Хитой турли хил дронларни битта «ақлли тўда»га бирлаштирмоқчи
Хитой бир хил турдаги кўп сонли дронларни биргаликда бошқариш технологиясидан янги босқичга - ҳаво, қуруқлик ва денгизда ҳаракатланадиган турли учувчисиз тизимларни ягона тармоқда мувофиқлаштиришга ўтмоқчи. Келажакда бундай тизим разведкадан тортиб радиоелектрон бостириш ва юқори аниқликда зарба беришгача бўлган вазифаларни бажариши кўзда тутилган.

Хитой турли турдаги дронларни ягона «ақлли тўда»га бирлаштиришни режалаштирмоқда
Хитой электрон технологиялар корпорацияси (СЕТС) иштирокида тайёрланган мақолада мамлакатда дронлар тўдаси технологияларини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари ёритилган.
СЕТСнинг Интеллектуал технологиялар институти мутахассислари дронлар тўдасини шунчаки бир пайтда ҳаракатланадиган кўп сонли учувчисиз аппаратлар йиғиндиси сифатида эмас, балки тақсимланган ягона тизим сифатида тасаввур қилмоқда.
Бундай тизимда алоҳида аппаратлар бир-бири билан маълумот алмашади, ҳаракатларини мувофиқлаштиради ва маҳаллий вазиятдан келиб чиқиб мустақил қарорлар қабул қилади.
Хитой аллақачон бир хил турдаги кўплаб дронлардан иборат тўдаларни яратишда сезиларли натижаларга эришган. СЕТС маълумотига кўра, бундай тизимлар марказлаштирилмаган тармоқ қуриш, уни вазиятга қараб қайта шакллантириш ва мослашувчан алгоритмлардан фойдаланиш имкониятини кўрсатган.
Бу эса айрим дронлар ишдан чиқса, алоқа узилса ёки радиоелектрон халақитлар юзага келса ҳам, бутун тизимга ишни давом эттириш имконини беради.
СЕТС мутахассислари дронлар тўдасининг жанговар самарадорлигини белгиловчи бешта асосий хусусиятни ажратиб кўрсатган. Улар — яшовчанлик, вазиятдан хабардорлик, режалаштириш ва қарор қабул қилиш, вазифаларни бажариш ҳамда мустақил ўрганиш ва ривожланиш қобилияти.
Ҳозирги пайтда Хитой ушбу йўналишларнинг айримларида етарлича ривожланган технологияларга эга экани қайд этилган. Бироқ турли хил учувчисиз аппаратларни бир вақтнинг ўзида ҳаво, қуруқлик ва денгизда ҳаракатлантириш ҳануз анча мураккаб вазифа бўлиб қолмоқда.
Дронлар тўдасининг муҳим устунликларидан бири — кўплаб аппаратлардан келаётган маълумотларни бирлаштира олишидир. Бир нечта дроннинг кузатув маълумотларини умумлаштириш орқали алоҳида аппаратнинг техник имкониятларидаги чекловларни қисман бартараф этиш мумкин.
Бундай тўда нишонларни мустақил равишда қидириши, ниқобланган обьектларни аниқлаши, уларнинг жойлашувини белгилаши ва бир вақтнинг ўзида атрофдаги вазиятнинг яхлит манзарасини шакллантириши мумкин.
Шу билан бирга, кичик ва яхши яширилган обьектларни кучли радиоелектрон таъсир ҳамда шовқин шароитида аниқлаш ҳануз қийин вазифа бўлиб қолмоқда.

