Хитой савдода АҚШ ва Европа Иттифоқини қандай ортда қолдирди?
2000-йилда Хитой атиги 10 та иқтисодиёт билан ўзаро товар савдоси ҳажми бўйича АҚШ ва Европа Иттифоқидан олдинда эди. 2025-йилга келиб, бундай мамлакат ва ҳудудлар сони 92 тага етди. Шу даврда Хитойнинг ташқи товар савдоси қарийб 14 баравар ўсган.

Хитой савдода АҚШ ва Европа Иттифоқидан қандай олдинга чиқди?
Ҳисоб-китобларга товарлар экспорти ва импорти киритилган, хизматлар савдоси эса ҳисобга олинмаган. Қиёслаш фақат уч томон ўртасида амалга оширилган: Хитойнинг устунлиги шуни англатадики, маълум бир давлат у билан АҚШ ёки Европа Иттифоқининг ҳар бирига қараганда кўпроқ савдо қилган. Бу эса Хитой ўша давлатнинг барча савдо ҳамкорлари ичида ҳам биринчи ўринда дегани эмас.
2000-йилда таҳлил қилинган 175 та иқтисодиётнинг 112 тасида Европа Иттифоқи, 53 тасида АҚШ ва 10 тасида Хитой ушбу учлик ичида етакчи бўлган.
2025-йил маълумотларига кўра, Хитой 92 та, Европа Иттифоқи 55 та, АҚШ эса 32 та мамлакат ва ҳудуд билан савдода биринчи ўринни эгаллаган.
Ҳар икки йил бўйича маълумот мавжуд бўлган 175 та иқтисодиётнинг 88 тасида учликдаги етакчи ҳамкор ўзгарган. Шулардан 81 тасида биринчи ўрин Хитойга ўтган: 57 тасида у Европа Иттифоқини, 24 тасида эса АҚШни ортда қолдирган.
Энг катта силжишлар Осиёда кузатилган. Япония, Жанубий Корея, Тайван, Сингапур, Филиппин, Таиланд ва Малайзия 2000-йилда учлик орасида энг кўп АҚШ билан савдо қилган бўлса, кейинчалик Хитой олдинга чиққан. Австралия ва Янги Зеландияда эса Хитой Европа Иттифоқи ўрнини эгаллаган.
Форс кўрфази мамлакатларида ҳам шундай ўзгариш юз берган. Осиёда нефтга талаб ошгани фонида Саудия Арабистони, БАА, Қатар ва Кувайт савдосида Хитойнинг роли кучайган. Россияда эса 2022-йилда Ғарб санксиялари жорий этилгач, савдонинг шарққа бурилиши тезлашган.
АҚШ ва Европа Иттифоқи ўзларига яқин ҳудудларда кучли мавқеини сақлаб қолган. АҚШ Канада, Мексика, Марказий Америка ва Кариб ҳавзасининг аксарият давлатлари билан савдода етакчи. Европа Иттифоқи эса унга аъзо бўлмаган кўплаб Европа мамлакатлари, шунингдек, Шимолий ва Ғарбий Африканинг бир қатор давлатларида устунликка эга.
Хитойнинг ташқи товар савдоси 2000-йилдаги 470 миллиард доллардан 2025-йилда 6,4 триллион долларга етган. Бу қарийб 14 баравар ўсиш демакдир. Шу даврда Европа Иттифоқи савдоси 3,4 баравар, АҚШники эса 2,9 баравар ошган.

