Хитойнинг ғарбий дарвозаси: Шинжон-Уйғур автоном вилояти бугун қандай кўринишда?

**Хитойнинг Ғарбий Дарвозаси: Шинжон-Уйғур Автоном Вилоятининг Бугунги Манзараси**
Шинжон-Уйғур мухтор вилояти, Хитойнинг энг йирик маъмурий ҳудуди бўлиб, 1,66 миллион квадрат километр майдони билан мамлакатнинг олтидан бир қисмини ташкил этади. Бу ҳудудда замонавий технологиялар маркази Урумчи ва Буюк Ипак йўли руҳини сақлаб қолган қадимий Қошғар ёнма-ён жойлашган.
Жорий йилнинг 3-7-август кунлари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Маҳаллалар уюшмаси вакиллари ва бир гуруҳ журналистлар, жумладан, “Дарё” мухбири Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ташкил этилган сафар доирасида Шинжоннинг бугунги ҳолати билан танишдилар.
**Урумчи ва Қошғар: Замонавийлик ва Тарих Чорраҳаси**
Делегация Урумчи ва Қошғар шаҳарларида 15 дан ортиқ объектни кўздан кечирди. Улар орасида халқаро логистика маркази, маҳалла типидаги турар жой мажмуаси, музейлар, турли корхоналар ва Такламакон чўли бор эди.
**Шинжон Аҳолиси ва Иқтисодиёти**
Хитой ҳукумати вакилининг “Дарё”га маълум қилишича, 2026-йил бошида Шинжон аҳолиси 26,3 миллион нафардан ошган, шундан 16,2 миллион киши (61,6 фоизи) шаҳарларда истиқомат қилади. 2025-йилда ҳудуднинг ялпи ҳудудий маҳсулоти (ЙҲМ) 2,14 триллион юанни (318 миллиард доллар) ташкил этиб, бу бир йил олдингига нисбатан 5,5 фоизлик ўсишни кўрсатган. Аҳоли жон бошига ЙҲМ 81,6 минг юан (12 минг доллар)га тўғри келади. Таққослаш учун, ўтган йили Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 147 миллиард долларга етиб, аҳоли жон бошига 3,8 минг долларни ташкил этган.
**Географик Жойлашув ва Логистика Маркази**
Шинжон Мўғулистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон билан чегарадош бўлиб, ҳозирда Хитойнинг Ғарбий ва Марказий Осиёга очилган асосий қуруқлик дарвозасига айланган.
**Урумчи Халқаро Қуруқлик Порти: 72 Соатда Тошкентга**
Сафарнинг дастлабки манзили Урумчи халқаро қуруқлик порти бўлди. 67 квадрат километр майдонга эга бу мажмуага 30 миллиард юандан ортиқ (4,45 миллиард доллар) инвестиция киритилган. У темир йўл порти, божхона зонаси, мултимодал транспорт маркази, саноат парки ва халқаро тўқимачилик ҳамда кийим-кечак марказини ўз ичига олади.
2011-йилда “Хитой–Европа” поездлар қатнови йўлга қўйилганидан буён мажмуа орқали 166 000 та контейнер ташилган. Бугунги кунда Хитой бўйича Европага қатнайдиган поездларнинг 61 фоизи Шинжон орқали ўтиб, юклар 19 та мамлакатга етказиб берилади.
Порт вакилларининг маълум қилишича, Урумчидан Ўзбекистонга “Тяншан” бренди остида мунтазам поездлар қатнови йўлга қўйилган. Урумчидан чиққан поезд Олмаота орқали Қозоғистоннинг Алашанкоу шаҳрига 36 соатда етиб боради. Ҳар ҳафтанинг жума ва шанба кунлари жўнаб кетадиган поезд Тошкентгача бўлган масофани 72 соатда (3 суткада) босиб ўтади.
Яқин йилларда қурилиши якунланадиган “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли бу логистика занжирини янада тезлаштириб, маҳсулот етказиб бериш вақтини бир неча баробарга қисқартиради. Порт ҳудудида Алибаба ва Озон каби йирик онлайн-дўконлар учун алоҳида экспресс-марказ ташкил этилган бўлиб, бу ерда кичик жўнатмалар лазерли саралаш орқали тезкорлик билан қадоқланиб, юк машиналаридан тўғридан тўғри поездларга ортилади.
**Шинжонда “Ақлли Маҳалла” Тажрибаси**
Делегация Урумчидаги 2001-йилда қурилган “Яншан” турар жой мажмуасига ҳам ташриф буюрди. Бу мажмуада хан, уйғур, қозоқ ва хуей каби 14 та миллат вакилларидан иборат 4 214 нафар аҳоли яшайди.
Маҳаллада “Бир ойна” тизими жорий этилган бўлиб, барча жараёнлар рақамлаштирилгани туфайли хизматлар тезкор амалга оширилади. Пенсия ва ижтимоий ёрдамлар шу ернинг ўзида ҳал бўлади. Маҳалла марказида муаммоларни ёзиб қолдириш учун махсус доска мавжуд. Масалан, 71-квартира эгалари лифтни янгилашни сўраб хат қолдирганларида, маҳалла маъмурияти бу муаммони ўрганиб, тендер асосида бир йўла саккизта лифтни янгисига алмаштириб берган.
Маҳаллада профессионал психолог фаолият юритиб, оилавий низоларни ҳал этишда ёрдам беради. Мажмуада кексалар ва болалар учун шахмат ва карта хоналари, нуронийлар хори ва рақс дасталари мавжуд. Болалар учун бепул ёзги лагерлар ташкил этилиб, улар Пекин ва Шанхай каби йирик шаҳарларга саёҳатга юборилади. Ҳар ойнинг охирида шу ойда туғилган барча болалар учун оммавий туғилган кун байрами ўтказилади.
“Май ойи — Миллий бирлик ойи” доирасида “Баижиа Ян” байрами бўлиб ўтади. Бунда турли миллат вакиллари ўз уйларида миллий таомларни пишириб, маҳалла майдонига олиб чиқиб, барча билан баҳам кўради.
**50 Йиллик Фармацевтика Гиганти ва От Спорти**
Урумчи сафарида делегация 50 йилдан ортиқ тарихга эга бўлган “Инголан” фармацевтика фабрикасида ҳам бўлди. Бу мажмуа нафақат завод, балки илмий тадқиқотлар олиб бориладиган марказ ҳамдир. Заводда анъанавий хитой тиббиёти асосида ўсимликлардан тайёрланган ноёб препаратлар ишлаб чиқарилади.
Бундан ташқари, делегация аъзолари маҳаллий от спорти мажмуасига ташриф буюриб, чавандозларнинг маҳоратини кузатдилар. У ерда ўзбек миллий ўйинларига жуда ўхшаш бўлган кўпкари, камондан ўқ отиш ва от устидаги турли томошалар намойиш этилди. Мажмуанинг отларга бағишланган махсус музейи иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
**Эски ва Янги Қошғар**
Сафарнинг иккинчи қисми Шинжоннинг тарихий юраги бўлмиш қадимий Қошғар шаҳрида давом этди. Делегация аъзолари дастлаб Хитойдаги энг йирик исломий обидалардан бири — “Этигар” масжидига ташриф буюришди. Намозгоҳ бир вақтнинг ўзида 20 минг нафаргача намозхонни сиғдира олади.
Масжид 1442-йилда қурилган бўлиб, бир неча марта кенгайтирилган. Майдони 1,68 гектарни ташкил этади (шимолдан жанубга 140 метр, шарқдан ғарбга 120 метр). Обида миллий маданий ёдгорлик мақомига эга бўлиб, давлат томонидан 1983, 1994 ва 2011-йилларда таъмирланган.
Хитой расмийлари илгари Қошғарнинг эски шаҳар қисмида аҳоли зичлиги жуда юқори бўлгани ва қатор муаммолар мавжудлигини билдирди. Масалан, авваллари уйлар лой-ёғочдан қурилгани сабаб зилзиладан зарар кўриш хавфи катта эди. Ёғингарчиликда томлар қулаб тушиши мумкин, тор кўчаларга ўт ўчириш машиналари кира олмагани ва иситиш тизими йўқлигидан аҳоли кўмир ёқишга мажбур бўлгани таъкидланди.
Мазкур ҳолатлар инобатга олиниб, ҳукумат эски шаҳарнинг тарихий архитектурасини сақлаб қолган ҳолда, уни тўлиқ қайта таъмирламоқда. Муҳандислик ва коммунал тармоқлар (иссиқ сув, иситиш, канализация) ўтказиляпти.
2015-йилда Қошғарнинг эски шаҳар қисмига миллий 5А даражали туристик маскан мақоми берилган. Ҳозирда ҳудудга йилига 20 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюради. Шаҳар туризмдан бир йилда 20 миллиард юандан (2,96 миллиард доллар) ортиқ даромад олади. Бунда асосий саёҳлар оқими Хитойнинг турли ҳудудларидан бўлади.
**112 Километрлик Сув Қувури ва Такламакон “Яшил Белбоғи”**
Қошғар яқинидаги Сзяши (Жиаши) туманида амалга оширилган инфратузилма лойиҳаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Тумандаги 460 минг аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш учун Кези дарёсидан 112 километр масофага сув қувури тортиб келинган.
Лойиҳа қиймати 1,75 миллиард юанни (259 миллион доллар) ташкил этади. Масъуллар мазкур йирик лойиҳа туфайли Жанубий Шинжон аҳолиси узоқ йиллардан бери қийналиб келаётган ичимлик суви муаммоси тўлиқ ҳал этилганини билдирди.
Делегация аъзолари дунёдаги энг йирик чўллардан бири бўлган Такламакон чегара ҳудудларига ҳам борди. Чўл майдони 337 минг километр квадрат бўлиб, Германия ҳудудидан бироз кичик ҳисобланади. Азалдан бу чўл “қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди” деб таърифланган. Такламакон ёзда жуда иссиқ, қишда жуда совуқ бўлишдан ташқари, у ерда йил давомида қум бўронлари содир бўлиб туради. Қум кўчишининг олдини олиш ва табиатни муҳофаза қилиш учун мазкур чўл бағрида миллионлаб дарахтлар экилиб, томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилган.
Сафар давомида Қарқардаги мева етиштириш, кулолчилик ҳамда қўзиқоринни қайта ишлаш мажмуаларига ҳам борилди. Бир неча музейларга ҳам саёҳат уюштирилди. Айниқса, от спорти мажмуасига ташриф иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
**Шинжон: Ранг-баранг Олам**
Сафар давомида Шинжонда бир-биридан кескин фарқ қиладиган манзаралар кўзга ташланди. Урумчида улкан логистика марказлари ва халқаро поездлар ҳаракати эътибор торца, Қошғарда қадимий кўчалар, масжидлар, ҳунармандчилик ва маҳаллий бозорлар муҳити бошқача таассурот қолдиради. Бир томонда Такламакан чўли, иккинчи томонда эса чўлни яшиллаштириш лойиҳалари бор.
Бир жойда янги турар жой мажмуалари ва рақамлаштирилган ижтимоий хизматлар намойиш этилса, бошқа ҳудудда юзлаб йиллик тарихга эга обидалар сақланмоқда. Шинжонда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг кўлами катта. Аммо бу ҳудудни фақат янги йўллар, заводлар ёки логистика марказлари билан баҳолаб бўлмайди. Чунки Шинжон бир вақтнинг ўзида иқтисодий, географик, тарихий ва маданий жиҳатдан жуда мураккаб ҳудуд.
Шинжонга сафар унинг бугунги қиёфасини — қадимий Қошғардан замонавий Урумчигача бўлган катта ўзгаришларни — бир неча кун ичида бўлсада, яқиндан кўриш имконини берди.

