Европа катта экранда: Ўзбекистонда XI Европа киноси фестивалига старт берилди
Миллий киносанъат саройида бу йил Тошкент ва Урганчда бўлиб ўтадиган XI Европа киноси фестивалининг тантанали очилиши бўлиб ўтди.

Катта экранда Европа: Ўзбекистонда XI Европа киноси фестивали очилди
Миллий киносанъат саройида бу йил Тошкент ва Урганчда бўлиб ўтадиган XI Европа киноси фестивалининг тантанали очилиши бўлиб ўтди.
Ҳар йили ўтказиладиган фестиваль Европа Иттифоқининг (ЕИ) Ўзбекистондаги Делегацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги томонидан ЕИга аъзо давлатлар элчихоналари, маданият муассасалари ва бошқа Европа мамлакатлари кўмагида ташкил этилмоқда.
Шаклланган анъанага кўра, фестивалга Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар ва Ўзбекистон Кинематографичилари ижодий уюшмаси раиси Матякуб Матчанов иштирокидаги матбуот анжумани орқали старт берилди.
Дастурга Кипр, Франция, Германия, Греция, Италия, Латвия, Литва, Люксембург, Руминия ва Словения режиссёрларининг 11 та фильми киритилган: ҳужжатли фильмлардан тортиб психологик драмалар, анимация, биографик ленталар ва романтик ҳикояларгача.
23 дан 25 октябргача намойишлар Тошкентда Миллий киносанъат саройида (собиқ «Панорама» кинотеатри), 27 октябрда эса Урганчда Худойберган Девонов номидаги кинотеатрда бўлиб ўтади. Бундан ташқари, фестиваль кунларида Ўзбекистондаги Британ Кенгаши Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ) талабалари учун ва MOK HUB маданий маконида бир қатор қисқа метражли фильмларни намойиш этади.
2013 йилдан бери Европа киноси фестивали мамлакатдаги энг кўп кутиладиган маданий воқеалардан бирига айланди. Ушбу давр мобайнида Ўзбекистоннинг тўққизта ҳудудида, жумладан Навоий, Нукус, Шаҳрисабз, Фарғона, Жиззах, Бухоро ва бошқа шаҳарларда ЕИга аъзо деярли барча давлатлар ва бошқа Европа мамлакатларининг 120 дан ортиқ фильмлари намойиш этилди.
«Европа киноси фестивали — бу маданиятларимизнинг хилма-хиллигини ва умуминсоний қадриятларни акс эттирувчи ҳикоялар орқали Европани ўзи учун кашф этиш имкониятидир. Бу йил биз кино байрамини Урганч билан биргаликда баҳам кўрмоқдамиз. Географияни Тошкентдан ташқарига кенгайтириш Ўзбекистон ҳудудлари билан маданий алмашинув учун имкониятлар яратадиган яхши анъанага айланди. Ўзбекистон Кинематография агентлигига, ЕИ мамлакатлари элчихоналарига ва иштирок этаётган маданий ташкилотларга кўп йиллик ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Уларнинг қўшган ҳиссаси туфайли фестиваль кинонинг умуминсоний тилида халқлар ўртасидаги жонли мулоқотга кўмаклашадиган ёрқин маданий воқеага айланди», — деди ЕИ элчиси Тойво Клаар.
«Европа кинофестивали — маданиятлараро мулоқот ва ижодий алмашинув учун муҳим майдондир. У ўзбек томошабинларига Европа киносининг ўзига хос бадиий ёндашувлари, шунингдек, турли халқларнинг ҳаёти, қадриятлари ва маънавий мероси билан яқиндан танишиш имконини беради. Бугунги кунда Ўзбекистон Европа мамлакатлари билан кинематография соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда: қўшма фильмлар яратиш, профессионал тажриба алмашиш ва маҳаллий ленталарни халқаро майдонда илгари суриш — ушбу ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидир. Ишончим комилки, бундай ташаббуслар ўзбек кинематографичиларининг профессионал салоҳиятини оширади, миллий кинонинг халқаро обрўсини мустаҳкамлайди ва халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни кенгайтиради. Барчани Тошкент ва Урганчдаги XI Европа кинофестивалида иштирок этишга таклиф қиламан!» — деб таъкидлади Матякуб Матчанов.
Дастурнинг очилиши Франция ва Люксембург томонидан яратилган 2024 йилги «Боғдаги қайиқ» (асл номи — Slocum et moi) анимацион фильмининг намойиши билан бўлиб ўтди. Режиссёр — Жан-Франсуа Лагиони. Лента Cartoons on the Bay фестивалида энг яхши деб тан олинган, Pulcinella Awards мукофотини олган ва Анси халқаро анимацион фильмлар фестивалида ҳамда «Люмьер» миллий киномукофотида энг яхши анимацион фильм сифатида номзод қилиб кўрсатилган.
Сюжет 1950-йилларнинг бошларида денгиз бўйидаги шаҳарлардан бирида содир бўлади, у ерда ёш Франсуа ота-онаси билан бирга оилавий боғда елканли қайиқ қурмоқда. Ушбу журъатли ғоя қаҳрамонни унинг болаликдан ўсмирликка ўтишини рамзи бўлган катта орзулар ва ғояларга илҳомлантиради.
Ушбу йиллар давомида Европа киноси фестивали турли маданий ташаббуслар майдонига айланди, уларнинг асосий ғояси — кино санъати орқали мамлакатлар ва одамларни бирлаштиришдир.
Ташкилотчилар Кипр, Франция, Германия, Греция, Италия, Латвия, Литва, Люксембург, Руминия ва Словения элчихоналарига, шунингдек, «Европа жамоаси» (Team Europe) ташаббуси руҳида фестивални ўтказишда кўрсатган қўллаб-қувватлаши учун Франция институти ва Гёте номидаги институтга миннатдорчилик билдирадилар.

