Маҳаллий

Ҳар бир маҳаллага ўрмончи-мураббий бириктирилади

Маҳаллаларнинг “яшил рейтинги”ни жорий этиш таклифи ҳам муҳокама қилинди. Бунда яшил майдонлар улуши, аҳоли сонига

Ҳар бир маҳаллага ўрмончи-мураббий бириктирилади

Мамлакатимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахтзор ва боғлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, экилган кўчатларни асраб қолиш, уларни суғориш ва парваришлашни тизимли йўлга қўйишда айрим камчиликлар мавжуд.

Ўтган йил баҳорда экилган кўчатларнинг бир қисми қуриб қолган. Бунга ҳудуд иқлими ва тупроғига мос келмайдиган дарахтларни танлаш, сув таъминоти йўқ жойларга кўчат экиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши чоралар етарли эмаслиги сабаб бўлаётгани қайд этилди. Орол денгизининг қуриган тубида барпо этилган ўрмонларни парваришлаш ва ҳимоя қилишда ҳам муаммолар борлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари ишлар самарадорлигини экилган кўчатларнинг бир, уч ва беш йилдан кейинги ҳолати асосида баҳолаш зарурлигини алоҳида қайд этди.

Экология қўмитасига ҳар бир маҳалла кесимида кўчат тури, экиладиган жойи ва суғориш тизими акс этган “яшил харита”ларни ишлаб чиқиб, аҳолига эълон қилиш топширилди. Маҳалла раислари билан бирга ҳар бир кўчадаги дарахт ва кўчатлар ҳолатини мунтазам кузатиш, қуриш сабабларини аниқлаб, бартараф этиш вазифаси юклатилди.

Дарахт экиш ишларини, аввало, аҳоли гавжум жойларда, пиёдалар йўлаклари ва туну кун ишлайдиган кўчаларда ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Бундай ҳудудларда соя берувчи дарахтларни кўпайтириш орқали одамларнинг юриши ва дам олиши учун қулай шароит яратиш зарурлиги қайд этилди.

Тақдимотда “Яшил” маҳаллам” дастури доирасида маҳаллаларга комплекс хизматлар кўрсатиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Ҳар бир маҳаллага ўрмончи-мураббий бириктириб, аҳолига кўчат экиш, суғориш ва парваришлашни ўргатиш, уйлар, мактаб ва боғчалар оралиғида кичик дарахтзорлар ҳамда жамоат боғларини барпо этиш режалаштирилган. Бу ишларга маҳалла фаоллари ва ёшлардан иборат кўнгиллилар ҳаракатларини кенг жалб қилиш вазифаси белгиланди.

Маҳаллаларнинг “яшил рейтинги”ни жорий этиш таклифи ҳам муҳокама қилинди. Бунда яшил майдонлар улуши, аҳоли сонига нисбатан дарахтлар сони, янги кўчатларнинг тутиб кетиши ва аҳолининг иштироки асосий мезон бўлади.

Ҳудудларни кўкаламзорлаштиришда “3-30-300” тамойилига асосланган дастурларни амалга ошириш таклиф этилди.

Янгиҳаётда маҳалла ва жамоат боғлари, соя-салқин сайр кўчалари ҳамда саноат корхоналари атрофида “яшил белбоғ”лар барпо этиш режалаштирилган. Сизот сувларини тўплаб, суғоришда қайта ишлатиш, сув ўтказувчан қопламалардан фойдаланиш, органик қолдиқлардан компост тайёрлаш каби ечимлар назарда тутилмоқда. Кўкаламзорлаштириш ишлари саноат ташланмаларини камайтириш, ҳаво сифатини автоматик назорат қилиш ва чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш билан бирга олиб борилади.

Олот туманида чўл шароитига мос, сувни кам талаб қиладиган ўсимликлар ҳисобига яшил қопламани кенгайтиришга эътибор қаратилади. Маҳаллий кўчатчиликни ривожлантириш, дендрология боғи ва шўрга чидамли ўсимликлар боғини ташкил этиш, йўл ва каналлар бўйида ҳимоя дарахтзорларини барпо қилиш таклиф этилган.

Ургутда тоғ ва тоғолди ҳудудларига мос кўкаламзорлаштириш, дендрология боғи ва жамоат паркларини яратиш, саноат зонаси ҳамда темир йўл атрофида “яшил белбоғ”лар ташкил этиш кўзда тутилмоқда. “Омонқўтон” миллий табиат боғида маҳаллий дарахт ва бута уруғлари асосида табиий ўсимлик қопламини тиклаш чоралари ҳам кўрилади.

Лойиҳанинг илмий таъминотини кучайтириш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

“Яшил АИ” модулини тажриба тариқасида ишга тушириш режалаштирилган. Сунъий интеллект ёрдамида тупроқ, иқлим ва сув таъминоти таҳлил қилиниб, кўчат экиш учун мақбул майдонлар ва дарахт турлари бўйича тавсиялар шакллантирилади. Кўчатларнинг қуриши, сув танқислиги, касаллик ва зараркунандалар хавфини эрта аниқлаш, масъулларни огоҳлантириш ҳамда натижаларни ягона харитада очиқ кузатиш имконияти яратилади.

Чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш ва бу йўналишда халқаро грантларни жалб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. 2027 йил 1 июлга қадар ҳар бир ҳудудда шундай намунавий лойиҳани йўлга қўйиш топширилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.