Талабалар учун «Долзарб қирқ кунлик» эълон қилинди
Ўзбекистонда 2026-2027 ўқув йилида олий таълим ташкилотларининг 1-босқич талабалари учун дарслар 7-сентабрдан, 2- ва ундан юқори босқич талабалари учун эса 14-сентабрдан бошланади. Шунингдек, 20-августдан 30-сентабрга қадар ОТМда талабаларни кутиб олиш ва турар жой билан таъминлашга қаратилган «Долзарб қирқ кунлик» ўтказилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг 2026-йил 21-августдаги 356-сонли буйруғига асосан, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида бир қатор муҳим вазифалар белгиланди.
Ушбу ҳужжатга кўра, жорий йилнинг 20-августидан 30-сентабригача бўлган муддат олий таълим ташкилотларида «Долзарб қирқ кунлик» деб эълон қилинди. Бу давр мобайнида талабаларни янги ўқув йилига муносиб кутиб олиш, уларни турар жой билан таъминлаш ҳамда бу жараёнда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш чоралари кўрилади.
**Янги ўқув йили қачон бошланади?**
2026-2027 ўқув йили биринчи босқич талабалари учун 7-сентабрдан старт олади. Иккинчи ва ундан юқори босқичларда таҳсил олаётган талабалар эса 14-сентабрдан ўқишни бошлайдилар.
Шу билан бирга, талабаликка тавсия этилган абитуриентларга тўлов-контракт маблағларини шартномада белгиланган миқдор ва муддатларда тўлагунга қадар фармойиш асосида ўқув машғулотларида иштирок этишга рухсат берилади.
Биринчи босқич талабаларини янги муҳитга мослаштириш бўйича ҳам алоҳида тадбирлар режалаштирилган. Хусусан, уларни тантанали кутиб олиш, «Кредит таълими тизимига кириш» ҳафталиги ҳамда «Талабаликка бағишлов» тадбирларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Сентабр ойи давомида олий таълим ташкилотларида «Ягона ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!» шиори остида «Мустақиллик дарслари» ҳам ўтказилади. Ушбу дарслар доирасида жадидлик ҳаракати намояндалари ва қатағон қурбонларига бағишланган машғулотлар, маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва уч авлод учрашувлари ташкил этилади. Шунингдек, викториналар, кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларини ўтказиш ҳам белгиланган.
Бундан ташқари, олий таълим ташкилотларига ўқув бинолари ва талабалар турар жойларини янги ўқув йилига тайёрлаш, профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш ҳамда зарур ўқув-услубий ҳужжатлар билан таъминлаш вазифаси юклатилди. ОТМлар янги ўқув йили бошлангунига қадар таълим жараёнини самарали ташкил этиш бўйича зарур тайёргарлик ишларини ҳам амалга ошириши лозим.

