Хитойда дунёдаги биринчи птерозаврлар музейи очилди
Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном ҳудудида птерозаврлар - қадимги учувчи рептилияларга бағишланган дунёдаги биринчи илмий музей очилди. Унда птерозаврларнинг уч ўлчамли ҳолда сақланган тухумлари ва эмбрионлари ҳамда бошқа ноёб қазилмалар намойиш этилмоқда.

Хитойда дунёдаги илк птерозаврлар музейи иш бошлади
Накед Ссиенсе нашри маълумотига кўра, Хами птерозаврлар музейи Хитойнинг шимоли-ғарбидаги миллий геопарк ҳудудида жойлашган. Бу ҳудуд птерозавр қолдиқлари кўп топилгани билан машҳур.
Музейнинг кўргазма майдони қарийб 4,6 минг квадрат метрни ташкил этади. Мажмуа бир-бирига нисбатан силжитиб жойлаштирилган олтита овал шаклдаги залдан иборат.
Бино юқоридан қаралганда чўл ўртасида ётган птерозавр тухумлари уясини эслатади.
Музей экспозициясида Хитой Фанлар академиясининг Умуртқали ҳайвонлар палеонтологияси ва палеоантропологияси институти олимлари 20 йилдан ортиқ вақт давомида олиб борган қазишмалар чоғида топилган тошқотган қолдиқлар намойиш этилган.
Улар орасида дунёда илк бор топилган, уч ўлчамли шаклда сақланиб қолган птерозавр тухумлари ва эмбрионлари ҳам бор. Шунингдек, птерозаврларнинг айрим йирик намуналари илк бор кенг жамоатчиликка тақдим этилган.
Музей ташкилотчилари бу топилмаларни биринчи марта ягона экспозицияга жамлаган. Кўргазма орқали ташриф буюрувчилар тахминан 130 млн йил аввал, бўр даврида яшаган птерозаврларнинг ҳаёт тарзи ва эволюцияси ҳақида тасаввур ҳосил қилиши мумкин.
Хитой Фанлар академияси институти раҳбари Сюй Синнинг айтишича, музей ташриф буюрувчиларга илмий кашфиёт жараёни билан яқиндан танишиш ва қадимги ҳаётнинг хилма-хиллигини кўриш имконини беради.

