Россия дронлар йиғишга 25 минг нафаргача шимолий кореяликни жалб қилган — ҳисобот

Россия дронлар йиғишга 25 минг нафаргача шимолий кореяликни жалб қилган — ҳисобот
Россия Украинага қарши урушда ишлатиладиган дронларни йиғиш ишларига 25 минг нафаргача Шимолий Корея фуқаросини жалб этган. Бу ҳақда АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Япония ва бошқа давлатлар тузган Санксиялар мониторинги бўйича кўп томонлама гуруҳ (МСМТ) хабар берди.
Маълумотларга кўра, Россия КХДР фуқароларини ҳарбий дронлар ишлаб чиқаришга тобора фаолроқ сафарбар қилмоқда.
“Бундай ҳамкорлик Пхенянни ноқонуний қурол ишлаб чиқариш дастурларини молиялаштириш учун муҳим даромад манбаи билан таъминлайди”, дейилади ҳисоботда.
Татаристондаги “Алабуга” махсус иқтисодий зонасида жойлашган корхоналарда 25 минг нафаргача Шимолий Корея фуқароси меҳнат қилмоқда. Россия айнан шу зонада Украинага қарши урушда қўлланиладиган дронларини ишлаб чиқаради.
“Шимолий Корея ищилари санксияларни четлаб ўтиш учун Россияга талабалар ниқоби остида кириб келади. Уларнинг ўртача йиллик маоши 7 500 долларни ташкил этади”, дейилади ҳисоботда.
МСМТга кўра, бу сумма шимолий кореяликлар Хитойда топиши мумкин бўлган даромаддан беш баравар юқори. Шу боис Россия улар учун тобора жозибадор давлатга айланмоқда. 2025-йил охирида Хитойда 20 мингдан 70 минггача, Россияда эса 15 мингдан 30 минггача шимолий кореялик ишлаган.
“Ишлаб топилган маблағнинг катта қисми КХДР расмийлари томонидан мусодара қилинади. Айрим ҳолатларда эса ҳукумат томонидан ундирилган сумма ищининг ўзида қолиши керак бўлган даромаддан ҳам ошиб кетган”, деб ёзади ҳисобот муаллифлари.
Шу тариқа, хорижда ишлаётган Шимолий Корея фуқаролари 2025-йили Ким Чен Ин ҳукуматига 800 миллион долларгача даромад келтирган.
“Ушбу маблағ КХДР БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини бузган ҳолда ишлаб чиқаётган ядровий ва ракета дастурларини молиялаштиришга хизмат қилган”, деб таъкидлайди МСМТ.
Гуруҳ таркибига 11 та давлат киради.
У тузилишидан аввал, 2024-йилда Россия ташаббуси билан БМТнинг тегишли экспертлар кенгаши тарқатиб юборилган. Кенгаш 15 йил давомида Пхенян томонидан санксияларни четлаб ўтиш ва ядровий қурол ишлаб чиқиш фаолияти ҳақида ҳисоботлар тайёрлаб келган. МСМТ эълон қиладиган маълумотлар аъзо давлатларнинг махсус хизматлари маълумотларига асосланади.

