Лайфстайл

Голливуд афсоналарининг мухлисларни ҳамон мафтун этаётган ёшликдаги суратлари

Голливуд афсоналарининг ёшликдаги суратлари мухлисларни ҳамон ҳайратда қолдирмоқда. Бу актёрлар нафақат ташқи кўриниши, балки ўзига хос услуби ва харизмаси билан ҳам ажралиб турган. Ёшлигида улар доимо диққат марказида бўлган: кимдир вазмин, кимдир исёнкор, яна кимдир ҳақиқий эркаклик тимсоли эди.

Бугунги кунда уларнинг барчаси 70 ёшдан ошган. Ташқи кўриниш ўзгарган бўлса-да, уларнинг харизмаси сақланиб қолган. Айримлари ҳануз кино оламида фаол, бошқалари режиссёрлик билан шуғулланади, яна кимдир камералар эътиборидан четда ҳаёт кечирмоқда.

**Ҳаррисон Форд**

Индиана Жонс ва Хан Соло каби образлари уни томошабинларнинг севимлисига айлантирди. Ҳазилкаш табассуми, жиддий нигоҳи ва ўзига ишонган ҳаракатлари унинг ўзига хос қиёфасини яратган.

Форд ёши улғайганида ҳам кино оламидан чекинмади. У 80 ёшдан ошганида ҳам филмларда суратга тушишда давом этди. Актёр ёш кўринишга уринишдан кўра, ўз ёшини табиий қабул қилиши билан ҳам ажралиб туради. 2023-йилда Индиана Жонс ҳақидаги навбатдаги филм — “Индиана Жонс ва тақдир ғилдираги” экранларга чиқди. Форд унда яна бош қаҳрамон ролини ижро этди.

**Ричард Гир**

“Америкалик жиголо” филмидаги муваффақиятли ролидан сўнг у сирли ва ўзига тортувчи эркак образлари билан танилди. Кейинчалик “Гўзал аёл” филми эса Гирни Голливуднинг энг машҳур романтик актёрларидан бирига айлантирди.

Йиллар ўтиши билан Гир мустақил ва драматик лойиҳаларни кўпроқ танлай бошлади. У “Оскар” мукофотига эга бўлмаган бўлса-да, истеъдодли актёр сифатида обрў қозонди. Шахсий ҳаётида ҳам бир неча муҳим босқичларни бошдан кечирди. Актёр оилали бўлиб, фарзандларини тарбияламоқда ва ҳануз филмларда кўриниш бериб туради.

Гирнинг жозибаси фақат ташқи кўринишида эмас. Унинг ички дунёси ва ўзини тутиши ҳам томошабинларни ўзига жалб қилади.

**Дензел Вашингтон**

Баланд бўйи, келишган қомати ва таъсирчан нигоҳи уни бошқалардан ажратиб турарди. У 1980-йилларнинг бошида телевидениеда фаолиятини бошлаган, кейинчалик “Шон-шараф” филми орқали катта шуҳрат қозонган ва илк “Оскар” мукофотини олган.

Вашингтон “Малколм Х”, “Филаделфия”, “Тренинг куни” каби жиддий филмларда турли образларни ижро этди. “Тренинг куни” филми унга иккинчи “Оскар”ни олиб келди.

Ҳозирги кунда у экранда аввалгидан камроқ кўринади, бироқ режиссёр ва продюсер сифатида фаолиятини давом эттирмоқда. Унинг харизмаси ташқи кўринишдан кўра, кучли характери, интизоми ва ўзига бўлган ишончида намоён бўлади.

**Клинт Иствуд**

Ёшлигида Клинт Иствуд эркаклик тимсоли сифатида танилган. Баланд бўйи, озғин қомати ва ўзига хос нигоҳи билан у 1960-йилларда Серхио Леоне режиссёрлигидаги вестернларда машҳур бўлди. “Бир ҳовуч доллар учун”, “Яхши, ёмон, баджаҳл” каби филмлардаги камгап ва қатъиятли қаҳрамонлари уни бутун дунёга танитди.

Бироқ Иствуд фақат актёрлик билан чекланиб қолмади. 1970–80-йилларда режиссёрликка ўтди. “Кечирилмаган”, “Сирли дарё”, “Миллион долларлик болакай”, “Гран Торино” каби филмлари унинг режиссёр сифатидаги маҳоратини намойиш этди.

Бугун Клинт Иствуд шунчаки актёр эмас, балки бутун бир кино даврининг тимсоли. Унинг харизмаси қатъият, кучли ирода ва ўз йўлидан боришида намоён бўлади.

**Пирс Броснан**

Ирландияда туғилган актёр фаолиятини театр ва модел сифатида бошлаган. Аммо 1990-йилларда 007 агенти ролини ижро этгач, бутун дунёга танилди.

Броснан вақт ўтиши билан жанговар филмлардан ташқари комедия, драма ва романтик филмларда ҳам суратга тушди. У ёшини яширишга уринмайди, аксинча, оқарган сочлари ва ажинларини табиий қабул қилади.

Бугунги Броснан — тажрибали, вазмин ва келишган актёр. Унинг харизмаси ўзига бўлган ҳурмати ва ўзига хос услубида.

**Кевин Костнер**

Баланд бўйли ва бироз дағал қиёфали актёр 1980–90-йилларда ҳақиқий эркак тимсолига айланди.

У “Қўл етмаслар”, “Бўрилар билан рақс” каби филмларда суратга тушди. “Бўрилар билан рақс” филми унга актёр ва режиссёр сифатида иккита “Оскар” мукофотини олиб келди.

1990-йилларда Костнер “Тансоқчи”, “Робин Гуд: Ўғрилар шаҳзодаси”, “Уаятт Эрп” каби филмларда рол ижро этиб, Голливуднинг энг талабгир актёрларидан бирига айланди. Кейинчалик айрим лойиҳаларнинг муваффақияцизлиги сабаб унинг фаолиятида пасайиш кузатилди.

Аммо Костнер кино оламидан бутунлай йўқолмади. У яна филмларда суратга тушди, мусиқа билан шуғулланди. 2018-йилда эса “Еллоустон” сериалидаги Жон Дуттон роли унинг фаолиятида янги босқични бошлаб берди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.