Дунё

Ҳарбий хизматга лаёқациз россияликлар дронларга қарши курашга жалб этилиши мумкин. Путин ташаббусни маъқуллади

Ҳарбий хизматга яроқсиз россияликлар дронларга қарши курашга жалб этилиши мумкин. Путин ташаббусни маъқуллади

Россия президенти Владимир Путин соғлиғи бўйича “Д” тоифага кирувчи, яъни ҳарбий хизматга мутлақо яроқсиз деб топилган фуқароларни армия сафига жалб этиш ҳақидаги ташаббусни қўллаб-қувватлади. Аммо улар фронтга юборилмайди — мамлакат ичида дронларни уриб тушириш билан шуғулланади.

Бу ташаббус россиялик ҳарбий мухбир ва “Единая Россия” партияси етакчиларидан бири Евгений Поддубний томонидан илгари сурилди. У Владимир Путин билан 5-сентябр кунги учрашувда оғир жароҳатлар сабаб “Д” тоифасига тушиб қолган айрим ҳарбийлар яна хизматга қайтишни истаётгани ҳақида маълум қилди.

Поддубнийнинг айтишича, бундай кўнгиллилар фронтнинг олдинги чизиғида эмас, балки ҳудудий бўлинмалар таркибида хизмат қилади. Хусусан, улар БАРС тузилмасининг ҳаво мудофааси бўлинмаларига жалб этилади. Бундай отрядлар Россия шаҳарлари, қишлоқлари ва саноат корхоналарини Украина дронларидан ҳимоя қилиш билан шуғулланади.

“Орамизда шундай кўнгиллилар гуруҳи борки, улар ўз имкониятларини баҳолаб, обьектларни дронлардан ҳимоя қилувчи ҳудудий бўлинмаларда хизмат қилишни хоҳлашмоқда. Улар бунга истисно тариқасида рухсат берилишни сўрамоқда. Гап олдинги чизиқ ҳақида кетмаяпти. Ўз шаҳринг, ўз қишлоғинг, корхонангни ҳимоя қилиш масаласи кўндаланг турибди”, деди Поддубний.

Путин эса унинг таклифига қисқа жавоб бериб, “қўллаб-қувватлайман”, деди.

“Д” тоифаси ўзи нима?

Россия ҳарбий-тиббий таснифига кўра, “Д” тоифаси фуқаронинг ҳарбий хизматга яроқсиз эканини англатади. Бундай фуқаролар одатда ҳарбий ҳисобдан чиқарилади ва амалдаги тартиб бўйича Россия Мудофаа вазирлиги билан ҳарбий хизмат шартномасини туза олмайди.

“Д” тоифаси оғир касалликлар ва жароҳатлар мавжуд бўлган ҳолатларда берилиши мумкин. Улар қаторига фаол шаклдаги сил, ОИВ, айрим онкологик касалликлар, шизофрения ва бошқа оғир руҳий хасталиклар, шунингдек, оёқ-қўлларнинг йўқлиги, кўрлик ёки тўлиқ карлик каби ҳолатлар киради.

Ташаббус сафарбарлик ҳақидаги баҳслар фонида янгради

Россиялик депутат томонидан илгари сурилган бу ташаббус мамлакатда янги сафарбарлик ҳақидаги баҳс-мунозаралар кучайган паллага тўғри келди. Владимир Путин 3-сентябр куни сафарбарликнинг янги тўлқини ҳақидаги хабарларни рад этиб, ҳозирча вазият буни тақозо қиладиган даражада эмаслигини айтди. Россия президенти бундай хабарлар Давлат думаси сайловлари арафасида амалга оширилаётган “ахборот операцияси” эканини таъкидлади.

Шунга қарамай, Россия қуролли кучларининг фронтдаги йўқотишлари ўрнини тўлдириш масаласи ҳануз долзарб бўлиб қолмоқда. Урушни ўрганиш институтининг 31-август кунги таҳлилида ёзилишича, Кремл рус армияси сафларини тўлдириш механизмларини сақлаб қолишга уринмоқда. Тҳе Эсономист нашри эса ўз манбаларига таяниб, Путин урушга яна 300–400 минг ҳарбий хизматчи юборишни кўзлаётгани ҳақида ёзди.

Урушни ўрганиш институти бунинг учун янги сафарбарлик эълон қилинмаслиги мумкинлигини тахмин қилган. Мутахассислар фикрича, ушбу мақсадга Россия ҳудудларидан қўшимча аскар ёллаш орқали эришиш мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.