Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Туркиянинг етакчи медиа тузилмалари билан меморандум имзолади
Ўзбекистон ва Туркия журналистлари ўртасида профессионал тармоқни кенгайтириш масаласи ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида

**Ўзбекистон Журналистлар Уюшмаси Туркиянинг Етакчи Медиа Тузилмалари Билан Ҳамкорлик Меморандумини Имзолади**
Туркиянинг Баликесир шаҳрида бўлиб ўтган «Маданият йўналишидан рақамли келажакка: маданиятлар, медиа ва сунъий интеллект» номли халқаро медиафорум доирасида Ўзбекистон Журналистлар Уюшмаси ва Туркия медиа тузилмалари вакиллари ўртасида самарали музокаралар ўтказилди.
Учрашувларда икки давлат журналистикасининг бугунги ҳолати, замонавий медиа муҳитида юзага келаётган имкониятлар ва қийинчиликлар, журналистлар ўртасидаги профессионал алоқаларни кенгайтириш, тажриба алмашиш ҳамда қўшма медиа лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокараларнинг муҳим натижаси Ўзбекистон ва Туркия медиа тузилмалари ўртасида ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши бўлди. Ўзбекистон Журналистлар Уюшмаси бошқаруви раиси Шуҳрат Орипов, Туркия Журналистлар Федерацияси раиси Йилмаз Каража ва Туркия Интернет Медиа Бирлиги бошқаруви раиси Сулаймон Баса томонидан имзоланган ушбу ҳужжатлар икки мамлакат журналистлари ва медиа ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни тизимли ва амалий асосда ривожлантириш учун муҳим қадам ҳисобланади.
Туркия Журналистлар Федерацияси билан ҳамкорлик журналистлар делегациялари алмашинуви, маҳаллий матбуотни ривожлантириш тажрибасини ўрганиш, рақамли журналистика, сунъий интеллект ва медиа саводхонлик бўйича қўшма семинарлар ташкил этиш, журналистлар малакасини ошириш ҳамда халқаро медиа форумлар ўтказиш каби йўналишларни қамраб олади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия журналистлари ўртасида профессионал тармоқни кенгайтириш ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
1996-йилда ташкил этилган Туркия Журналистлар Федерацияси журналистларнинг касбий манфаатларини ҳимоя қилиш, матбуот ва сўз эркинлиги масалаларида журналистик ҳамжамиятнинг умумий позициясини ифода этиш, маҳаллий ва минтақавий матбуотни қўллаб-қувватлаш ҳамда профессионал ҳамкорликни кучайтириш йўналишларида фаолият юритади. Федерация Туркиянинг 81 вилоятидаги журналистлар уюшмаларини бирлаштиради.
Туркия Интернет Медиа Бирлиги (ТИМБИР) билан имзоланган ҳамкорлик меморандуми эса ушбу жараённинг рақамли медиа йўналишини янада бойитади. Ушбу ташкилот интернет журналистикаси, рақамли медиа ва онлайн ахборот платформаларини бирлаштирувчи халқаро мақомдаги профессионал медиа ташкилот бўлиб, унинг тармоғи Туркиянинг 81 вилояти ва дунёнинг 25 мамлакатидаги ҳамкорлик алоқаларини қамраб олади. Ташкилот тармоғига 800 дан ортиқ медиа ташкилоти ва 1000 дан зиёд ахборот платформалари киради.
Ўзбекистон Журналистлар Уюшмаси ТИМБИР билан ҳамкорлик доирасида рақамли журналистика, интернет медиа, журналистлар малакасини ошириш, медиа саводхонлик, дезинформацияга қарши курашиш, ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Таълим дастурлари, семинар ва тренинглар орқали медиа ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, рақамли муҳитда ахборот ишончлилиги ва журналистик этика масалаларида тажриба алмашишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Баликесирдаги ҳамкорлик келишувларини икки мамлакат журналистлари ўртасида янги мулоқот майдонини шакллантирувчи муҳим ташаббус, янги тажриба ва янги қўшма лойиҳалар учун муҳим қадам сифатида баҳолаш мумкин. Бу ҳамкорлик Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни ахборот маконида янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

