Лайфстайл

Умрининг сўнгги йилларини қашшоқликда ўтказган 5 нафар машҳур совет актёрлари

**СССРнинг машҳур актёрлари: Ҳаётининг сўнгги йилларини қашшоқликда ўтказган 5 санъаткор**

Совет Иттифоқи даврида энг юқори унвонларга сазовор бўлган санъаткорлар ҳам фақат маош эвазига ишлаганлар, ўз даромадларини бизнесга йўналтириш имкониятига эга бўлмаганлар. Шу сабабли, кўплаб таниқли актёрлар нафақага чиққач ёки касалликка чалингач, оғир аҳволга тушиб қолишган. Қуйида ҳаётининг сўнгги йилларини моддий қийинчиликлар билан ўтказган беш нафар машҳур санъаткор ҳақида ҳикоя қиламиз.

**Алексей Смирнов**

Уруш фахрийси ва РСФСРда хизмат кўрсатган артист Алексей Смирнов кўплаб филмлардаги кичик, аммо ёрқин ва кулгили роллари билан халқ орасида танилган эди. Томошабинлар уни Элем Климовнинг "Бегоналар кириши мумкин эмас" филмидаги хўжалик мудири, Леонид Гайдайнинг "И операцияси"даги безори Федя ва "Жангга фақат чоллар киради" филмидаги Михалич образлари орқали яхши эслашади.

Урушда олган оғир жароҳати туфайли актёр фарзанд кўриш бахтидан маҳрум бўлди, бу эса унинг оилавий ҳаётига нуқта қўйди. Бундан ташқари, урушда иккинчи ўғли Аркадийдан айрилган онасига ҳам ўзи ғамхўрлик қилишга мажбур эди. Шу сабабли у узоқ муддатли суратга олиш ишларига кета олмасди ва камроқ вақт талаб қиладиган иккинчи даражали ролларни олишга мажбур бўларди.

Табиатан жуда камтар бўлгани учун машҳур артист давлатдан ўзи учун бирон-бир шароит ёки имтиёз талаб қила олмади. Натижада у бутун умр онаси билан умумий квартирада яшади. Эллик ёшдан ошгач, соғлиғи ёмонлашди ва ролларини камайтиришга мажбур бўлгач, унинг шундоқ ҳам кам бўлган гонорари арзимаган пулга айланиб қолди. Аммо унинг ҳаётидаги энг оғир зарба яқин дўсти, актёр ва режиссёр Леонид Биковнинг автоҳалокатда вафот этгани бўлди. Бу хабарни эшитган Смирнов ичкиликка берилиб, шифохонага тушиб қолди ва 1979-йил 7-майда вафот этди.

**Сергей Филиппов**

Эпизодлар устаси Сергей Филиппов кино оламидаги ярим асрлик фаолияти давомида юздан ортиқ ролларни ижро этди ва экранда ёрқин, унутилмас образлар яратди. Унинг энг машҳур ишлари — "Карнавал кечаси" комедиясидаги маърузачи Никодилов ва Леонид Гайдайнинг "12 стул" филмидаги Киса Воробянинов ролларидир. Филиппов ўзининг сўнгги ролини ҳам айнан шу режиссёрнинг "Хусусий изқувар ёки ъКооперацияъ операцияси" филмида уруш фахрийси образида ўйнаган.

Сергей Филиппов умрининг охирги йилларини қашшоқликда ўтказди деб бўлмайди. Унинг шахсий квартираси, узоқ йиллар давомида йиғган катта кутубхонаси, яхши кўрган расмлари ва қимматбаҳо мебеллари бор эди. Бироқ қариган чоғида роллар камайиб кетгани сабабли даромадидан асар ҳам қолмаганди. Уйидаги жиҳозларни сотишни эса актёр на уддалай олар, на бунга ғурури йўл қўярди.

Умрининг охирги йигирма йилини Филиппов саратон касаллиги билан курашиб ўтказди, бу эса катта харажатларни талаб қилар ва кундалик ҳаётини қийинлаштирар эди. Бунинг устига хотини вафот этгач, у бутунлай ёлғизланиб қолди ва одамлардан узоқлашди. У оламдан ўтганидан кейин, чорак аср давомида у меҳнат қилган "Ленфилм" киностудияси раҳбарияти унинг дафн маросимига пул ажратмади. Вазиятни актёр Александр Демяненко қутқариб қолди. У Филипповни танийдиган ҳамкасбларидан пул йиғиб, унга камтарона дафн маросимини уюштирди.

**Алексей Катишев**

Ғайриоддий даражада келбатли ва келишган актёр Алексей Катишев 18 ёшида Александр Роунинг "Олов, сув... ва мис қувурлар" эртак-филмида суратга тушиб, бутун Совет Иттифоқига танилди. Катишев суратга олиш майдонидан тўғри армияга кетди. Бироқ кўк кўзли, самимий ва очиқкўнгил йигитча режиссёр Роуга шунчалик ёқиб қолган эдики, у йигит учун армияда махсус шароит қилдириб берди. Бу шароит унга ҳарбий хизмат билан бирга янада машҳур бўлган "Гўзал Варвара" эртагида суратга тушиш имконини берди.

Роунинг навбатдаги режаси "Финист — сарлочин" эртак-филми бўлиб, у бош ролда фақат Катишевни кўраётган эди. Аммо 1973-йил декабрида режиссёр вафот этди. Лойиҳани қўлига олган янги режиссёр Геннадий Васильев эса Финист ролига бақувватроқ ва жиддийроқ кўринган Вячеслав Воскресенскийни олди. Бошқа режиссёрлар ҳам Алексей Катишевни ўзлари қидириб келишмади, ваҳоланки у ўзи бориб роллар сўраб кўрди.

Оиласини боқиш учун собиқ актёр юк машинасини ҳайдашни ўрганиб, сут заводига ишга кирди. Амалга ошмаган орзулари ва армонлари Катишевни ичкиликка берилишига сабаб бўлди, бу эса охир-оқибат оиласининг бузилишига олиб келди. У Ялтага, онасининг уйига кўчиб ўтди, бироқ тез орада фирибгарлар тузоғига тушиб, квартирасидан ҳам айрилди. Бу вақтга келиб Совет Иттифоқи тарқаб кетган, янги Украина ҳукуматига эса бир пайтлар машҳур бўлган актёрнинг қизиғи йўқ эди. Умрининг сўнггигача ҳам фуқаролик рўйхатидан ўта олмади. Бусиз эса уни ҳеч қаерга ишга олишмасди. 2006-йил ноябр ойида уйдагилар билан ичиб муштлашгани сабабли калтакланган Алексей Катишев Ялта шифохонасига олиб келинди. Текширувлар собиқ актёрда кўплаб оғир касалликлар борлигини кўрсатди, аммо даволанишга унинг пули ёқ эди. Шифохонага ётқизилганидан икки кун ўтиб, Катишев вафот этди.

**Борислав Брондуков**

Сергей Филиппов каби Борислав Брондуков ҳам кичик, баъзан бир неча дақиқалик эпизод роллари билан юлдузга айланган эди. Бироқ ролининг кичиклиги актёрнинг экранда ёрқин ва унутилмас қиёфа яратишига халақит бера олмасди. "Шерлок Холмс ва доктор Уацоннинг саргузаштлари" филмидаги мақтанчоқ инспектор Лестрейид ва "Афоня"даги ичувчи Федул образлари шулар жумласидандир. Шу билан бирга, актёр нутқида украин шеваси жуда кучли бўлгани учун унинг юздан ортиқ ролларидан қарийб қирқтасига бошқалар овоз берган.

Брондуков 1960-йилларнинг бошидан бошлаб тинимсиз филмларда суратга тушди ва СССР парчаланганидан кейин ҳам экранларда кўриниш берди. Тўғри, 1990-йилларда унга тобора майда ва аҳамияциз роллар тегарди, чунки актёрнинг соғлиғи яхши эмасди. У ўзининг биринчи инсултини 1984-йилда, 46 ёшида суратга олиш майдончасида ўтказган. 1993-йилда содир бўлган навбатдагиси актёрнинг соғлиғига жиддий путур етказди. 1997-йилги учинчи инсултдан кейин эса бутунлай тўшакка михланиб қолди.

Даволаниш учун жуда кўп пул керак бўлгани учун оиланинг молиявий аҳволи оғирлашди, чунки рафиқаси Екатерина эрига қараш учун ишини ташлашга мажбур бўлганди. Оила том маънода оч қолди. Брондуковнинг кенжа ўғли Богдан таниш қассобдан "итларимизга берамиз" деб суяклар сўраб келар, кейин эса оила ўша суяклардан шўрва қайнатиб ичишарди. Узоқ давом этган касалликдан сўнг, бир пайтлар жуда машҳур бўлган актёр 2004-йил 10-мартда дунёдан ўтди.

**Георгий Вицин**

Қашшоқлик ва етишмовчилик ҳар доим ҳам ҳаётдаги омадсизликлар ортидан келавермайди. Машҳур актёр, СССР халқ артисти Георгий Вицин ўз ихтиёрига кўра содда ва камтарона ҳаёт кечиришни танлади.

Георгий Вицин Совет Иттифоқининг энг таниқли юлдузларидан бири эди. Ўзига хос овози ва ташқи кўриниши туфайли у кинода кўпинча ичувчилар ролини ўйнаган, ваҳоланки ўзи ҳаёти давомида бир томчи ҳам спиртли ичимлик ичмаган ва тамаки чекмаган. Вицин ёга билан шуғулланган ва кексайиб қолганида ҳам анча ёш кўринарди. У кино ва радиода 300 дан ортиқ образларни яратган. Соғлом турмуш тарзи сабабли актёр 84 ёшгача яшади ва умрининг сўнгги кунларигача Киноактёрлар театр-студияси труппасида хизмат қилди. У ҳатто оғир 1990-йилларда ҳам ишсиз қолгани йўқ. Шунга қарамай, ўта камтарона ҳаёт кечирди.

Уни яқиндан таниганларнинг эслашича, Вицин ва "бойлик" тушунчаси бир-бирига мутлақо бегона эди. Ҳатто у хизматлари эвазига давлат томонидан берилган Москва марказидаги шинам квартирани қизига совға қилди, ўзи эса оддий, эски кўп қаватли хонадонда яшади. Кийиниш борасида Вицин қимматбаҳо матолар ёки урфдаги фасонларга берилмади, ҳар доим оддийлик ва қулайликни қадрлади. Шунингдек, актёр интервю беришдан қочарди ва буни мутлақо кераксиз деб ҳисобларди. Бегона одамлар билан гаплашмасликни маъқул кўриб, минглаб мухлислари қуршовидан кўра кўчадаги қушлар ва дайди итларни овқатлантиришни афзал билди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.