ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ўзбекистонни эътироф этди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов журналистлар манфаатларини таъминлаш, ОАВларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган

ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ўзбекистонни эътироф этди
Ўзбекистонда сўз эркинлигини мустаҳкамлаш, журналистлар хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий медиа муҳитини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар халқаро мулоқотнинг муҳим мавзуларидан бирига айланмоқда.
Бу масалалар Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси делегацияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари бўйича вакили, элчи Ян Браату билан Вена шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда ҳам асосий эътиборда бўлди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг ЕХҲТ институтлари, хусусан, Оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари бўйича вакил мандати доирасидаги фаолиятга алоҳида аҳамият қаратаётгани таъкидланди.
Мамлакатнинг сўз эркинлигини мустаҳкамлаш, медиа соҳасини ривожлантириш ҳамда ЕХҲТ доирасида қабул қилинган халқаро мажбуриятларни бажаришга содиқлиги қайд этилди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, ахборот соҳасини тартибга солувчи миллий қонунчиликни янгилаш, уни халқаро стандартлар ва замонавий технологик талабларга мослаштириш, журналистларнинг касбий фаолияти учун ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.
Ян Браату ушбу йўналишдаги ташаббусларнинг аҳамиятини қайд этиб, медиа соҳасидаги ислоҳотлар очиқлик, шаффофлик ва журналистларнинг касбий мустақиллигини таъминлаш тамойиллари билан уйғун ҳолда амалга оширилиши зарурлигига эътибор қаратди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов журналистлар манфаатларини таъминлаш, ОАВларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, Ўзбекистон журналистларининг касбий этикаси кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва ҳозирда қизғин муҳокама қилинаётгани билдирилди.
Мазкур ташаббуснинг аҳамиятига тўхталар экан, Ян Браату журналистикада касбий масъулият, холислик ва ишончлилик тамойилларини мустаҳкамлаш, шунингдек, журналистларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
«Бу ташаббус ахборот маконида касбий масъулият, холислик ва ишончлилик мезонларини мустаҳкамлаш, журналистиканинг профессионал стандартларини ривожлантириш нуқтаи назаридан долзарб аҳамият касб этади. Шу билан бирга, журналистлар хавфсизлигини таъминлашга оид ЕХҲТ Вазирлар кенгашининг 3/18-сонли қарорида белгиланган мажбуриятларни амалиётга татбиқ этиш борасида Ўзбекистон олдинга қадам ташламоқда
», — деди Ян Браату.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда мазкур йўналишда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, жумладан, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, журналистлар хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва уларнинг касбий фаолияти учун қулай муҳит яратиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси делегацияси Австрия медиа академияси, Журналистика ва медиа бўйича Вена форуми маркази, Австрия матбуот нашрлари уюшмаси раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказди ҳамда Кремс шаҳридаги «ИМС» амалий фанлар университети фаолияти билан танишди.

