ЙПХ ходими ўлимига сабабчи бўлган болага тайинланган жазо бўйича қўшимча маълумот берилди

ЙПХ ходими ўлимига сабаб бўлган болага тайинланган жазо юзасидан қўшимча маълумот берилди
Тошкентда ЙПХ инспекторини БМВъда уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлган вояга етмаган Д.T.ga 2 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлгач, Тошкент шаҳар судлари бу борада қўшимча изоҳ берди.
Таъкидланишича, жазодан асосий мақсад билиб-билмай жиноятга қўл урган шахсларни ахлоқан тузатиш ва тарбиялашдир. Яъниким, жазодан мақсад асло қасд олиш ёки азоб бериш эмас, балки жиноят содир этган шахсни жамиятга соғлом аъзо сифатида қайтариш ҳисобланади.
Қонунчиликда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноят ишларини суд тартибида кўриб чиқиш ва жазо тайинлаш масалалари алоҳида тартибга солинган. Хусусан, вояга етмаган шахсларга оид жиноят ишлари ёпиқ суд мажлисларида кўриб чиқилиши, озодликдан маҳрум этиш жазоси эса Жиноят кодексининг 85-моддаси тартибида тайинланиши шулар жумласидандир. Шунингдек, тайинланган жазо умумий колонияларда эмас, балки алоҳида тарбия колонияларида ўталиши ҳам қонунчиликда алоҳида қайд этилган.
Хабарда билдирилишича, қонунчиликдаги мазкур нормалар бежиз эмас. Чунки вояга етмаганлар руҳий, физиологик ва ижтимоий жиҳатдан ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлиб, қайд этилган ҳуқуқий тартиблар жазодан мақсад қайта тарбиялаш эканини яна бир бор кўрсатади.
“Тўғри, марҳумларни ҳаётга қайтариб бўлмайди. Шу нуқтайи назардан, жамоатчиликнинг эҳтиросли муносабатларига тушуниш билан қаралади. Бироқ, суд томонидан босиқлик ва жиноят иши бўйича ҳар бир ҳолат чуқур таҳлил қилинган ҳолда тўхтамга келинишини ҳам эътибордан соқит қилмаслик лозим. Шу нуқтайи назардан, вояга етмаган Турғуновга жазо тайинлашда юқоридаги қонун нормаларига таянган ҳолда, унинг мактаб ўқувчиси экани, жиноят содир этилган пайтда ҳали 16 ёшга тўлмагани, энг муҳими, ахлоқан тузатиш, қайта тарбиялаш ва янги жиноятлар содир этилишининг олдини олиш каби омиллар ҳам эътиборга олинган кўринади. Чунки жиноят ҳуқуқида вояга етмаганларга нисбатан жазо тизими инсонпарварлик тамойилларига асосланган”, дейилади расмий изоҳда.
Шу билан бирга, ҳукм ҳали қонуний кучга кирмагани, унга нисбатан тарафларнинг шикоят бериш ҳуқуқи қонун билан кафолатлангани, ҳукмга нисбатан тарафлардан шикоят тушса, юқори суд инстансиясида тегишли тартибда кўриб чиқилиб, ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинди.

