Хизмат кўрсатиш соҳаси ва саноат август ойида бизнес-муҳитнинг ўсишини кўрсатди – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сўрови
Тадбиркорларнинг август ойидаги баҳолашлари ўтган йилга нисбатан яхшиланди, бунда энг сезиларли ижобий динамика хизмат кўрсатиш соҳаси ва саноатда кузатилди, қишлоқ хўжалиги ва қурилишда эса баҳолашлар нисбатан вазминроқ бўлди. Шу билан бирга, бизнес учун асосий тўсиқларнинг тарқалганлиги камайишда давом этди.

Хизмат кўрсатиш соҳаси ва саноатда август ойида ишбилармонлик муҳити ўсиш кўрсатди — ИҚТДМ сўрови
Олинган маълумотлар асосида бизнеснинг жорий ҳолатини баҳолаш ва яқин уч ойдаги кутишларини акс эттирувчи ишбилармонлик муҳитининг жамланма индикатори шакллантирилди.
**Ўзбекистон ишбилармонлик муҳити жамланма индексининг динамикаси**
Август ойида ишбилармонлик муҳитининг жамланма Индекси 59 пунктни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 4 пунктга юқоридир. Индекс қийматининг 50 пунктдан юқори бўлиши тадбиркорлик муҳитида оптимистик баҳолашлар устунлик қилаётганидан далолат беради.
Баҳолашларга кўра, жорий ҳолат индекси ва бизнес кутишлари индекси ўтган йилга нисбатан тўрт пунктдан ошиб, тегишлича 53 пункт ва 66 пунктни ташкил этди.
Сўнгги уч ой ичида ҳар ўнта тадбиркордан тўрттасининг (40%) бизнес ҳолати яхшиланди. Респондентларнинг ярми (50%) бизнеснинг жорий ҳолатини «яхши» деб баҳоламоқда, ҳар тўртинчи корхонада эса (25%) сўнгги уч ой ичида ходимлар сони ошган.
Яқин уч ой ичида маҳсулотга бўлган талабнинг ўсишини тадбиркорларнинг қарийб учдан икки қисми (66%) кутмоқда.
**Ишбилармонлик муҳити Индексининг тармоқлар бўйича динамикаси**
Ўтган йилга нисбатан ишбилармонлик муҳити кўрсаткичи саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасида ўсди, қишлоқ хўжалиги ва қурилишда эса бироз пасайиш қайд этилди.
Саноатда ишбилармонлик муҳитининг жамланма индикатори 5 пунктга яхшиланиб, 53 пунктни ташкил этди. Бу кейинги уч ойлик ривожланиш истиқболлари бўйича кутишларнинг 18 пунктга ошиб, 73 пунктгача етгани билан боғлиқ, бизнеснинг жорий баҳолари эса 6 пунктга пасайиб, 35 пунктни ташкил этди.
Ўтган йилга нисбатан саноатда яқин уч ой ичида бизнес ҳолати яхшиланишини кутаётган тадбиркорлар улуши 74% гача (+5 ф.п.) ошди, маҳсулотга бўлган талабнинг ўсишини кутаётганлар улуши эса 67% гача (+7 ф.п.) кўпайди. Шу билан бирга, ўз бизнесининг жорий ҳолатини яхши деб баҳолаётган тадбиркорлар улуши бироз пасайиб, 35% ни (-4 ф.п.) ташкил этди.
Хизмат кўрсатиш секторида ишбилармонлик муҳитининг жамланма индикатори сезиларли даражада — 7 пунктга яхшиланиб, 64 пунктни ташкил этди. Ўзгаришлар ҳам бизнеснинг жорий баҳолари 11 пунктга яхшилангани, ҳам кейинги уч ойлик ривожланиш истиқболлари бўйича кутишлар 4 пунктга ошгани билан изоҳланади.
Хизмат кўрсатиш секторидаги компанияларнинг ярмидан кўпи (56%) бизнеснинг жорий ҳолатини яхши деб баҳоламоқда (+9 ф.п.). Яқин уч ойга мўлжалланган кутишлар ушбу сектор вакилларининг 72 фоизида (+3 ф.п.) янада ишончли тус олди. Шунингдек, сўнгги уч ой ичида ўз бизнеси ҳолати яхшиланганини қайд этган компаниялар улуши ҳам ошиб, 44% ни (+5 ф.п.) ташкил этди.
Қишлоқ хўжалигида ишбилармонлик муҳитининг жамланма индикатори 53 пунктни (-4 п.) ташкил этди. Аграр секторда жорий баҳолар (47 п.) ўзгаришсиз қолди, тадбиркорларнинг кутишлари эса 60 пунктгача (-8 п.) пасайди.
Сўнгги уч ой ичида вазият яхшилангани ҳақида тадбиркорларнинг 37 фоизи (2025 йилда 42%) маълум қилди. Шу билан бирга, тадбиркорларнинг 41 фоизида маҳсулотга бўлган талаб ошган, бу ўтган йилги даражадан (49%) бироз пастроқдир.
Қурилишда ишбилармонлик муҳитининг жамланма индикатори ўтган йилга нисбатан деярли ўзгармади (-1 п.) ва 60 пунктни ташкил этди. Тармоқда жорий баҳолар 3 пунктга яхшиланиб, 63 пунктга етди, бизнес кутишлари эса 4 пунктга пасайиб, 58 пунктни ташкил этди.
Сўнгги уч ой ичида қурилишдаги жорий вазият қурилиш корхоналарининг 41 фоизида яхшиланди (бир йил аввал 37% эди); бунда корхоналарнинг 46 фоизи ўз бизнесининг жорий ҳолатини яхши деб баҳолади (37%). Кейинги уч ой ичида ўз маҳсулотларига бўлган талабнинг ўсишини кутаётган компаниялар улуши 57% ни (аввал 61%) ташкил этди.
**Бизнес юритишдаги тўсиқлар камаймоқда**
Бизнес юритишда ҳеч қандай тўсиқларга дуч келмаётган тадбиркорлар улуши 67% гача (+8 ф.п.) ошди.
Энг юқори кўрсаткич хизмат кўрсатиш соҳасида қайд этилди — 72%, кейинги ўринларда қурилиш — 63%, қишлоқ хўжалиги — 61% ва саноат — 60%.
Бизнес учун асосий чекловлар қаторида солиққа тортиш билан боғлиқ тўсиқлар қайд этилди: уларнинг улуши 18% гача (-1 ф.п.), банк тизими билан боғлиқ тўсиқлар эса 13% гача (-2 ф.п.) камайди.
Бошқа молиявий қийинчиликларга дуч келаётган тадбиркорлар улуши 10% гача (-2 ф.п.) қисқарди, респондентларнинг 7 фоизи (-1 ф.п.) етарли бўлмаган талабни кўрсатди. Солиқ соҳасида асосий қийинчиликлар солиқ маъмуриятчилиги (13%) ва солиқ ставкалари даражаси (5%) билан боғлиқ.
Тармоқлар кесимида қишлоқ хўжалигида солиқ маъмуриятчилиги — 11% (+3 ф.п.) ва кредит олишдаги қийинчиликлар — 9% (-2 ф.п.) тез-тез тилга олинди.
Саноатда етарли бўлмаган талаб 12% ни (-1 ф.п.), кредитлашдаги қийинчиликлар — 11% ни (+5 ф.п.), солиқ маъмуриятчилиги — 8% ни (+4 ф.п.) ташкил этди.
Қурилишда солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ муаммолар улуши 12% гача (+7 ф.п.) ошди, кредит олиш билан боғлиқ муаммолар эса 7% гача (-6 ф.п.) камайди.
Хизмат кўрсатиш соҳасида тадбиркорларнинг 16 фоизи солиқ маъмуриятчилигини, 8 фоизи (+3 ф.п.) эса ер олишдаги қийинчиликларни қайд этди.

