Хотира — омбор эмас, омонат
Хотира ажиб неъмат. Унга “буни сақла, бунисини ўчир”, деб буйруқ беролмаймиз. Баъзан унутишни истаганимиз хотирамиздан

**Хотира — омбор эмас, омонат**
Кеча ўқиган мақоламиз мазмунини бугун тафсилотлари билан эслай олмаслигимиз мумкин, аммо йигирма йил аввал устозимиз айтган бир жумла ҳануз ёдимизда қолади. Телефонни нима учун қўлга олганимизни унутиб қўямиз, бироқ болаликдаги уйимизнинг бир бурчагини кўзимизни юмиб тасвирлаб бера оламиз.
Хотира — ғаройиб неъмат. Унга “буни сақла, бунисини ўчир”, деб буйруқ бера олмаймиз. Баъзан унутишни истаган нарсамиз хотирамиздан кетмайди, унутмаслигимиз керак бўлган нарса эса бир зумда кўтарилади.
Аслида хотира нима?
Илмий таърифга кўра, хотира — миянинг маълумотни қабул қилиш, сақлаш ва керак бўлганда қайта эсга тушириш қобилиятидир. Қисқа муддатли хотира ахборотни сониялар ёки дақиқалар давомида ушлаб турса, узоқ муддатли хотирада айрим маълумотлар йиллар давомида сақланиши мумкин.
Инсон миясининг имкониятини тасаввур қилиш учун физиолог Синан Жанан қизиқ бир қиёс келтиради: миядаги миллиардлаб ҳужайралар ва улар орасидаги беҳисоб алоқалардан келиб чиқиб, инсон хотирасининг тахминий сиғимини 2,5 миллион гигабайт, яъни қарийб 300 йиллик ҲД-тасвир ҳажми билан солиштиради. Бу, албатта, хотиранинг аниқ биологик ўлчови эмас. Аммо ўхшатишнинг ўзи кишини ўйлантиради: шунча имкониятга эга мия билан нега баъзан бир саҳифа матнни эслаб қололмаймиз? Балки муаммо хотирамизнинг “тўлиб қолганида” эмасдир. Балки хотирамиздан олдин диққатимиз заифлашгандир.
Бугун бир китобни тугатмай туриб иккинчисини бошлаймиз. Бир матнни ўқиётиб телефонни текширамиз. Хабарни очамиз, ундан ижтимоий тармоққа, у ердан видеога ўтамиз. Бир неча дақиқада ўнлаб ахборот онгимиздан ўтади. Натижада кўп нарсани кўрамиз, аммо кам тафаккур қиламиз. Биз яшаётган асрнинг муаммоси ахборот танқислиги эмас, онгимизга кириш учун курашаётган ахборотнинг ҳаддан ташқари кўплигидир.
Илгари бир неча китоб орасида сочилиб кетишдан қайтарилган инсон бугун биргина телефон экранида ўнлаб “ойна”лар орасида яшаяпти.
**Улуғларнинг дастурхони содда эди, хотираси-чи?**
Хотира ҳақида гап кетганда, Б12, омега-3, витаминлар, ёнғоқ, балиқ ва фойдали маҳсулотлар тилга олинади. Бунинг илмий асоси бор. Мувозанатли овқатланиш, етарли уйқу, жисмоний фаоллик ва стрессни бошқариш мия фаолияти учун муҳим. Уйқу эса ўрганилган маълумотнинг мустаҳкамланишида алоҳида ўрин тутади. Аммо тарих жуда қизиқ саволни ўртага ташлайди: улуғ илму-маърифат эгаларининг дастурхони бугунгидек ранг-баранг бўлмаган бўлса, улар қандай қилиб кучли онг эгаси бўлишган?
Бугун зеҳнни соғлом овқатланиш, хотирани Б12 билан боғлаётган пайтимизда саҳобаларнинг содда ҳаёт шароитида бунчалик кучли онг ва тафаккурга эга бўлганини қандай тушуниш мумкин?! Бунинг жавобини “улар кам еган, шунинг учун хотираси кучли бўлган” деган жумлага сиғдириб бўлмайди. Мия ҳам тананинг бир қисми. Унга ҳам озиқ, уйқу ва саломатлик керак.
Аждодларимиз эшитган ҳикмату ҳадислар навбатдаги “контент” эмас эди. Уларни англаш, тафаккур қилиш, ёдда сақлаш, унга амал қилиш ва бошқаларга етказиш керак эди. Ҳикматлар суҳбатларда қайта-қайта эслатилар, ҳаётий вазиятларда татбиқ этилар эди. Билим бир марта эшитилиб, кейинги юзта хабар остида кўмилиб кетмасди. Суҳбатлар, саволлар, қизиқишлар турли илм ва таълимотларни ўрганиш атрофида шаклланган. Эшитилган билим амалда қўлланилиб, бошқаларга етказилган. Замонавий илм ҳам такрорнинг хотирадаги ўрнини тасдиқлайди: маълумотни маълум вақт оралиғида қайта эслаш унинг узоқ муддатли хотирада мустаҳкамланишига ёрдам беради. Демак, хотиранинг озиғи фақат дастурхонда эмас. Унинг озиғи — диққат, такрор, амал ва маъно ҳамдир.
**Компютерсиз дунёда Имом Бухорий етишган эди...**
Тасаввур қилинг, Имом Бухорий яшаган дунёда билимни миядан ташқаридаги қурилмага топшириб қўйиш имконияти йўқ эди. Ҳадисларни эшитиш, ҳикоят ва ривоятларни билиш, текшириш, ёдда сақлаш зарур эди. Бугун эса бир маълумотни унутиб қўйсак, кўпинча безовта ҳам бўлмаймиз: “Керак бўлса, қидириб топаман”, — деймиз. Ана шу қулайлик хотиранинг вазифасини ўзгартирди. Телефонимизнинг хотираси катталашиб боряпти, исталган маълумотни бир неча сонияда топамиз.
Исталган маълумотни қидирамиз. Аммо маълумотни топа олиш билан уни билиш бир хил нарса эмас. Уларнинг қидирув тизимида борлиги бошқа, қалбингизда, хотирангизда муҳрланиши бошқа масала. Ҳикматли сўзни интернетдан топа олиш бошқа, ҳаётингизнинг энг оғир дақиқасида у хотирангиздан чиқиб, сизга йўл кўрсатиши бутунлай бошқа. Агар биргина тугмани босиш билан илм ҳосил бўлганида, балки барчамиз аллома бўлардик.
Инсон хотираси ўтмишни сақлаш билан бирга, илм ва тажрибани келажакка етказиш воситасидир.
Қалбга сингган билим бошқаларга ўргатилса, бир инсоннинг шахсий тажрибаси жамоавий бойликка айланади. Бир авлод ўрганганини кейинги авлодга етказади ва шу тариқа илм узлуксиз яшайди.
Зеро, инсон унутилса ҳам қалби ва илмида қолдирган изи авлодлар хотирасида яшайди.
Китоблар йўқолиши мумкин. Саҳифалар йиртилиши мумкин. Аммо бир калом юзлаб, минглаб қалбларга кўчган бўлса, уни йўқотиш осон эмас. Шунинг учун ҳар бир инсон учун кучли онг ва тафаккур — ўрганилган билимни англаш, ҳаётий тажрибани сақлаш ва керакли пайтда ундан тўғри фойдаланиш қобилиятидир.
**Унутиш ҳам керакми?**
Хотирани кучайтириш ҳақида гапиряпмиз. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Инсон ҳеч нарсани унутмаса нима бўларди? Ўн йил олдинги ҳақорат бугун ҳам ўша кундагидек юракни оғрица... Йўқотилган яқин инсоннинг мусибати йигирма йилдан кейин ҳам биринчи кундагидек азоб берса... Ҳар бир хато, ҳар бир уят, ҳар бир айрилиқ ҳиссий кучини мутлақо йўқотмаса... Бундай “мукаммал хотира” ҳақиқатан ҳам неъмат бўлармиди? Биз фойдаланган манбада яқинларнинг вафоти ва ҳаётдаги оғир ҳодисалардан туғилган қайғунинг вақт ўтиши билан сусайиши инсон учун ҳам кераклиги айтилади. Демак, унутишнинг ҳам ҳикмати бор.
Илмнинг унутилиши йўқотиш бўлиши мумкин. Лекин кечаги аламнинг унутилиши қалб учун шифодир. Хатонинг сабоғи қолиб, азоби кеца, балки инсон учун энг соғлом хотира ҳам шудир.
Илм дастурхонида асал охирида тортилади. Биласизми, муваффақиятнинг лифти йўқ, унга ҳамиша зинадан чиқилади. Илм учун йўлга чиқар экансиз, аввал сўқмоқдан, хор-у алафлик ўнқир-чўнқирлардан юрасиз, кейин эса катта йўл кўринади. Ва шуни унутмангки, илм дастурхонининг аввалида аччиқ пиёз тортилади, асал эса охирида ейилади. Ушбу ташбеҳлар илм олишнинг табиатини жуда аниқ тасвирлайди. Чунки биз бугун натижани тез қўлга киритишни хоҳлаймиз. Уч марта ўқиб ёд бўлмаса, “хотирам яхши эмас”, деймиз. Бир китоб оғир келса, иккинчисига ўтамиз. Ҳолбуки, хотира ҳам меҳнат билан тарбияланади. Мия ғунчадир, муайян илм билан мунтазам “суғорилган” сари куртак ёзади. Хотиранинг сақланиши ва кучайиши учун аввало нигоҳни асраш лозим. Чунки кўзимизни нимага кўп қарацак, онгимизни ҳам ўша нарса билан банд қиламиз.
Улуғ аждодларимиздан оладиган энг катта сабоғимиз — уларнинг қанча егани ёки қанча ухлаганида эмас, нимага бутун диққатини берганида бўлса керак. Шу сабаб кучли хотира ҳамма нарсани эслаб қолиш дегани эмас. Эслашга арзийдиган нарсани қалбда асраш, унутишга арзийдиган нарсани эса қўйиб юбора билишдир.
Хотира — бошимиздаги омбор эмас, бизга берилган омонатдир.

