Хивада «ақлли шаҳар» барпо этиш лойиҳасига киришилди
Покистоннинг Ҳабиб Рафиқ Энгинееринг (Пвт.) Лтд. компанияси Хива шаҳрида «ақлли шаҳар» барпо этиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишга киришди. Лойиҳа шаҳар ҳудудини кенгайтириш, янги турар жойлар, ижтимоий ва тижорат обьектлари ҳамда замонавий инфратузилма қуришни назарда тутади.

Хивада «ақлли шаҳар» қуриш лойиҳасига старт берилди. «Дунё» ахборот агентлиги маълумотига кўра, ташаббус Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва компания ўртасида ўтказилган музокаралар якунида амалга оширилган.
Лойиҳа доирасида Хиванинг янги қисмини замонавий шаҳарсозлик тамойиллари асосида барпо этиш кўзда тутилган. Ҳудудда турар жой мажмуалари, ижтимоий ва тижорат обьектлари, транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари, коммунал хизмат кўрсатиш обьектлари босқичма-босқич қурилиши режалаштирилган.
Лойиҳани илгари суриш мақсадида элчихона кўмагида компания делегациясининг Хоразм вилоятига бир неча бор ташрифи уюштирилган. Сафарлар чоғида лойиҳа учун ажратилаётган ҳудудлар жойига чиқиб ўрганилган.
Шунингдек, компания ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган.
Ҳабиб Рафиқ Энгинееринг лойиҳада Покистонда йирик шаҳарсозлик ва инфратузилма обьектларини барпо этиш бўйича тўплаган тажрибасидан фойдаланишни режалаштирмоқда.
Хабарда инвестиция миқдори, лойиҳа майдони ва уни якунлаш муддатлари очиқланмаган.

