Тошкент ва Урганчда Европа кинофестивали бўлиб ўтади
Кинофестивал бошланишига саноқли кунлар қолди

Тошкент ва Урганчда Европа кинофестивали ўтказилади
Мавсумнинг муҳим маданий воқеаларидан бири бўлган ХИ Европа кинофестивалининг бошланишига саноқли кунлар қолди. Фестивал 23-25-октябр кунлари Тошкентда, 27-октябр куни эса илк бор Урганч шаҳрида ташкил этилади.
ХИ Европа кинофестивали дастуридан чуқур драматик ҳикоялар ва биографик асарлардан тортиб, ҳужжатли филмлар ҳамда анимацияларгача бўлган 11 та асар жой олган.
Тошкентдаги намойишлар Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида бўлиб ўтади.
28-октябр куни Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда талабалар учун қисқа метражли филмлар намойишини уюштиради. Бундан ташқари, Мос Ҳуб маданий маконида кенг жамоатчилик учун ҳам филмлар намойиш этилади.
ЕИ делегацияси маълумотига кўра, кинофестивал учун Кипр, Франсия, Германия, Греция, Италия, Латвия, Литва, Люксембург, Руминия ва Словения элчихоналари сара филмларни тақдим этган. Уларнинг аксарияти миллий ва халқаро киномукофотлар совриндори ҳисобланади.
Тадбирни ташкил этишда Тошкентдаги Гёте институти ҳамда Франсия алянси фаол иштирок этмоқда.
Барча намойишлар бепул бўлиб, филмлар оригинал тилда, ўзбек ёки рус тилидаги субтитрлар билан кўрсатилади.
Фестивал 2013-йилдан бери ҳар йили Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси томонидан Европа мамлакатларининг юртимиздаги элчихоналари билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги кўмагида ташкил этиб келинади. Жумладан, ўтган йили ҳам Европанинг 12 мамлакатидан 12 та сара филм намойиш этилганди.
Кинофестивал Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алмашинув, ижодий ҳамкорлик ва умумий қадриятлар руҳини ўзида мужассам этади.

