Маҳаллий

Долзарб кун тартиби (2026 йил июль-август)

Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида ўтказилаётган йиғилишларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг долзарб масалалари ишчи тартибда ҳал этилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий соҳани ривожлантиришга бағишланган йиғилишлар давомида қабул қилинаётган энг муҳим қарорлар ҳақида.

**Долзарб кун тартиби (2026 йил июль-август)**

16 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларда янги муҳит яратиш ва «маҳалла еттилиги» фаолиятини ташкил этишнинг янги тартибига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Жорий йилда инфратузилмани яхшилаш ва аҳоли учун шароитлар яратиш мақсадида туманларга ўртача 250 миллиард сўмдан, маҳаллаларга эса 5,5 миллиард сўмдан маблағ ажратилгани таъкидланди. Ваколатлар кенгайтирилиши ҳисобига жойларда қоладиган даромадлар ҳажми қарийб 2 баробарга ошди. Ўртача туманларда қўшимча равишда 22 миллиард сўмдан қолди, маҳаллалар бюджетларига эса ўртача 150-200 миллион сўмдан тушди. Шу билан бирга, айрим туманларда кам таъминланган оилаларнинг лойиҳаларга жалб этилиш даражаси пастлиги, шунингдек, 32 та маҳаллада бирон бир муҳтож шахс доимий иш билан таъминланмагани танқид қилинди. Шу муносабат билан йил бошидан буён 152 нафар раҳбар лавозимидан озод этилди, яна 700 нафарига нисбатан интизомий чоралар кўрилди.

Давлат раҳбари маҳалла одамлар учун ҳақиқий ишонч, суянч ва имкониятлар марказига айланиши лозимлигини таъкидлади. Яқинда Президент фармони имзоланди, унга кўра эндиликда ҳар бир маҳалла раиси ўз ҳудудининг иқтисодий ва ижтимоий буюртмасини шакллантиради. Маҳалла раисларига хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт объектлари қуриш учун ер участкаларини аукционга чиқариш ваколатлари ҳам берилади.

Маҳалла раиси ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, тозаликни таъминлаш ва даромадларни оширишга қаратилган лойиҳаларда ташаббус кўрсатиши лозим. Бундай лойиҳалар учун «маҳалла еттиликлари»га 10 миллион сўмдан грантлар ажратилади. Ушбу мақсадлар учун 240 миллиард сўм миқдорида ресурс шакллантирилади. Маҳалла раиси, шунингдек, «маҳалла еттилиги»нинг ҳафталик ва ойлик режаларини тасдиқлайди, уларнинг олдига аниқ вазифалар қўяди ва ижросини талаб қилади. «Еттилик» фаолиятини услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун Миллий маҳаллани ривожлантириш институти ташкил этилади.

Маҳалла банкчиларининг иш услуби тубдан ўзгартирилади. Банклар ҳар бир маҳалланинг «ўсиш нуқталари»ни аниқлаши, ташаббускор одамларни топиши ва даромадли лойиҳалар сонини кўпайтириши лозим. Битта маҳалла банкчисига 3 тадан кўп бўлмаган маҳалла бириктирилади. Маҳалла банкчилари ўз ҳудудидаги банк мижозлари билан ишлайди. Ишсизларни ушбу касбларга ўқитиш учун улар бандлик бўлимига буюртма юборади ва ўқишни тамомлаганларни ишга жойлаштиради.

Бу йил оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун қўшимча равишда 2 триллион сўм имтиёзли ресурслар ажратилди. Давлат банклари маҳаллаларни ихтисослаштириш, шунингдек, «Агро-старт» компаниялари билан биргаликда «етиштириш — қайта ишлаш — сақлаш — қадоқлаш — сотиш» занжирини яратиш устида ишлайди. Бир ой муддатда 1 мингта маҳаллада ишларни бошлаш вазифаси қўйилди.

Маҳаллалар бюджетларини мустаҳкамлаш бўйича ҳам янги ташаббуслар илгари сурилди. Эндиликда маҳалладаги нотурар жой объектларидан тушадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғининг 5 фоизи ҳам маҳалланинг ўзига йўналтирилади. Бунинг эвазига маҳаллалар ихтиёрида ҳар йили яна 400 миллиард сўм қолади. Йил давомида энг яхши натижа кўрсатган 200 та маҳалла 2 миллиард сўмдан мукофот олади. Умуман олганда, янги ташаббуслар ҳисобига маҳаллалар бюджетларига тушумлар жорий йилда 1 триллион 600 миллиард сўмга, кейинги йилдан бошлаб эса 2 триллион сўмга етади.

Маҳаллаларда ободонлаштириш ишларини ташкил этиш учун Бош вазир бошчилигида республика штаби ташкил этилади, ҳудудий штабларга эса ҳокимлар раҳбарлик қилади. Меҳнатни рағбатлантириш мақсадида йил якунлари бўйича кўп квартирали уйларда «Энг озода хонадон», маҳаллада «Энг обод ҳовли», ҳудудда «Энг обод кўча», туман ва вилоятда «Энг намунали маҳалла» номинациялари таъсис этилади.

Ҳозирда «еттилик» орқали 100 га яқин хизмат кўрсатилмоқда. Эндиликда барча давлат хизматлари босқичма-босқич маҳалла даражасига ўтказилади. Ижтимоий реестрга киритишни асоссиз рад этиш ёки ундан сунъий равишда чиқариб юбориш ҳолатлари танқид қилинди. Натижада муҳтож оилалар ижтимоий ёрдам олиш ва болаларни боғчага жойлаштириш каби кафолатланган хизматлардан фойдалана олмаяпти. Бош прокуратурага ижтимоий реестрнинг тўғри юритилишини қатъий назорат қилиш топширилди.

Уч ой муддатда 250 та маҳаллада деменция ва интеллектуал бузилишлари бўлган шахслар учун кундузги ва уйда парваришлаш хизмати, шунингдек, «Мадад» уйлари ташкил этилади, 75 та маҳаллада парваришга муҳтож кексалар учун «Фаол ҳаёт» дастури ишга туширилади, шунингдек, назоратсиз қолган ва зўравонликдан жабр кўрган болаларни қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади.

21 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, унда жорий йилнинг биринчи ярмида ҳудудлар ва тармоқларда ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича эришилган натижалар ҳамда йил якунига қадар бўлган даврдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Йил бошидан буён иқтисодиёт 8,5 фоизга ўсди. Саноатда 8 фоиз, хизмат кўрсатиш соҳасида 16,9 фоиз, қурилишда 13,8 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз ўсиш таъминланди. Инвестициялар ҳажми 28 миллиард долларга, экспорт эса 14,4 миллиард долларга етди. «Fitch» ва «Moody’s» халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини оширди. Шу билан бирга, Президент мамлакатнинг 40 миллионлик аҳолиси ҳаёт сифатини яхшилаш учун 9-10 фоизлик иқтисодий ўсишни таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Йиғилишда ҳудудлар ва тармоқлар раҳбарларининг олти ойлик режалари ижроси танқидий таҳлил қилинди.

«Маҳалла еттилиги» фаолиятини янги асосда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бандлик органлари ҳар бир ҳудудда муҳтож фуқароларни ўқитиш, уларни ишга жойлаштириш ва даромадларини ошириш бўйича манзилли иш олиб боради. Банклар ва Маҳаллалар уюшмаси бошқармалари фаолиятини қайта кўриб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди. Ташқи бозорларда рақобат кучайиб бораётган шароитда экспортчилар учун тўловлар, йиғимлар ва ортиқча харажатлар миқдорини қисқартириш зарурлиги таъкидланди. Барча вазирлик ва идораларга бюрократик тартиб-таомиллар, жарималар, тўловлар ва йиғимларни қисқартириш, шунингдек, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича таклифлар тақдим этиш топширилди.

Ишлаб чиқаришларни тиклаш ва хусусийлаштириш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгиланди. Янги хусусийлаштириш дастури доирасида умумий қиймати 100 триллион сўмлик кўчмас мулк объектлари, ер участкалари ва давлат улушларини савдога чиқариш, шунингдек, давлат активларини сотиб олаётган тадбиркорлар учун тўлов шартларини юмшатиш кўзда тутилган.

Сўнгги уч йилда умумий қиймати 11 миллиард долларлик 509 та экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилганига қарамай, улардан 208 таси ҳалигача ташқи бозорларга чиқмаган. Агар ушбу корхоналар маҳсулотларининг ҳеч бўлмаганда 30-40 фоизи экспортга йўналтирилса, 1,5-2 миллиард доллар ҳажмида қўшимча валюта тушумларини таъминлаш мумкин. Бундан ташқари, йил бошидан буён 47 та махсус иқтисодий зонадан 29 тасида бирорта ҳам экспорт операцияси амалга оширилмаган. Мутасаддиларга «тезкор бригадалар» шакллантириш ва экспортга чиқмаган корхоналар ҳамда иқтисодий зоналарда сертификатлаштириш, айланма маблағлар билан таъминлаш, сотиш бозорларини топиш ва логистика билан боғлиқ масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш топширилди. Шунингдек, миллий брендларни хорижий бозорларда илгари суриш, уларни демпинг ва контрафакт маҳсулотлардан ҳимоя қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилади.

Юк вагонлари етишмаслиги ва айрим темир йўл линияларининг юқори даражада бандлиги сабабли логистика қийинчиликлари юзага келмоқда. Мутасаддиларга қўшимча ҳаракатланувчи таркибни жалб этиш, шунингдек, Жаҳон банки билан темир йўл инфратузилмасини ривожлантиришга 200 миллион доллар жалб этиш бўйича келишувга эришиш топширилди.

Шунингдек, олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувлар ижросининг бориши кўриб чиқилди. Сўнгги йилларда амалга оширилган 52 та шундай ташриф давомида умумий қиймати 213 миллиард долларлик 1 617 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган. Бундан буён ушбу «йўл хариталари» ижроси Ҳисоб палатаси ва Ташқи ишлар вазирлигининг қатъий назоратида бўлади. Президент Администрацияси олдига дипломатик ваколатхоналарнинг иқтисодий дипломатия, инвестицияларни жалб этиш ва экспортни ривожлантириш соҳасидаги фаолиятини қайта кўриб чиқиш вазифалари қўйилди.

Йиғилишда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Гўшт нархи ошиши муносабати билан импорт қилинадиган гўштни авиаташиш харажатларини қоплаш учун 300 миллиард сўм ажратилгани маълум қилинди. Йил якунига қадар 100 минг бош йирик шохли қорамол ва 150 минг бош қўй ва эчки импорт қилиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошка захираларини шакллантириш, совутиш омборларини қуриш ва озиқ-овқат захираларини тўлдириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Йил якунига қадар умумий сақлаш қуввати 87 минг тонна бўлган 340 та совутиш омборини ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқлик қанча вақт давом этишини ҳеч ким олдиндан айта олмаслигини таъкидлади. Шу муносабат билан, барча раҳбарлар ҳар қандай эҳтимолий хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда мавжуд захираларни сафарбар қилишга тайёр бўлишлари лозимлиги қайд этилди. 2027 йил учун макроиқтисодий кўрсаткичлар, бюджет, шунингдек, инвестиция ва экспорт дастурлари янгича ёндашув — «сафарбарлик сценарийси» асосида ишлаб чиқилади.

27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғининг устувор вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Сўнгги ўн йилда энергетика соҳасига 23 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этилди, жойларда умумий қуввати 9,5 гигаватт бўлган электр станциялари ишга туширилди. Электр ва газ тармоқлари, подстанциялар, трансформаторлар, шунингдек, газ тақсимлаш ускуналарини модернизация қилишга 30 триллион сўм йўналтирилди. Шу билан бирга, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларида жиддий камчиликлар сақланиб қолаётгани кўрсатиб ўтилди.

Жорий йилнинг июнь-июль ойларида электр тармоқларида 4 мингга яқин авария содир бўлди. Натижада айрим ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари 8-10 соатгача электр таъминотисиз қолди. Бундан ташқари, кўплаб ҳудудларда электр энергияси истеъмолининг ўсиши ва инфратузилмага юкламанинг ортиши олдиндан ҳисобга олинмаган. Тармоқлардаги электр энергияси йўқотишлари 17,2 фоизни ташкил этмоқда. Сўнгги олти ойда йўқотишлар ҳажми 4,8 миллиард киловатт-соат электр энергиясига етди. Электр энергияси ва газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимлари (ЭҲАТ ва ГҲАТ) жорий этилганига қарамай, юз минглаб ҳисоблагичлар марказлаштирилган тизимга маълумот узатмаяпти.

Йиғилишда ҳар бир туман ва ҳар бир маҳалла даражасида электр ва газ таъминотини ташкил этишнинг янги тизими белгиланди. Аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир ҳудуднинг энергетика баланси шакллантирилади. Авариялар сонини қисқартириш, ҳисоблагичларни ягона тизимга улаш, шунингдек, энергия йўқотишлари ва дебиторлик қарздорлигини сезиларли даражада камайтириш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Янгийўл туманида ушбу йўналишда намунавий модел яратиш вазифаси қўйилди. Кейинчалик ушбу тажриба республиканинг барча туман ва шаҳарларига татбиқ этилади.

Энергетика соҳасига рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Энергетика вазирлиги тузилмасида Ёқилғи-энергетика комплексини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш маркази ташкил этилади. Марказ «ишлаб чиқариш — узатиш — тақсимлаш — етказиб бериш» занжирини тўлиқ таҳлил қилади ва тармоқни ривожлантиришнинг мақбул сценарийларини ишлаб чиқади. ЭҲАТ ва ГҲАТ тизимлари маълумотлари сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилинади, шунингдек, шубҳали истеъмол, йўқотиш ва қарздорлик ҳолатларини автоматик равишда аниқлайдиган платформа ишга туширилади.

Йиғилишда куз-қиш даврига тайёргарлик масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бугунги кунда 1 916 та маҳаллада табиий газ етказиб беришда қийинчиликлар мавжуд. Ушбу ҳудудларда уй-жойларни иситиш тизими барқарорлигини ошириш, электр энергетика инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва электр энергиясига бўлган қўшимча эҳтиёжни қоплаш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар тайёрланади. Биринчи навбатда молиялаштирилиши лозим бўлган маҳаллалар учун алоҳида дастур ишлаб чиқилади.

Бугунги кунда 3 миллион 700 минг хонадон суюлтирилган газдан фойдаланмоқда. Йил якунига қадар суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини режалаштирилган 520 минг тоннадан 606 минг тоннагача ошириш, шунингдек, суюлтирилган газ етказиб бериш соҳасига хусусий секторни кенг жалб этиш вазифаси қўйилди. Янги амалиёт дастлаб Андижон вилоятида жорий этилади. Тадбиркорларга аҳоли ва бизнесга мустақил равишда импорт қилинган ёки биржа савдоларида сотиб олинган суюлтирилган газни етказиб бериш имконияти берилади. Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилаларга эса суюлтирилган газ сотиб олиш учун субсидиялар ажратилади.

Давлат раҳбари энергетика соҳаси учун кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Бугунги кунда 25 та техника олий таълим муассасасида 5,5 мингга яқин мутахассис энергетика ихтисосликлари бўйича таҳсил олмоқда. Шу билан бирга, таълим жараёнининг амалиёт билан боғлиқлиги етарли эмаслиги сабабли битирувчиларга касбий фаолиятга тўлиқ мослашиш учун 2-3 йилгача вақт талаб этилади. Шу муносабат билан олий ўқув юртларида ёқилғи-энергетика комплекси йўналишлари бўйича таълим дастурларини тўлиқ янгилаш топширилди. Янги ўқув йилидан бошлаб учинчи курс талабаларининг ярми ва тўртинчи курс талабаларининг барчаси дуал таълим шакли билан қамраб олинади. Қуёш ва шамол генераторлари, электромобилларни қувватлаш станциялари, шунингдек, бошқа замонавий технологиялар бўйича мутахассислар тайёрлашга устувор эътибор қаратилади.

13 август куни Президент Шавкат Мирзиёевга истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш, тармоқлардаги йўқотишлар ва дебиторлик қарздорлигини кескин қисқартириш бўйича ҳудудларда «Янгийўл тажрибаси» асосида амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берилди.

Бундан аввал ҳар бир ҳудуддан биттадан танлаб олинган 14 та туманда намунавий тизим яратиш вазифаси қўйилган эди. Амалга оширилган ишлар билан 916 та маҳалла, 832 минг хонадон, 49 минг тадбиркорлик субъекти ва 2,2 мингдан ортиқ ижтимоий соҳа объекти қамраб олинди. Ҳар бир маҳалла учун энергетика паспорти ва энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж баланси шакллантирилди.

Натижада илк бор маҳаллалар кесимида мавжуд эҳтиёж ва имкониятлар ўртасидаги фарқ аниқ ҳисоблаб чиқилди. Хусусан, 265 та маҳаллада 60 мегаватт ҳажмида электр қуввати, яна 42 та маҳаллада йилига 47 миллион кубометр ҳажмида табиий газ тақчиллиги аниқланди. Шу билан бирга, 207 та маҳаллада қувват захираси мавжуд. Бундай ёндашув энергия ресурсларига бўлган истиқболдаги эҳтиёжни олдиндан ҳисоблаш ва зарур инфратузилмани ўз вақтида тайёрлаш имконини беради.

Ушбу асосда электр ва газ тармоқларини янгилаш жараёни тезлаштирилди. 14 та туманда 5 минг 695 та трансформатор, 6,9 минг километр электр ва 242 километр газ тармоқлари, шунингдек, 404 та газ тақсимлаш қурилмаси таъмирга муҳтожлиги аниқланди. Уларнинг техник ҳолатини яхшилаш ва «яшил» тоифага ўтказиш бўйича ишлар бошланди. Ҳозирги вақтгача 441 та трансформатор, 1 минг 134 километр электр ва 88 километр газ тармоқлари, шунингдек, 92 та газ тақсимлаш қурилмаси таъмирланди.

Яқин беш йилда ушбу туманларда энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж 49 фоизга ортади. Шу муносабат билан аҳоли ва тадбиркорларни энергия ресурслари билан ишончли ва барқарор таъминлашга қаратилган беш йиллик дастур ишлаб чиқилди. Дастур доирасида 721 та маҳаллада 2 минг 261 та трансформатор ва 7 минг 449 километр электр тармоқларини, шунингдек, 200 та маҳаллада 313 та газ тақсимлаш қурилмаси ва 327 километр газ тармоқларини янгилаш кўзда тутилган. Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳудудларда 1 минг 300 мегаватт ҳажмида қўшимча ўтказувчанлик қувватларини яратиш имконини беради.

Ижтимоий соҳа объектларида энергия истеъмоли ҳам ўрганилди. 1 минг 938 та объектда энергия ресурслари сарфи таҳлил қилиниб, улардан самарадорлик кўрсаткичлари паст бўлган 226 таси «қизил» тоифага киритилди. Уларни энергия тежамкор тизимларга ўтказиш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳар йили 4,3 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 2,1 миллион кубометр табиий газни тежаш имконини беради. Давлат раҳбари 14 та туманда қўлланилган ёндашув билан чекланиб қолмасдан, уни республиканинг барча туманларига татбиқ этиш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Мақсад — энергетика соҳасида «муаммо юзага келгандан кейин уни бартараф этиш» амалиётидан муаммоларни олдиндан аниқлаш ва уларнинг олдини олишни назарда тутувчи тизимга ўтишдир.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.