Хизмат автомобилида ЙҲҚ бузилиши учун ким жавоб беради
Ўзбекистонда хизмат автомобилларида ЙҲҚ бузилганлиги учун ким жавобгар бўлиши ва жарима баллари кимга ёзилишига аниқлик киритилди.

Хизмат автомобилида ЙҲҚ бузилгани учун ким жавобгар бўлади
Узбекистонда хизмат автомобилларида камералар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш тартиби тушунтирилди.
Вазиятга қараб, жавобгарлик ёки транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахсга, ёки автомобиль қонуний асосда топширилган ходимга юкланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 17¹-моддасига кўра, агар ҳуқуқбузарлик юридик шахсга тегишли автомобилда автоматик воситалар орқали қайд этилган бўлса, транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахс ёки фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар доирасида ундан қонуний асосда фойдаланган шахс жавобгарликка тортилади.
Ишни кўриб чиқишда ким автомобилдан фойдаланиш учун масъул этиб тайинлангани ва транспорт воситаси белгиланган тартибда кимга топширилгани инобатга олинади.
Жарима балларини ҳисоблаш учун алоҳида тартиб амал қилади. 2026 йил 1 апрелдан бошлаб улар фото ва видеофиксациянинг автоматик воситалари ёрдамида аниқланган ЙҲҚнинг муайян қоидабузарликлари учун ҳам ҳисобланади.
Бунда маъмурий жарима ва жарима баллари — бу жавобгарликнинг турли чораларидир. Балларни ҳисоблаш учун ҳайдовчининг шахсини аниқлаш зарур, дейилади ЙҲХХ тушунтиришида.
Хизмат автомобили ҳайдовчисини идентификация қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 майдаги 296-сон қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган.
Ҳужжатнинг 5²-бандига мувофиқ, юридик шахс тегишли ахборот тизимида шахсий электрон кабинет очиши керак. Ҳайдовчи ҳақидаги маълумотлар автомобиль унга топширилгунга қадар киритилиши лозим, транспорт воситасини қабул қилиб олаётган ходим эса ушбу маълумотларни тасдиқлаши шарт.
Агар амалдаги ҳайдовчи ҳақидаги маълумот мавжуд бўлмаса ёки белгиланган тартибда тасдиқланмаган бўлса, Низомда назарда тутилган жарима баллари ҳисобланадиган шахсни аниқлаш қоидалари қўлланилади.
ЙҲХХда ташкилотлар раҳбарларига автомобилни муайян ходимга бириктириш тўғрисидаги ички буйруқнинг ўзи етарли эмаслиги ҳам эслатиб ўтилди.
Ҳайдовчини идентификация қилиш учун белгиланган электрон тартибга риоя қилиш зарур.

