Хитой Россияга дрон ишлаб чиқариш учун яширинча 46 тонна хомашё етказиб берди — ОАВ

Хитой Россияга дрон ишлаб чиқариш учун яширинча 46 тонна хомашё юборди — ОАВ
Хитойнинг давлатга қарашли Жилин Чемисал Фибер Гроуп компанияси Россияга дронлар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган 46 тонна кимёвий хомашёни яширинча жўнатган. Юк тинч мақсадлардаги фуқаролик маҳсулоти сифатида кўрсатилган. Бу ҳақда Политисо ва Тҳе Телеграпҳ тегишли ҳужжатларга таянган ҳолда хабар берди.
Ҳужжатларга кўра, углерод толаси ишлаб чиқариш учун зарур бўлган полиакрилонитрил моддаси Россиянинг Алабуга-Фибер компанияси томонидан қабул қилинган. Бу компания “Росатом” таркибига киради. Татаристондаги Алабуга махсус иқтисодий зонасида 2023-йилдан бери Эроннинг Шаҳед дронлари асосида учувчисиз аппаратлар йиғиб келинмоқда.
2026-йилга оид ҳужжатларда ушбу юк фуқаролар фойдаланадиган синтетик толалар коди остида расмийлаштирилгани қайд этилган. Вашингтондаги Фан ва халқаро хавфсизлик институти раҳбари Девид Олбрайтнинг айтишича, углерод толаси дронларнинг қанотлари, двигатели ва ёнилғи баки каби ички қисмларини мустаҳкамлаш учун ишлатилади. Унинг ҳисоб-китобига кўра, 46 тонна полиакрилонитрил камида 1300 та дрон ишлаб чиқаришга етади.
Россиянинг Украинага қарши қўллаётган дронларида Хитой эҳтиёт қисмлари аввал ҳам бир неча бор аниқланган. Бироқ бу ҳужжатлар Хитойдан бундай хомашё бевосита етказиб берилганини тасдиқловчи илк далил ҳисобланади.
Хитойдан кимёвий моддалар юборилгани ҳақидаги ҳужжатлар Украина хавфсизлик ва ҳамкорлик маркази томонидан қўлга киритилган. Ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини Украина ҳукумати ҳамда АҚШ Конгрессининг Хитой бўйича махсус қўмитаси тасдиқлади. Шунингдек, бу маълумотлар Буюк Британия ҳукуматига ҳам топширилди.
АҚШ Давлат департаменти ва Марказий разведка агентлиги бу борада изоҳ беришдан бош тортди. Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳужжатлардаги маълумотларни рад этмади.
24-сентябр куни Доналд Трамп Вашингтонда Хитой раиси Си Сзинпин билан учрашишни режалаштирмоқда. Журналистларга кўра, бу янги далиллар фонида Украина АҚШ президентига босимни кучайтириши мумкин. Мақсад Пекинни Россияга бундай маҳсулотларни етказиб беришни тўхтатишга мажбур қилишдир.

