Лайфстайл

Владимир Басов... қаҳқаҳа ортидаги оғир дард

Кичик ёшидан адабиёт ва театрга қизиққан Басов актёр бўлишни орзу қиларди. Аммо тақдир уни аввал

Владимир Басов: Кулги ортидаги оғир дард

Кино оламида томошабинни бир вақтнинг ўзида ҳам кулдириб, ҳам чуқур ўйга толдира оладиган санъаткорлар камдан-кам учрайди. Ана шундай ноёб истеъдод эгаларидан бири Владимир Павлович Басов эди. У нафақат таниқли актёр, балки истеъдодли режиссёр ва ссенарийнавис ҳам бўлган. Басовнинг ҳаёти уруш, ижод, муҳаббат, оилавий драмалар ва оғир касалликлар билан кечган бўлса-да, у умрининг охиригача кино санъатига садоқат билан хизмат қилди.

Урушлар соясида

Владимир Басов 1923-йил 28-июлда ҳозирги Россиянинг Белгород вилоятидаги Уразово қишлоғида туғилган. Отаси ҳарбий хизматчи бўлиб, Владимир ёшлигида вафот этган. Шу сабабли онаси уни катта қийинчиликлар билан тарбиялаган.

Ёшлигидан адабиёт ва театрга қизиққан Басов актёр бўлишни орзу қиларди. Аммо тақдир уни аввал уруш майдонига етаклади.

1941-йилда Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, Басов фронтга жўнади. У артиллерия қўшинларида хизмат қилди, бир қанча оғир жангларда қатнашди ва жасорати учун давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Уруш тугаганида Басов капитан унвонигача кўтарилган эди. Унга ҳарбий соҳада юқори лавозимлар таклиф қилинди. Аммо Басовнинг юраги саҳнага талпинарди. Шу сабабли у ҳарбий фаолиятини якунлаб, Москвага қайтди ва ўқишга кирди.

Кино оламида

1952-йилда институтни тамомлаган Владимир Басов «Мосфилм»да иш бошлади. Аввалига режиссёр сифатида танилди. У суратга олган филмлар жиддий мавзуларни кўтаргани, психологик чуқурлиги ва кучли драматургияси билан ажралиб турарди.

Унинг энг машҳур режиссёрлик ишлари «Мардонаворлик мактаби», «Йўлдаги жанг», «Жимжитлик», «Қилич ва қалқон», «Турбинлар кунлари» бўлди. Айниқса, «Қилич ва қалқон» кўп қисмли бадиий филми разведкачилар ҳақидаги энг яхши киноасарлардан бири сифатида эътироф этилди.

Режиссёрликдан ташқари Владимир Басов кинода роллар ҳам ижро этди. Кўпчилик томошабинлар Басовни ўзига хос ташқи кўриниши, хирилдоқ овози ва ҳазиломуз образлари орқали эслайди. У гўзал қаҳрамонларни эмас, балки ҳаётда учрайдиган ғалати, ҳазилкаш, айни пайтда меҳрибон инсонларни жонлантиришда тенгсиз эди.

Владимир Басов ташқи кўриниши билан классик қаҳрамонларга ўхшамасди. Аммо у ҳақиқий санъаткорнинг кучи чиройида эмас, истеъдодида эканлигини исботлади. Басов фронтда жасорат кўрсатган офицер, саҳнада бетакрор актёр, камера ортида эса талабчан режиссёр эди. Унинг филмлари ҳали-ҳамон томошабинларни кулдиради, ўйлантиради ва инсон қалбига эзгулик уруғини сочади.

Басов иштирокидаги «И» операцияси ва Шурикнинг бошқа саргузаштлари», «Қизил шапкача ҳақида», «Буратинонинг саргузаштлари», «Жиноят ва жазо», «Москва кўз ёшларга ишонмайди», «Электрониканинг саргузаштлари» филмлари машҳур. У ҳатто кичик эпизодларда ҳам томошабин хотирасида қоладиган образ ярата оларди.

Омадсиз турмушлар ва оғир хасталик

Басов уч марта оила қурган. Биринчи рафиқаси актриса Роза Макагонова эди. Кейин у машҳур актриса Наталя Фатеева билан турмуш қурди. Уларнинг никоҳидан ўғли – кичик Владимир Басов туғилди. Аммо бу никоҳ ҳам узоқ давом этмади.

Учинчи рафиқаси актриса Валентина Титова эди. Бу оилада икки фарзанд дунёга келди. Бироқ кейинчалик бу никоҳ ҳам ажрим билан якунланди.

Валентина Титова билан ажрашувидан сўнг кўпчилик фарзандлар онаси билан қолади деб ўйлаган эди. Аммо суд болаларни отаси Владимир Басов тарбиясида қолдирган. Сабаблардан бири Басовнинг барқарор даромади, турар жойи ва фарзандларни таъминлаш имконияти юқори деб баҳолангани эди. Александр кейинчалик отасига бўлган меҳри ва ҳурмати ҳақида бир неча бор илиқ хотиралар билан ўртоқлашган.

Басов фарзандларининг тақдири турлича кечди. Катта ўғли – кичик Владимир Басов отаси каби кино соҳасини танлади. ВГИКни тамомлаб, актёр ва кинорежиссёр сифатида фаолият юритди. Басовнинг яна бир ўғли Александр Басов ҳам отасининг изидан борди. У ВГИКда таҳсил олиб, режиссёр ва актёр бўлди. Бир нечта филм ва телелойиҳаларга режиссёрлик қилди, кинода суратга тушди.

Александр отаси билан жуда яқин бўлган. Ота-онаси ажрашгач, суд қарори билан Александр ва синглиси отасининг тарбиясида қолган. Владимир Басов уларни деярли ёлғиз ўзи тарбиялаган: овқат пиширган, мактаб ишлари билан шуғулланган ва ижодга меҳр уйғотган.

Басовнинг қизи

Елизавета Басова рақс санъатини танлади. У Санкт-Петербургда хореография бўйича таҳсил олди, сўнг Европага кўчиб кетди. Кейинчалик грек миллатига мансуб Адонис исмли йигитга турмушга чиққани ва Франсиянинг Париж шаҳрида яшагани ҳақида маълумотлар бор. Елизавета Басова халқаро хореография танловларида мукофотларга ҳам сазовор бўлган.

Айтиш жоизки, Владимир Басов ҳаётида уч марта оила қурган бўлса-да, унинг энг катта бойлиги сифатида айнан фарзандлари тилга олинади. Улардан икки нафари кино санъатини давом эттирди, қизи эса рақс соҳасида ўз йўлини топди.

1983-йилда Владимир Басов инсултни бошдан кечирди. Шифокорлар унинг яна кино суратга олишига ишонмасди. Бир неча ой давомида ҳаракатланиши ҳам қийинлашди. Лекин Басов таслим бўлмади. У катта матонат билан соғлиғини тиклаб, режиссёрликка қайтди ва яна бир нечта филмни суратга олди. Бу унинг санъатга бўлган чексиз муҳаббатини намоён этди.

1987-йил 17-сентябрда Владимир Басов 64 ёшида Москвада иккинчи инсулт оқибатида вафот этди. У Москвадаги Кунсево қабристонига дафн қилинди. Басовнинг вафоти кино учун катта йўқотиш сифатида баҳоланди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.