“Кинога аралашиб қолганимдан афсусланаман”. Музаффар Саъдуллаев нима сабабдан “Осмондаги болалар”нинг 3-қисмида суратга тушмагани ҳақида

“Кинога аралашиб қолганимдан афсусланаман”. Музаффар Саъдуллаев “Осмондаги болалар”нинг 3-қисмида нима сабабдан суратга тушмагани ҳақида сўзлаб берди.
“Осмондаги болалар” филмидаги Ҳамдам ва “Ватан”даги Қурбон роллари билан томошабинларга яхши таниш бўлган актёр ва ҳунарманд Музаффар Саъдуллаев ЁуТубеъдаги “Интервю ТВ” каналига берган интервюсида кино соҳасига кирганидан афсусланиши, 30 йилдан ортиқ вақтдан буён тунукачилик билан шуғулланиб келаётгани ҳамда шахсий ҳаёти ҳақида гапирди.
**Актёрнинг шахсий ҳаёти ҳақида**
— 2002-йилда, “Осмондаги болалар” филмининг суратга олиш ишлари якунлангач, ёзда 22 ёшимда оила қурганман. Худога шукр, уч нафар ўғил фарзандим бор. Ҳаммалари улғайиб қолишди. Катта ўғлим Турин политехника университетини тамомлаб, икки йилдан буён ИТ соҳасида фаолият юритмоқда. Ўртанчам Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олади. Кенжам эса мактабда, 9-синфда ўқийди. Ҳозирда катта ўғлимни уйлантириб, оилали қилишни режалаштиряпмиз.
**“Отам оламдан ўтганидан сўнг сочимга оқ тушди”**
— 2020-йилги пандемия сабаб дадам вафот этдилар. Ҳаётнинг турли синовлари ва ташвишлари туфайли сочларимга оқ тушди. Ота-онаси тирик инсонлар ҳар доим бемалол, хотиржам кулиб юрар экан. Уларнинг биридан айрилсангиз ҳам ичингизнинг ярми бўшаб, баъзида тушкунликка тушиб қолар экансиз. Аллоҳга шукр, онам ҳаётлар, бошимизга бош-қош бўлиб, дуо қилиб ўтирибдилар.
**Актёр “Осмондаги болалар”нинг учинчи қисмида нима учун суратга тушмаган?**
— Аввал ҳам айтганман, кино соҳасида, хусусан, актёрликка ўқимаганман. Қолаверса, инсон ёши улғайгани сари кўп нарсаларга бошқачароқ назар билан қараб, ёндашар экан. Шунинг учун бу ҳақда кўп ўйладим. Дадам вафот этганидан кейин кинода ишлашга олдингидек хоҳишим қолмади. Филм режиссёри Зулфиқор Мусоқовдан мени тўғри тушунишини сўраб, учинчи қисмда суратга тушмаслигимни айтдим. Ўшанда Зулфиқор акага “Балки нима учун қатнашмоқчи эмаслигимни тўлиқ тушунтириб беролмасман, лекин тўғриси, кинодан анча узоқлашиб қолдим”, деб ўзимдан ўтган ҳисларни қўлимдан келганча тушунтирганман. Хуллас, филмда суратга тушишга хоҳишим бўлмади, дейди у.
**Актёр отаси ҳақида**
— Дадам 1955-йилда Тошкент шаҳрида, ўртаҳол оилада туғилган. Москвада иқтисод йўналиши бўйича олий таълимни тамомлаганлар. Бир йиллик ҳарбий хизматдан қайтгач, 1978-йилдан бошлаб “Ўзбекфилм” киностудиясининг маъмурий гуруҳида маъмур бўлиб иш бошлаганлар. У вақтларда “Ўзбекфилм”га яқинлашиш жуда қийин эди. Шундан сўнг узоқ йиллар ташкилий ишлар билан шуғулландилар, орада картина директори муовини бўлиб ишладилар.
1990-йилда “Инсон” киностудиясини тузишган. Шу ерда ҳам студия раҳбарининг муовини бўлиб узоқ вақт фаолият юритдилар. 2002-йилда кўп студиялар хусусийлаштирилганидан кейин бу масканни ўзлари сотиб олдилар. “Инсон” киностудияси ҳозир ҳам бор. 2019-йилдан буён студия директори сифатида уни ўзим бошқариб келяпман. Дадамнинг бутун умри кинога бағишланди. Умумий олганда, 42 йил давомида 100 дан ортиқ филмларнинг ташкилий ишларида картина директори ва маъмури бўлиб меҳнат қилдилар, дейди Музаффар Саъдуллаев.
**“Кинони бутунлай тарк этганман”**
— Актёр сифатида кинони бутунлай тарк этганман, бунга анча бўлди. Охирги марта 2006-йилда “Забаржад” филмида суратга тушгандим. Шундан кейин актёрлик фаолиятимни тугатиб, бир нечта филмларда картина директори сифатида ишлаб юрдим. Лекин тўрт йилдан буён бу соҳада ҳам фаолият кўрсатмаяпман. Гарчи бу йўналишда ишни давом эттиришимни сўраб кўп таклифлар тушса-да, баъзида маъмурий масалаларда ёрдам сўрашса-да, рад этяпман. Мурожаат қилганларга ишнинг йўл-йўриғини тушунтираман-у, у ёғига қандай йўл тутишни ўзларига қўйиб бераман. Имкон қадар билганларимни тўғри ўргатишга ҳаракат қиламан.
**“33 йиллик ҳунармандман”**
— Онам томондан бобом ҳунарманд туникачи бўлган. Бу ҳунарни тоғамдан ўрганганман. “Чорсу”даги гумбаз орқасидаги ҳунармандлар растаси қуриб битказилганидан сўнг, 13-дўконда иш бошлаганмиз. Мактабдан келиб, овқатланиб бўлишим билан дарров “Чорсу”га шошилардим. Шундай қилиб, 1994-йилдан то 1999-йилгача — беш йил давомида тоғамдан ҳунар сирларини ўргандим.
Дадам “Алпомиш” филмида ишлаётганларида мени ҳам студияга чақирган. Келиб тоғамдан маслаҳат сўраганимда, у киши: “Музаффар, ҳозиргача нималарни билсам, ҳаммасини сенга ўргатдим. Бошқа сирим қолмади. Битта ҳунарни эгалладинг. Бу ёғига нима қилишни ўзинг биласан. Хоҳласанг, қолиб мен билан ишла, хоҳласанг даданг билан бориб студияда ишлаб кўр”, деган.
**Актёр “Осмондаги болалар” филмидан қанча гонорар олган?**
— Ўша даврга нисбатан айцам, 400-500 доллар гонорар олганман. У пайтларда бу суммага “Москвич” автомобилини сотиб олиш мумкин эди. Ўша вақтдаги нарх-наво бўйича ҳисобласак, бир уй қийматининг учдан бирига етадиган пул беришган. “Ватан” филмидан бунга қараганда бироз кўпроқ маош олганман. Лекин 2006-йилга келиб нарх-наво ҳам анча кўтарилиб кетган эди.
**“Ҳунарманд бойиб кетмаса ҳам доим пули бўлади”**
— Бугунги кунда ҳунармандчилик билан ҳам бемалол рўзғор тебраца бўлади. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда қурилиш ишлари жуда кўп. Ҳар бир хонадонда тунука маҳсулотларига эҳтиёж топилади. Тоғам ҳунарга энди қўл урган пайтларимда: “ҳунарманд ҳеч қачон бойиб кетмаса ҳам, ҳар доим чўнтагида пули бўлади”, дерди. Чиндан ҳам, актёрлар ҳунармандларга нисбатан битта лойиҳада кўпроқ пул олиши мумкиндир. Лекин улар бирон лойиҳадаги ролини 10-15 кунда ижро этиб бўлгач, кейингисини кутишади. Ҳунарманд эса мунтазам равишда иш билан машғул бўлади.
**“Кинога аралашиб қолганим учун афсусланаман”**
— Кинодаги ноҳақликлар сабаб уни бир неча марта ташлаб кетишимга тўғри келган. Ҳунармандчиликда эса бундай эмас. Чунки ҳунармандлар растасида одамлар бир-биридан ҳеч нарсасини беркитмайди. Қайтага, ёрдам бўлсин деб, ҳеч бўлмаганда келиб фикрини айтиб, тавсияларини бериб кетишади. Мабодо, ясаган нарсангиз сал нотўғри чиқиб қолса, қўшни уста тўғрилашга кўмаклашади. Лекин бирон марта қилаётган ишини яширганини кўрмаганман.
Охирги пайтларда ичимдан “ҳунар билан кўпроқ шуғуллансам бўлар экан” деган фикр ўтмоқда. Нега деганда, бу соҳада мени ҳеч ким алдамаган. Аксинча, ёрдам беришган. Кино оламида кўп алдашгани учун бу соҳага аралашиб қолганимдан кўп афсусланаман. Кинога 20 йил вақтим кетди. Ўтиб кетган умрни эса ҳеч ким қайтариб беролмайди. Шундай бўлса ҳам, тунукачилик ҳунарини ўзлаштирганимдан хурсандман. Агар яна болаликка қайтиб, бошқатдан танлаш имкони бўлса, барибир шу ҳунарни танлаган бўлардим, дейди актёр ва ҳунарманд Музаффар Саъдуллаев.

