Европада қайси давлатда солиқ турлари энг кўп экани маълум бўлди
Европа давлатларида алоҳида солиқ ва йиғимлар сони кескин фарқ қилиши маълум бўлди. 2024-йил бўйича мавжуд маълумотларга кўра, Франсияда 348 турдаги солиқ ҳисобланган бўлса, Эстонияда бу кўрсаткич 34 тани ташкил этган.

Европада қайси давлатда солиқ турлари энг кўплиги аниқланди
Тах Полисй Ассосиатес йиғган маълумотлар асосида Европа мамлакатларидаги алоҳида солиқлар сони солиштирилди
Унга кўра, Франсия 348 та алоҳида солиқ билан бошқа Европа давлатларидан анча ажралиб туради. Иккинчи ўриндаги Данияда 132 турдаги солиқ бор. Европа бўйича ўртача кўрсаткич эса қарийб 90 тани ташкил этади.
Франсиядаги 348 та солиқнинг 243 таси бюджетга нисбатан кам даромад келтирадиган солиқлар тоифасига киради. Мамлакат бюджети тушумларининг асосий қисми эса йирик солиқ турлари ҳисобидан шаклланади.
Жумладан, 2024-йилда меҳнат фаолияти билан боғлиқ солиқлардан 800 млрд евродан ортиқ, товарлар ва хизматларга солинадиган солиқлардан эса қарийб 300 млрд евро тушум олинган.
Франсияда солиқлар сонининг кўплиги турли даврларда жорий этилган тор соҳавий йиғимлар билан ҳам изоҳланади. Улар орасида суғурта, касбий таълим, савдо-саноат палаталари, атом энергетикаси ва қимор ўйинлари билан боғлиқ махсус солиқ ва йиғимлар бор.
Рейтингнинг пастки қисмида Болтиқбўйи давлатлари жойлашган. Латвияда 54 та, Литвада 35 та алоҳида солиқ қайд этилган. Эстонияда эса 34 та солиқ мавжуд бўлиб, бу таққосланган Европа мамлакатлари орасидаги энг паст кўрсаткичдир.
Шу билан бирга, алоҳида солиқлар сони мамлакатдаги умумий солиқ юки қанчалик юқори ёки пастлигини бевосита англатмайди. Бу кўрсаткич, аввало, миллий солиқ тизимининг тузилиши ва мураккаблигини таққослаш имконини беради.

