сўнгги ҳалқаси, холос. Аслида 2024-йил декабрдан – Асадлар режими қулаган илк соатларданоқ Исроил Сурия ҳарбий инфратузилмасини тизимли йўқ қилишга киришган.

Ал Жазеера'нинг ҳисоб-китобларига кўра, биринчи йилнинг ўзида Сурияга 600 дан ортиқ зарба берилиб, мамлакат ҳаво мудофааси деярли бутунлай ишдан чиқарилди. Исроил Жўлан тепаликларидаги буфер зона ва стратегик чўққини ҳам эгаллади.

Туркия билан муносабатлардаги кескинликка Исроилнинг Ғазодаги геноцид уруши ҳам таъсир қилган. Туркия 2024-йилдаёқ Исроил билан савдони тўхтатди, Эрдўған Нетаняху ҳукуматини энг кескин иборалар билан танқид қилиб келади.

Исроилда эса Туркияни "янги Эрон" деб аташ урфга айланди - бу иборани собиқ бош вазир Нафтали Беннетт ишлатган. Октабрда Исроилдаги сайловлар олдидан Анқарага нисбатан қаттиққўллик ПР компаниянинг бир қисми сифатида ҳам ишлатилмоқда. Чунки, Исроил расмийлари қанчалик таҳдидлар қилишмасин, умумий мудофаа келишувига эга НАТО аъзоси билан уруш уларга ҳам оғирлик қилади.

Ҳозирча Туркия ва Исроил бир-бири билан бевосита эмас, балки Суриядаги обьектлар ва ижтимоий тармоқдаги баёнотлари орқали "гаплашмоқда".

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.