Лайфстайл

Тошкентда турк киноси кунлари: машҳур актёрлар ўзбекистонлик мухлислар билан учрашади

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Туркия–Ўзбекистон маданият ва санъат учрашувлари доирасида 25–29-сентябр кунлари пойтахтда

**Тошкентда турк киноси кунлари: машҳур актёрлар ўзбекистонлик мухлислар билан учрашади**

Кино халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган, турли маданият ва тарихни экран орқали таништирадиган санъат турларидан бири ҳисобланади. Шу жиҳатдан, Тошкентда ўтказиладиган «Турк киноси кунлари» нафақат кино ишқибозлари, балки Туркия маданиятига қизиқадиганлар учун ҳам алоҳида маданий воқеага айланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Туркия–Ўзбекистон маданият ва санъат учрашувлари доирасида 25–29-сентябр кунлари пойтахтда «Турк киноси кунлари» ташкил этилади.

Тадбир Туркия Маданият ва туризм вазирлиги Кино бош бошқармаси кўмагида Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида ўтказилади. Беш кун давомида томошабинларга турли жанрлардаги, кино мухлислари эътирофига сазовор бўлган турк филмлари намойиш этилади. Дастурда филмлар тақдимоти билан бирга, ижодий учрашувлар ва Туркия кино санъатининг таниқли вакиллари иштирокидаги тадбирлар ҳам бор.

Айниқса, 25-сентябр куни бўлиб ўтадиган тантанали очилиш маросими кино мухлислари учун алоҳида қизиқарли бўлиши кутилмоқда. Унда Туркия кино ва телевидениесининг машҳур актёрлари Энгин Алтан Дюзятан, Ўзге Гюрел, Серкан Чаёғлу ҳамда Дениз Барут қизил йўлакдан ўтиб, ўзбекистонлик мухлислар билан учрашади.

Гала-кечада Туркиянинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятини халқаро томошабинларга таништиришга қаратилган «Кöкенлерин Фıсıлтıсı» номли мини-сериал ҳам намойиш этилади. Унда бош ролларни ижро этган Энгин Алтан Дюзятан ва Ўзге Гюрелнинг тадбирда қатнашиши режалаштирилган.

Шунингдек, ТРТ телеканалининг «Меҳмед: Фетиҳлер Султанı» сериалида Фотиҳ Султон Меҳмед образини гавдалантирган Серкан Чаёғлу ҳамда «Бак Постасı Гелиёр» филмида Гулизар ролини ижро этган Дениз Барут ҳам томошабинлар билан учрашади.

Кино намойишлари 26-сентябр куни режиссёр Тунч Давутнинг «Кесилмиş Бир Аğаç Гиби» филми билан бошланади. Али Ипин, Фейёз Думан ва Селен Куртаран бош ролларни ижро этган ушбу картина 99-«Оскар» мукофотининг «Энг яхши халқаро филм» номинациясида Туркиянинг расмий номзоди сифатида танланган.

27-сентябр куни режиссёр Юксел Аксуннинг «Бак Постасı Гелиёр» филми намойиш этилади. Ўтган асрнинг 1950-йилларида Эгей минтақасидаги кичик шаҳарчада кечадиган воқеалар асосида яратилган филмда пошталон Османнинг Гулизарга етишиш йўлидаги кураши ҳикоя қилинади. Бош ролларни Дениз Барут ва Озан Акбаба ижро этган.

28-сентябр куни эса режиссёрлар Иброҳим Буюкака ва Эмраҳ Агушнинг «Мутлуюз му?» филми томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. Филмда бош ролларни Иброҳим Буюкак ва Ясемин Сакаллиоғлу ижро этган.

«Турк киноси кунлари» 29-сентябр куни режиссёрлар Эмре Караел ва Лейла Яманнинг «Дедектиф Рептıр» анимацион филми намойиши билан якунланади. Асарда сирли воқеаларга ойдинлик киритишга уринаётган Детектив Рептир ва унинг жамоаси бошидан кечирадиган саргузаштлар ҳикоя қилинади.

Беш кун давомида Тошкент турк киноси, унинг замонавий тенденсиялари ва таниқли ижодкорлари билан яқиндан танишиш имконини беради. Мазкур маданий тадбир Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги тарихий дўстлик ва маданий алоқаларни санъат орқали янада бойитишга хизмат қилиши кўзда тутилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.