Вояга етмаганларни жазолашдан мақсад қасос олиш ёки қийнаш эмас, балки қайта тарбиялашдир — Тошкент судлари
Тошкент шаҳар судлари ЙПХ ходимини уриб юбориб, ўлимга сабабчи бўлган мактаб ўқувчисига нисбатан чиқарилган ҳукм (2 йилу 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш) юзасидан тушунтириш эълон қилди. Унда ҳукмдан кўзланган мақсад вояга етмаган шахсдан ўч олиш ёки уни қийнаш эмас, балки уни қайта тарбиялаш экани таъкидланган ҳамда ҳукм ҳали қонуний кучга кирмагани қўшимча қилинган.

Вояга етмаганларни жазолашдан мақсад — қасос олиш ёки қийнаш эмас, балки қайта тарбиялашдир — Тошкент судлари
Тошкентда машинада ЙПХ ходимини уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлган вояга етмаган Дониёр Турғуновга суд томонидан 2 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу бўйича Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати изоҳ берди.
Матбуот хизматининг маълум қилишича, вояга етмаганлар иштирокидаги жиноят ишлари ёпиқ суд мажлисларида кўриб чиқилади. Вояга етмаганларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 85-моддаси талабларига мувофиқ тайинланади. Кодексда бундай жазо умумий тартибли колонияларда эмас, балки тарбия колонияларида ўталиши белгиланган.
Жиноят содир этилган вақтда — 2026 йилнинг февралида Дониёр Турғунов ҳали 16 ёшга тўлмаган, мактабнинг 10-синфида ўқир эди. Суд уни ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбдор деб топди.
Пойтахт судлари матбуот хизмати вояга етмаганлар руҳий, физиологик ва ижтимоий жиҳатдан ҳали тўлиқ шаклланиб улгурмаган деб ҳисобланишини, уларни жазолаш тизими эса инсонпарварлик тамойилларига асосланишини таъкидлади. «Жазодан кўзланган асосий мақсад қасос олиш ёки қийнаш эмас, балки ахлоқан тузатиш, қайта тарбиялаш ва шахсни жамиятнинг соғлом аъзоси сифатида қайтаришдир», — дейилади изоҳда.
Турғуновга ҳукм чиқаришда унинг мактаб ўқувчиси экани ва жиноят содир этилган вақтда 16 ёшга тўлмагани ҳисобга олинган.
«Жиноят оқибатида бевақт ҳаётдан кўз юмган ЙПХ ходимининг фидойилиги ўсиб келаётган авлод учун намунадир. Вояга етмаган боланинг қилмиши эса нафақат улар, балки ота-оналар учун ҳам аччиқ сабоқдир», — дейилади изоҳда.
Шаҳар судлари ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаганини қайд этди. Томонлар қонунда белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли. Бундай ҳолатда иш юқори суд инстанциясида кўриб чиқилади.
«Газета»нинг ёзишича, мактаб ўқувчиси BMW M4 автомобилида уриб юборган кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров оғир жароҳатлар олиб, шифохонада ҳушига келмай вафот этган. Президент уни вафотидан кейин «Жасорат» медали билан мукофотлаган.
Шунингдек, ўсмирнинг ота-онаси муқаддам икки марта маъмурий жавобгарликка тортилгани хабар қилинган эди. 2025 йил сентябрида — ўқувчининг дарсларни қолдиргани сабабли, 2026 йил январида эса — автомобилни ўзбошимчалик билан бошқаргани ва Йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузгани учун.
ИИВ, шунингдек, BMW M4 автомобили 2002 йилда туғилган Лейла Атадияновага тегишли эканлигини маълум қилди. Вазирлик маълумотларига кўра, у 2024 йилдан буён 18 марта автомобилларни ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган шахсларга бошқариш учун топширган ва 37 марта бошқа қўпол ЙҲҚ бузилишларига йўл қўйган.
Ўсмир ИИВ томонидан эълон қилинган видеода муқаддам автомобилни бошқаргани учун огоҳлантириш олганини тан олди. «Бошқа машина ҳайдамайман деб ваъда бергандим. Лекин яна қоидани бузиб, рулга ўтирдим. Менинг барча ҳаракатларим нотўғри», — деган у.

