Хивада янги «ақлли шаҳар» барпо этилади
Покистоннинг йирик қурилиш ва инфратузилма компанияларидан бири - Ҳабиб Рафиқ Энгинееринг (Пвт.) Лтд. Хива шаҳрида янги «ақлли шаҳар» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш жараёнини бошлади. Компания ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ўртасида лойиҳа бўйича англашув меморандуми имзоланди.

Хивада янги "ақлли шаҳар" қурилади
"Дунё" ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси кўмагида Ҳабиб Рафиқ Энгинееринг (ҲРЛ) компанияси делегацияси Ўзбекистонга навбатдаги ташрифини амалга оширди.
Ташриф давомида компания раҳбарияти Хоразм вилоятида бўлиб, вилоят ҳокимлиги билан Хива шаҳрида "ақлли шаҳар" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича англашув меморандумини имзолади.
Ушбу келишув қадимий Хива шаҳрини кенгайтириш доирасида янги замонавий шаҳар ҳудудини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш йўлидаги муҳим дастлабки қадам сифатида баҳоланмоқда.
Режага кўра, янги "ақлли шаҳар"да замонавий муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси, коммунал тизимлар ҳамда барқарор шаҳарсозлик ечимлари жорий этилиши кўзда тутилган.
Лойиҳа Хива шаҳрининг тарихий ва маданий меросини асраб-авайлаган ҳолда замонавий шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилган. Шунингдек, у маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратиш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда инновацион ечимларни кенг жорий этишни назарда тутади.
Компания вакилларининг таъкидлашича, ҲРЛ Марказий Осиёда "ақлли шаҳарлар"ни режалаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт тармоқлари, коммунал тизимлар ва экологик барқарор шаҳар ечимлари бўйича ўз тажрибасини қўллашни режалаштирмоқда.
ҲРЛ вакили Халид Таймур лойиҳа оддий шаҳарсозлик ташаббусидан кенгроқ аҳамият касб этишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, ташаббус замонавий инфратузилма, иқтисодий ўсиш, технологик инновациялар ва экологик барқарорликни Хиванинг тарихий қиёфаси ва маданий мероси билан уйғунлаштиришни кўзда тутади.
Компания Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва лойиҳани биргаликда амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирган.
Ҳабиб Рафиқ Энгинееринг Покистонда йирик инфратузилма ва "ақлли шаҳар" лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасига эга. Компания иштирокида мамлакатда Сапитал Смарт Ситй Исламабад ва Лаҳоре Смарт Ситй каби йирик шаҳарсозлик лойиҳалари амалга оширилган.
Хивадаги янги лойиҳа амалга оширилиши Хоразм вилоятида замонавий шаҳарсозликни ривожлантириш, янги инвестицияларни жалб қилиш, транспорт ва коммунал инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

