«Яширин флот» кемалари Россия байроғи остига ўтмоқда
2025-йил январидан 2026-йил июнигача Россия байроғи остидаги кемалар реестри 36 фоизга кенгайиб, унга 107 та кема қўшилган. Энергетика ва тоза ҳавони тадқиқ қилиш маркази (СРЕА) таҳлилига кўра, бу Россиянинг «яширин флоти»га нисбатан дипломатик босим кучайиши ва бошқа давлатлар кема реестрларидаги чекловлар билан боғлиқ.

«Яширин флот» кемалари Россия байроғи остига ўтмоқда
ДВ хабарига кўра, СРЕА ушбу таҳлилни 25-сентабр куни эълон қилган. Россия реестрига кемалар қўшилишининг энг юқори кўрсаткичи 2025-йил декабрида қайд этилган — бир ойнинг ўзида 25 та кема рўйхатга киритилган.
Тадқиқотчилар бу ўзгаришни хорижий кемаларни ҳам рўйхатга оладиган очиқ реестрлар сиёсати қатъийлашгани билан изоҳламоқда. Бундай реестрлар «яширин флот» кемаларида санксия остидаги юкларни ташишга рухсат беришдан воз кечмоқда.
Барбадос ва Палау ўз реестрларидан санксияга тушган барча кемаларни чиқарган. Панама эса уларнинг сонини 2025-йил майидаги энг юқори кўрсаткичга нисбатан қарийб учдан икки қисмга камайтирган.
Шунингдек, дунёнинг энг йирик кема реестрлари байроқ алмаштириш орқали санксияларни четлаб ўтиш ва бошқа шунга ўхшаш амалиётларга қарши курашиш учун РИСС номли умумий маълумотлар базасини ишга туширган.
СРЕА хулосасига кўра, бу шароитда «яширин флот» кемалари сохта байроқ остида сузиб, ушлаб қолиниш хавфини қабул қилиш ёки Россия реестрига ўтиш ўртасида танлов қилишга мажбур бўлмоқда.
Июн ойига келиб, аввал Комор ороллари ёки Гамбия байроғи остида ҳаракатланган 46 та кема Россияда рўйхатдан ўтган. Бошқа кемалар Серра-Леоне ва Экваториал Гвинея байроғига ўтган ёки тан олинган байроқсиз фаолиятини давом эттирган.
Россия реестрига қўшилган 107 та кеманинг 93 таси аввалдан санксиялар остида бўлган. Уларнинг 90 тасига нисбатан бир нечта юрисдиксия доирасида чекловлар қўлланган.
Таҳлилда қайд этилишича, дастлабки санксиялар жорий этилишидан олдин Россия нефтини ташиган кемалар кейинчалик байроғини аввалгига нисбатан уч баравар кўп алмаштира бошлаган. Уларнинг 16 таси Эрон ёки Венесуела нефтини ҳам ташиган.
Россия байроғига ўтганидан кейин ҳам кемалар Россия ёнилғисини жаҳон бозорларига етказиб беришда давом этган. Улар ташиган 5,2 млрд евролик нефт асосан Хитойга йўналтирилган. Мисрда ва Қизил денгизда юкни бир кемадан бошқасига ўтказиш амалиётларидан ҳам фойдаланилган.

