Дунё

Хиросимага атом бомбаси ташланган жойда номаълум материал топилди

Японияда Хиросимага атом бомбаси ташланганидан қарийб 81 йил ўтиб, олимлар Хиросима кўрфази ҳудудидаги пляж қумларидан илгари номаълум бўлган материални топди. Бу ҳақда Тҳе Индепендент хабар берди.

Тадқиқотчилар “хиросимаитлар” деб номланган заррачаларни таҳлил қилди. Бу заррачалар атом бомбаси портлаши натижасида ҳосил бўлган юқори ҳарорат пайтида эриган материалларнинг майда шарсимон бўлакларидир. Олимлар Ссиенсе Адвансес журналида эълон қилган мақоласида шундай дейилади: “Биз 1945-йил 6-августда атом портлаши пайтида ҳосил бўлган ва Хиросима кўрфазининг пляж қумларида топилган номаълум қотишма ҳақида хабар қиламиз”.

Заррачалар смолага ботирилиб, силлиқланган ва микроскоп ёрдамида ўрганилган. Тадқиқотчилар атом портлаши пайтида қурилиш материаллари, металлар, тупроқ, шиша ва сув буғланиб кетиши натижасида ҳосил бўлган ноёб материалларни аниқлаган. Портлашдан ҳосил бўлган буғлар тезда микроскопик томчиларга айланган ва атрофдаги ҳудудга чўккан. Бу заррачаларнинг аксарияти Хиросима кўрфази қумларида сақланиб қолган.

Аввалги тадқиқотлар бундай заррачалар асосан 1800°С дан юқори ҳароратда ҳосил бўлган калсий, алюминий ва кремнийдан ташкил топган шишалардан иборат эканини кўрсатган. Энди олимлар “хиросимаит” материалларининг янги турини аниқлади. Улар заррачалар таркибида темирга бой қотишмаларнинг майда томчилари борлигини маълум қилди. Жумладан, у 63 фоиз темир, 15 фоиз хром, тўққиз фоиз никел ва етти фоиз кремнийдан иборат.

**Хиросима ва Нагасакидаги талафот**

Атом бомбаси ташланган кун Хиросимада тахминан 350 000 киши бўлган. Бомба портлаганидан сўнг ер юзасидаги ҳарорат 3 000–4 000°С га етган. 60 000 дан 80 000 гача одам шу заҳоти ёки ўша куннинг ўзида ҳалок бўлган. 1945-йил охирига келиб эса қурбонлар сони тахминан 140 000 кишига етган.

Тахминан 69 000 дан 80 000 гача киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Шаҳардаги 76 327 та бинонинг 68 фоизи тўлиқ вайрон бўлган. Уч кун ўтгач, иккинчи атом бомбаси Нагасакига ташланган. Ўша куни 40 000 дан 75 000 гача одам ҳалок бўлган, йил охирига келиб эса Нагасакидаги қурбонлар сони 80 000 кишигача етган.