Маҳаллий

“Яшил” маҳаллам” дастури доирасида маҳаллаларга комплекс хизматлар кўрсатилади

Президент Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқиш, маҳаллаларда аҳоли учун қулай экологик муҳит яратиш ва инновацион ечимларни жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.

“Яшил” маҳаллам” дастури доирасида маҳаллаларга комплекс хизматлар кўрсатилади

Мамлакатда яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахтзор ва боғлар барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ экилган кўчатларни сақлаб қолиш, уларни суғориш ва парваришлашни тизимли йўлга қўйишда айрим камчиликлар мавжуд.

Ўтган йил баҳорда экилган кўчатларнинг бир қисми қуриб қолган. Бунга ҳудуд иқлими ва тупроғига мос келмайдиган дарахтлар танлангани, сув таъминоти йўқ жойларга кўчат экилгани, касаллик ва зараркунандаларга қарши чоралар етарли бўлмагани сабаб бўлмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида барпо этилган ўрмонларни парваришлаш ва ҳимоя қилишда ҳам муаммолар борлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари ишлар самарадорлигини экилган кўчатларнинг бир, уч ва беш йилдан кейинги ҳолати асосида баҳолаш зарурлигини таъкидлади.

Шу муносабат билан кўкаламзорлаштириш ишларини илмий асосда ташкил этиш, ерни тайёрлашдан бошлаб суғориш тизимини яратиш ва кўчатларни камида уч йил парваришлашгача бўлган жараёнларни қамраб олувчи ёндашувлар тақдим этилди. Экиш муддатларини ҳар бир ҳудуднинг об-ҳаво шароити ва олимлар хулосаси асосида белгилаш, маҳаллий иқлимга мос, иссиқлик, совуққа ва сув танқислигига чидамли турларга устуворлик бериш режалаштирилмоқда.

Экология қўмитасига ҳар бир маҳалла кесимида кўчат тури, экиладиган жойи ва суғориш тизими акс этган “яшил харита”ларни ишлаб чиқиб, аҳолига эълон қилиш топширилди. Маҳалла раислари билан бирга ҳар бир кўчадаги дарахт ва кўчатлар ҳолатини мунтазам кузатиш, қуриш сабабларини аниқлаб, бартараф этиш вазифаси юклатилди.

Дарахт экиш ишларини, аввало, аҳоли гавжум жойларда, пиёдалар йўлаклари ва туну кун ишлайдиган кўчаларда ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Бундай ҳудудларда соя берувчи дарахтларни кўпайтириш орқали одамларнинг юриши ва дам олиши учун қулай шароит яратиш зарурлиги қайд этилди.

Тақдимотда “Яшил” маҳаллам” дастури доирасида маҳаллаларга комплекс хизматлар кўрсатиш таклифлари кўриб чиқилди. Маҳалла буюртмаси асосида сифатли кўчатлар, органик ўғит ва сув тежовчи суғориш воситаларини етказиб бериш, дарахтларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш хизматларини йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.

Ҳар бир маҳаллага ўрмончи-мураббий бириктириб, аҳолига кўчат экиш, суғориш ва парваришлашни ўргатиш, уйлар, мактаб ва боғчалар оралиғида кичик дарахтзорлар ҳамда жамоат боғларини барпо этиш режалаштирилган. Бу ишларга маҳалла фаоллари ва ёшлардан иборат кўнгиллилар ҳаракатларини кенг жалб қилиш вазифаси белгиланди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.