Йўллар ва ичимлик суви таъминоти бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилади
Қашқадарё вилоятида 100 километрлик автомобил йўли реконструксия қилинади, темир йўл кесишмаларида йўл ўтказгичлар қурилади ва

Йўллар ва ичимлик суви таъминоти бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилади
Қашқадарё вилоятида йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадида Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда А-380 автомобил йўлининг вилоят ҳудудидан ўтувчи 100 километр қисми реконструксия қилиниши бошланади. Лойиҳанинг қиймати 350 млн долларни ташкил этади.
Қарши шаҳрининг айланма йўли 5,5 километрга чўзилиб, А-380 магистралига уланади. Масъулларга лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини шу йил охиригача тайёрлаш ва январдан қурилиш ишларини бошлаш вазифаси топширилди.
Шунингдек, «Қарши — Помиқ» ва «Ғузор — Бейнау» автомобил йўлларидаги темир йўл кесишмаларида поездлар ўтиши пайтида юзага келадиган тирбандликларни бартараф этиш учун 250 млрд сўмлик иккита замонавий йўл ўтказгич қурилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёдаги энг долзарб масалалардан бири аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш эканини таъкидлади.
Жорий йил ажратилган 1 трлн сўм ҳисобидан 747 километр сув ва канализация тармоғи ҳамда 43 та иншоот қурилишини икки ой ичида якунлаш топширилди. Бунинг натижасида 200 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳри, Қамаши ва Ғузор туманлари ҳамда Қарши туманига сув тармоғи тортиш лойиҳасини бошлаш учун 100 млрд сўм ажратилди. Лойиҳани сифатли амалга ошириш учун яна 210 млн доллар жалб этиш вазифаси қўйилди. Натижада 350 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Нишон, Касби, Миришкор, Муборак ва Қарши туманларидаги яна 700 минг аҳолининг сув таъминотини яхшилаш учун «Толимаржон — Муборак» сув тизимини реконструксия қилиш лойиҳаси бошланмоқда. Унинг техник-иқтисодий асосларини 1 апрелгача тайёрлаш ва лойиҳа учун 150 млн доллар жалб этиш режалаштирилган.

