Иқтисодиёт

Ўзбекистонда ташқи савдо воситачилик контракти жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда ташқи савдо воситачилик шартномаси жорий этилиши кўриб чиқилмоқда. Бу таклиф электрон тижорат ва халқаро ташиш хизматлари соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар учун ташқи савдо операцияларини соддалаштиришга қаратилган. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси 15-август куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳага кўра, ташқи савдо операцияларида "ташқи савдо воситачилик контракти" деб номланган янги турдаги шартнома пайдо бўлади. Бу шартнома резидент ва норезидент ўртасида агентлик, комиссия, топшириқ ёки бошқа воситачилик хизматлари бўйича тузиладиган контракт сифатида белгиланади.

Воситачи сифатида бошқа шахс манфаатларини кўзлаб ташқи савдо операцияларини ташкил этувчи, ҳисоб-китобларни амалга оширувчи, пул маблағларини қабул қилиб, уларни норезидент ёки контрактда белгиланган бошқа шахс фойдасига ўтказувчи резидент юридик шахс ёки юридик шахс ташкил этмаган тадбиркор жисмоний шахс тушунилади.

Лойиҳада воситачи томонидан учинчи шахслардан қабул қилинган ва норезидентга ёки контрактда кўрсатилган бошқа шахсга ўтказилиши лозим бўлган маблағлар "транзит пул маблағлари" деб эътироф этилиши назарда тутилган. Бундай маблағлар воситачининг даромади ҳисобланмайди. Фақат воситачилик ёки агентлик ҳақи унинг даромади сифатида қаралади.

Шунингдек, транзит маблағларни норезидент фойдасига ўтказиш воситачининг товарлар, ишлар ёки хизматлар импорти ёхуд экспорти ҳисобланмаслиги ва солиқ солиш обьекти сифатида қаралмаслиги белгиланмоқда. Тижорат банклари бундай тўловларни ташқи савдо воситачилик контракти асосида амалга ошириши мумкин бўлади.

Лойиҳада ташқи савдо контрактлари рўйхатига янги – 23-рақам остида ташқи савдо воситачилик контракти киритилиши ҳам таклиф қилинмоқда. Божхона қўмитасига эса уч ой муддатда "Э-контракт" ташқи савдо ахборот тизимига тегишли ўзгартиришларни киритиш вазифаси юклатилмоқда. Ҳужжат ҳозирча лойиҳа мақомида бўлиб, 30-августгача жамоатчилик муҳокамасида бўлади.

2026-йил июл ойида Божхона қўмитаси экспортёрларни хориждаги ишончсиз ҳамкорлардан огоҳлантириш мақсадида "Электрон контракт" ташқи савдо ахборот тизимида ишончсиз хорижий ҳамкорлар реестрини шакллантирганди. Реестрга Ўзбекистонлик шерикларига 100 минг доллардан ортиқ маблағни тўламаётган хорижий компаниялар киритилади ва у ҳар куни янгиланади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.