Шимолий Корея Япония мезбонлик қиладиган Осиё ўйинларига 14 спорт тури бўйича 100 га яқин атлет юборади

Шимолий Корея жорий йил охирида Японияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига 14 та спорт тури бўйича қарийб 100 нафар спортчи юборади. Бу ҳақда мамлакат Олимпия қўмитаси бош котиби Токиода фаолият юритувчи нашрга маълум қилди.
Шимолий Корея ва Япония ўртасидаги муносабатлар тез-тез кескинлашиб туради. Пхенян 2021-йилда Токиода ўтказилган ёзги Олимпиада ўйинларига ҳам делегация юбормаган эди, бунга сабаб сифатида ўша пайтдаги глобал соғлиқни сақлаш инқирози кўрсатилган.
Шимолий Корея жамоаси аввалги Осиё ўйинларида бундан анча кўп таркиб билан қатнашган. Жумладан, 2023-йилда Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган мусобақада мамлакат шарафини 18 та спорт тури бўйича 185 нафар спортчи ҳимоя қилган. Улар 11 та олтин, 18 та кумуш ва 10 та бронза медални қўлга киритган.
Шимолий Корея Олимпия қўмитаси бош котиби Ко Чол Хо жамоа таркиби бу сафар кичикроқ бўлишига қарамай, аввалги мусобақага қараганда кўпроқ медал қўлга киритиш умидида эканини билдирди.
Пандемия даврида Пхенян спортчиларнинг хориждаги мусобақаларда иштирокини кескин чеклаган. Шу сабабли Шимолий Корея 2022 ва 2026-йиллардаги қишки Олимпиада ўйинларида ҳам қатнашмаган.
Япониянинг Айти префектурасидаги Нагоя ва бошқа шаҳарларда 19-сентябрдан 4-октябргача бўлиб ўтадиган 20-Осиё ўйинларида 45 давлатдан 11 мингдан ортиқ спортчи иштирок этиши кутилмоқда.
Шунингдек, 2024-йилги Париж Олимпиадасининг очилиш маросимида Жанубий Корея делегацияси хатолик туфайли Шимолий Корея номи билан таништирилганди. Ташкилотчилар “Корея Халқ Демократик Республикаси” номини икки марта қўллаб юборган, бу эса Сеулнинг кескин норозилигига сабаб бўлган. Халқаро Олимпия қўмитаси хато учун Жанубий Корея делегацияси ва мамлакатнинг тегишли ташкилотларидан узр сўраган.

