Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Баликесир журналистлар жамияти билан ҳамкорлик қилади
Тадбирда Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов мамлакатларимиз ўртасида медиа соҳасидаги ҳамкорлик ривожланаётганини таъкидлаб, Жамият

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Туркиянинг Баликесир Журналистлар Жамияти билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Бу ҳақда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вакиллари Баликесир Журналистлар Жамиятининг 10 йиллик юбилейига бағишланган маросимда иштирок этганида маълум бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов икки мамлакат ўртасида медиа соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожланиб бораётганини таъкидлаб, Жамият раҳбарияти ва аъзоларини ушбу муҳим сана билан табриклади.
Маросим доирасида Баликесир Журналистлар Жамияти раиси Семра Аман Акюрак билан ҳамкорликнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, Жамият ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Бухоро вилояти бўлими ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишувга эришилди.
Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликнинг турли йўналишларни қамраб олиши мумкинлиги қайд этилди. Жумладан, журналистларнинг малакасини ошириш, рақамли медиа, сунъий интеллект ва янги технологиялар бўйича қўшма ўқув курсларини ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Ушбу ҳамкорлик доирасида Бухоро ва Баликесир шаҳарларида медиафорумлар ўтказиш, журналистлар ва медиа ходимлари учун семинар-тренинглар, мастер-класслар ва онлайн таълим дастурларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатлари, тарих, маданият, адабиёт, туризм, иқтисодиёт ва гуманитар алоқаларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритишга қаратилган қўшма медиа лойиҳаларининг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Келгусида журналистика этикаси, ишончли ва холис ахборот тарқатиш, фактларни текшириш, медиа саводхонлик ва дезинформацияга қарши кураш соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилиш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди.

