ЯТТларга савдо автоматларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади
Якка тартибдаги тадбиркорларга савдо автоматларини ўрнатиш ва электрон савдода буюртмаларни топшириш пунктларини очиш ҳуқуқини бериш кўзда тутилмоқда.

ЯТТларга савдо автоматларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади
Ўзбекистонда солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга қаратилган қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Лойиҳада қуйидаги масалалар назарда тутилади:
- солиқнинг белгиланган муддатда тўланмаган қисмига ҳисобланадиган пеня тўланмаган солиқ суммасидан ошиб кетмаслигини белгилаш;
- якка тартибдаги тадбиркорларга савдо автоматларини ўрнатиш ва электрон савдода буюртмаларни топшириш пунктларини очиш ҳуқуқини бериш;
- фискал чек шакллантириладиган рақамли платформалар орқали фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни назорат-касса техникасидан фойдаланиш мажбуриятидан озод этиш;
- ҳисобга қўйилмаган шартномалар асосида ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулк обьектидаги товар қолдиқлари саноқдан ўтказилмаслиги билан боғлиқ талабни бекор қилиш.
Қонун ва ҳукумат қарори лойиҳаси 2026-йил ноябр ойида тайёр бўлиши керак.
Бу топшириқ президентнинг тадбиркорлар билан мулоқотида белгиланган вазифалар ижросига оид фармонда назарда тутилган.
Топшириқ ижроси учун бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ва бошқалар масъул этиб белгиланган.

