Японияда роботлар учун “тез ёрдам” машинаси яратилди

Японияда роботлар учун “тез ёрдам” машинаси ишлаб чиқилди
Япониянинг ГМО Аир компанияси мамлакатдаги илк “роботлаштирилган тез ёрдам машинаси”ни намойиш этди. Бу фургон гуманоид роботларни фавқулодда таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш учун махсус жиҳозланган.
Автомобил Токио кўчаларида хизмат қилади. Унинг асосий вазифалари муҳандислар, таъмирлаш ускуналари, эҳтиёт қисмлар ва зарурат туғилганда муқобил роботларни мижозга етказиб беришдан иборат. Агар жойида таъмирлашнинг имкони бўлмаса, бузилган робот базага олиб кетилади ва мижознинг бизнеси тўхтаб қолмаслиги учун унинг ўрнига вақтинчалик робот қўйилади.
Мутахассислар фургон автоном тарзда ишлаш ва бошқа роботни таъмирлаш хусусиятига эга эмаслигини аниқлик киритди. Фургонда эски ва замонавий усуллар уйғунлаштирилган бўлиб, унда техника ва инсон биргаликда ишлайди. Хусусан, машинада муҳандислар воқеа жойига етиб келади, диагностика ўтказади ва имкон бўлса, муаммони шу ернинг ўзида бартараф этади. Акс ҳолда, вақтинчалик қурилма қолдирилиб, эски робот таъмирлаш учун сервис марказига юборилади.
Ушбу ғоя компаниянинг аввалги тажрибасидан келиб чиққан ва жиддий муаммони ҳал қилишга қаратилган: агар нархи 70 мингдан 140 минг долларгача бўлган робот иш вақтида бузилиб қолса, уни сервис марказига юбориш ва фаолиятини қайта йўлга қўйиш учун компания бир неча кун ва минглаб доллар йўқотади. Тозалаш ёки бошқа ишларда гуманоид роботлардан фойдаланадиган меҳмонхона ва омборлар учун бу ҳақиқий муаммо.
Фургон тақдимоти АҚШ ва Хитой ўртасида гуманоид роботлар яратиш бўйича рақобат кучайиб бораётган бир пайтда ўтказилди. Японияда ҳукумат ўз олдига улкан мақсад қўйган — 2040-йилга бориб соғлиқни сақлашдан тортиб ишлаб чиқаришгача бўлган турли соҳаларда 10 миллион роботни ишга тушириш.
Роботлар сони ортиб боргани сари уларнинг узлуксиз ишлаши, тезкор техник хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисмлар логистикасини йўлга қўйиш бу пойгада ким устун келишини белгиловчи асосий омилларга айланмоқда.
Ҳозирча Токиода фақат битта “тез ёрдам” фургони синов тариқасида ишламоқда. Аммо талаб ошса, бундай фургонлар сони кўпайтирилади.

