Японияда Осиё ўйинлари очилди: Ўзбекистон 400 га яқин спортчи билан иштирок этади
Осиёнинг энг йирик спорт мусобақаси Япониянинг Нагоя шаҳрида старт олди. Кейинги 16 кун давомида 11 мингга яқин спортчи 469 та медал жамланмаси учун курашади, улар орасида Ўзбекистоннинг 396 нафар вакили ҳам бор.

Японияда Осиё ўйинлари бошланди: Ўзбекистон қарийб 400 спортчи билан қатнашади
19-сентабр куни Япониянинг Нагоя шаҳрида ХХ ёзги Осиё ўйинлари расман очилди. Келгуси 16 кун давомида, яъни 4-октабргача, қарийб 11 минг спортчи 43 та спорт тури бўйича 469 та медал жамланмаси учун баҳс олиб боради. Япония учун бу Токио (1958) ва Хиросимадан (1994) кейинги учинчи Осиё ўйинлари ҳисобланади. Мамлакат ушбу мусобақани охирги бор 32 йил аввал қабул қилган.
Маросим Мизуҳо Парк (Палома Мизуҳо) стадионида бўлиб ўтди ва тахминан икки соат давом этди. Реутерс агентлиги ёзишича, дастлабки дақиқалар сокин кечган, кейин эса томоша ёруғлик, мусиқа ва рақс байрамига айланган. Беш йил олдин Токио Олимпиадаси пандемия сабаб бўш трибуналар қаршисида ўтказилган бўлса, бу сафар стадион томошабинлар билан тўлди.
Ўйинларни император Нарухито очиқ деб эълон қилди. У ХОҚ президенти Кирсти Ковентри билан бирга 45 та мамлакат ва минтақа парадини кузатди.
Томоша мавзуси «Ҳеартбеат» («Юрак уриши») деб номланди. Қизил ва оқ либосдаги ижрочилар «Велсоме» (Хуш келибсиз) сўзини шакллантиришди, скрипкачи Таро Хакасе эса жонли ижро этди.
Энг юқори лаҳза машъалани ёқиш бўлди: унинг олдига зинапоядан Осиё ўйинларининг беш карра ғолиби, собиқ босқон улоқтирувчи Сигенобу Мурофуси ва унинг ўғли, 2004-йилги Олимпия чемпиони Кожи кўтарилди. Бунгача олов эстафетаси Аичи префектурасининг 40 та муниципалитети ва Нагоянинг 16 та туманидан ўтган эди.
Тайёргарлик жараёни ҳам танқидларсиз кечмади. Алоҳида олимпия қишлоғи ўрнига спортчилар меҳмонхоналарга, вақтинчалик ёғоч контейнерларга ва кўрфаздаги круиз кемасига жойлаштирилди. Ташкилотчилар буни тежамкорлик билан изоҳлади. Делегациялар, жумладан Япония делегацияси ҳам чалкашликлар ва икки марта брон қилиш ҳолатларидан шикоят қилди. Жанубий Корея терма жамоаси Гарден Пиер портидаги контейнерларни баскетболчилар учун жуда тор деб атади. Яна бир нохуш ҳолат 8-сентабр куни юз берди: рекорд даражадаги жала шаҳарнинг бир қисмини сув остида қолдирди ва бир неча юз спортчи вақтинчалик бинолардан эвакуация қилинди. Маълумотларга кўра, жиддий талофатлар бўлмаган.

