Дунё

Яшаш учун энг мақбул мамлакатларнинг 2026-йилги рейтинги эълон қилинди

Яшаш учун энг мақбул мамлакатларнинг 2026-йилги рейтинги маълум қилинди

Яшаш ва кўчиб ўтиш учун 2026-йилда энг яхши мамлакатлар рейтинги эълон қилинди. Бутун дунё бўйича тузилган ушбу рўйхатда Болтиқбўйи давлати пешқадам бўлди. Бу ҳақда Эуроневс хабар берди.

Эстония банк инфратузилмаси, бизнес имкониятлари ва хорижликлар учун мулк ҳуқуқи кафолатлари сабаб Румави глобал индексида биринчи ўринни эгаллади.

Индекс ҳар йили иккинчи чорак охирида эълон қилинади. Унда 192 та мамлакат тўртта гуруҳга ажратилган 24 та кўрсаткич асосида баҳоланади: молия ва солиқлар, турмуш сифати ва саломатлик, хавфсизлик ва барқарорлик, шунингдек мослашув ва имкониятлар.

Ҳужжатни тайёрлашда кўплаб маълумотлар ҳамда эксперт баҳолари ишлатилади. Масалан, умумий ҳамёнбоплик даражасини ҳисоблашда Румави мустақил консалтинг фирмаси Жаҳон банкининг нарх маълумотлари ва Мерсер турмуш даражаси сўровномасини ҳисобга олган. Сиёсий барқарорликни баҳолашда эса Глобал тинчлик индекси 2025 ҳамда Жаҳон банкининг Ҳукумат самарадорлиги кўрсаткичидан 50 фоиз фойдаланилган.

Мамлакатлар ҳар бир кўрсаткич бўйича 100 баллик тизимда баҳоланади. Эстония валюта ва банк тизими учун 99 балл, бизнес имкониятлари учун 96 балл, уй-жой ҳамёнбоплиги учун 82 балл, яшил ҳудудлар учун 86 балл ва кўчалар хавфсизлиги учун 77 балл олди. Энг паст натижа иқлим қулайлиги бўлди: совуқ ва қоронғи қишлар сабаб атиги 20 балл берилди.

Европанинг бешта давлати глобал индекснинг кучли ўнлигига кирди. Эстониядан кейин Португалия тўртинчи ўринни эгаллади. Португалия валюта ва банк сектори, хорижий мулк ҳуқуқи ҳамда низоларнинг паст хавфи бўйича юқори балл олди. Бироқ жисмоний шахслар даромад солиғи бўйича унга атиги 48 балл берилди.

Яна бир Болтиқбўйи давлати — Литва олтинчи ўринни эгаллади. Румави унда яшил ҳудудлар кўплигини ва банк инфратузилмаси ривожланганини қайд этади. Кучли ўнликни Чехия (9-ўрин) ва Малта (10-ўрин) якунлади.

Ўзбекистон Румави индексида 192 мамлакат орасида 110-ўринни эгаллади. Мамлакат арзон турмуш шароитини таклиф этади, бироқ бизнесни ривожлантириш учун инфратузилма етарли эмас. Рақамли кўчманчилар учун бу ерда энг мақбул шароитлар мавжуд (85-ўрин). Оила билан кўчиб ўтувчилар эса қийинчиликларга дуч келади (113-ўрин). Айниқса, таълим сифати ва иқлим қулайлиги бўйича муаммолар бор.

Қозоғистон 62,9 балл билан умумий рўйхатда 77-ўринни эгаллаб, ўрта қатордан жой олди, аммо Марказий Осиё мамлакатлари ичида биринчи бўлди. Мамлакат рақамли кўчманчиларни жалб қилади (60-ўрин). Уй-жой нархларининг жуда арзонлиги ижобий жиҳат сифатида қайд этилди. Аммо инглиз тилини билиш даражасининг пастлиги, стартап экотизимининг сустлиги ва қаттиқ қиш мавсуми салбий томонлар сифатида санаб ўтилди.

Қирғизистон глобал индексда 118-ўринни эгаллади.

Мамлакат турмуш харажатларининг арзонлиги билан ажралиб туради, аммо муаммолар ҳам йўқ эмас. Рақамли кўчманчилар учун бу мамлакат қулай бўлса-да (105-ўрин), сиёсий беқарорлик, стартап тизимининг заифлиги ва кескин иқлим камчиликлар сифатида қайд этилди.

Туркманистон 155-ўринни эгаллади. Бу ерда нархлар жуда арзон, бироқ бошқарув тизимида жиддий муаммолар бор. Рақамли кўчманчилар учун бу нисбатан мақбул вариант (149-ўрин), тадбиркорлар учун эса экотизим жуда кучсиз (144-ўрин). Бу ерга кўчишда қонун устуворлиги чекловларини ҳисобга олиш лозимлиги таъкидланди.

Тожикистон 137-ўринда қайд этилди. Мамлакатда нархлар арзон, аммо ҳаво сифати ва мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишда катта муаммолар бор. Рақамли кўчманчилар учун шароит яхшироқ. Шунга қарамай, кўрсаткичлар ўртача даражадан паст.

Афғонистон 39,5 балл билан рўйхатнинг энг охирги ўрнини эгаллади. Уй-жой жуда арзон бўлса-да, сиёсий беқарорлик, банк тизими ва иқлим муаммолари кўчиб ўтувчилар учун муаммо ҳисобланади.

181 та мамлакат ичида Ўзбекистон 98-ўринда қайд этилган. Бу рўйхатни шакллантиришда инклюзия — аёлларнинг таълим, бандлик, молиявий хизматлар, алоқа ва сиёсий ҳаётдаги иштироки; адолат — аёлларни қонуний жиҳатдан ҳимоя қилиш ва суд тизимидан фойдаланиш имконияти; ҳамда хавфсизлик — оиладаги зўравонлик, жамоатдаги хавфсизлик ҳисси, аёлларга қарши сиёсий зўравонлик ва қуролли можароларга яқинлик каби омиллар ҳисобга олинган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.