Дониёр Тургунов 2 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди
BMW рулида йўл-патрул хизмати инспектори Ҳосилбек Эшназаровни уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлган вояга етмаган Дониёр Тургуновга нисбатан жиноят иши бўйича ёпиқ суд мажлиси якунланди.

Дониёр Тургунов 2 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Дониёр Тургуновга нисбатан жиноят иши бўйича ёпиқ суд мажлиси якунланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.
Хабар қилинишича, 2010 йилда туғилган Дониёр Тургунов Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиш) билан айбдор деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 85-моддаси тартибида 2 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ҳукмга кўра, жазони ўташ муддати судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган 2026 йил 27 февралдан бошлаб ҳисобланади, яъни маҳкум панжара ортида яна 1 йил-у 9 ой қолади.
Раислик қилувчи судья томонларга ҳукмнинг мазмун-моҳиятини, жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқини, шунингдек, ҳукм устидан шикоят қилиш муддати ва тартибини тушунтирди.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 25 февраль куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманида вояга етмаган Дониёр Тургунов BMW русумли автомобилни бошқариб кетаётиб, йўл-патрул хизмати инспектори Ҳосилбек Эшназаровни уриб юборган эди. Инспектор оғир жароҳатлар туфайли вафот этган.
Шундан сўнг Дониёр Тургунов қамоққа олиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) ва 104-моддаси учинчи қисми «д» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш, одам ўлимига сабаб бўлиш) билан айблов эълон қилинган эди. Кейинчалик автомобилни олиб қочиш ҳақидаги модда айбловдан чиқариб ташлангани маълум бўлди.
Ҳалок бўлган кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров президент фармони билан тақдирланди

