Финляндия Франсиянинг Европада ядровий тийиб туриш ташаббусига қўшилади

Финляндия Франсиянинг Европада ядровий тийиб туриш ташаббусига қўшилади
Финляндия Франсия томонидан илгари сурилган ядровий тийиб туриш лойиҳасига қўшилиш ҳақида қарор қабул қилди.
“Франсия Европадаги ядровий давлатлардан бири бўлиб, қитъа мудофаасини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Финляндиянинг Франсия ташаббусига қўшилиши икки давлат ўртасидаги мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни сезиларли даражада кучайтиради ва мамлакат хавфсизлигини янада мустаҳкамлайди. Бундай қадам ўз-ўзидан тушунарли, чунки яқин иттифоқчиларимиз — Норвегия, Швеция ва Дания — мазкур ташаббусга аллақачон қўшилган”, деди Финляндия мудофаа вазири.
Мамлакат президенти Александр Стубб ушбу келишувга муносабат билдирар экан, Финляндия тинчлик даврида ўз ҳудудида ядровий қурол жойлаштирмаслигини таъкидлади. Унинг изоҳига кўра, Франсия ташаббуси НАТОнинг ядровий тийиб туриш сиёсати фаолиятига халақит бермайди ва унинг вазифаларини такрорламайди.
Франсия президенти Эммануел Макрон Париж бощилигидаги Европа “ядровий соябони” лойиҳаси ҳақида илк бор 2025-йил март ойида маълум қилганди.
Франсия — Европа Иттифоқида ядровий қуролга эга ягона давлат.
Орадан бир йил ўтиб, Макрон Париж ядровий каллаклар сонини оширишини, бундан буён эса мамлакат ядровий арсеналининг аниқ ҳажми ҳақида маълумот бермаслигини билдирди.
Ушбу ташаббус доирасида Европа давлатлари ўз ҳудудида Франсиянинг ядровий қурол ташишга мўлжалланган самолётларини жойлаштириши мумкин бўлади.
Аввалроқ “Ядровий соябон” лойиҳасига Белгия, Германия, Греция, Дания, Нидерландия, Полша, Норвегия ва Швеция, шунингдек, ўз ядровий қуролига эга Буюк Британия ҳам қўшилганди.

